
Сўнгги йилларда Туркия Суперлигаси Европа майдонларида ўз номини чиқарган таниқли футболчилар учун жозибадор манзилга айланди. Чемпионатда иштирок этаётган 18 та жамоанинг деярли барчаси таркибида машҳур юлдузлар бор. Бу ҳолат лиганинг рақобатбардошлигини ошириб, мухлислар қизиқишини янада кучайтирмоқда.
Янги мавсум олдидан ана шундай юлдузлар сафини ўзбекистонлик ҳужумчи Элдор Шомуродов ҳам тўлдирди. Қарийб беш йил давомида Италия чемпионатида тўп тепган тажрибали футболчи ҳозирда “Истанбул Башакшеҳир” жамоасининг асосий фигураси, етакчиси ва энг самарали тўпурари сифатида тан олинмоқда. 30 ёшли ҳужумчимиз Туркия чемпионатида тўпурарлар пойгасида яна пешқадамликка чиққани унинг нақадар юқори формада эканини кўрсатади.
Маълумотларга кўра, “Башакшеҳир” Шомуродовни “Рома”дан бир мавсумга ижарага олиш учун Италия клубига 3 миллион евро тўлаган. Қизиғи шундаки, бу сумма жамоадаги кўплаб футболчиларнинг тўлиқ трансфер қийматидан ҳам юқори. Жамоа таркибида дунёнинг 13 та давлатидан келган легионерлар бор бўлса, Ўзбекистондан икки нафар футболчи иштирок этмоқда.
Шомуродов нафақат клубда, балки Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам Аббосбек Файзуллаев билан бирга ҳужум чизиғининг асосий кучини ташкил этмоқда. “Башакшеҳир” 16-турдан кейин жами 22 та гол урган бўлса, шуларнинг 11 таси айнан Элдор ҳиссасига тўғри келади. Яъни жамоа голларининг тенг ярми унинг номи билан боғлиқ.
Яна бир аҳамиятли жиҳат — жамоа рўйхатидан ўрин олган 29 нафар футболчи орасида Шомуродов чемпионат бошидан бери ўтказилган 16 та учрашувнинг барчасида майдонга тушган ягона ўйинчи ҳисобланади. У Туркия чемпионатидаги илк голини “Бешиктош” дарвозасига урган бўлса, биринчи ва ҳозирча ягона дублини “Антальяспор”га қарши баҳсда қайд этган.
Элдорнинг голлари “Башакшеҳир”га тўртта ғалаба ва битта дуранг келтириб, жами 20 очкодан 13 тасини таъминлади. У Суперлигада дуч келган 16 та жамоадан ўнтасининг дарвозасини ишғол қилишга муваффақ бўлди. Ҳозирда унинг трансфер қиймати 5 миллион евро деб баҳоланмоқда ва бу кўрсаткич билан у жамоадаги энг қиммат ўйинчилар қаторида.
Статистикага назар ташласак, Шомуродов Суперлигада 1407 дақиқа ўйнаб, 11 та гол урган. Бу дегани, у ўртача ҳар 128 дақиқада биттадан гол ураётган самарали ҳужумчи ҳисобланади. “Башакшеҳир” эса унинг фаолиятидаги саккизинчи клубдир.
Умуман олганда, Элдор Шомуродов клублар даражасида барча турнирларда 366 та учрашув ўтказиб, 75 та гол ва 41 та голли узатма муаллифи бўлган. Шу билан бирга, у фаолияти давомида 21 та сариқ ва битта қизил карточка олган. Энг муҳими, Элдор Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихидаги энг сермаҳсул тўпурар сифатида ном қозонган. У 88 та халқаро учрашувда 43 та гол уриб, ҳар бир голи билан янги рекорд ўрнатиб келмоқда.
Қисқаси, Туркия Суперлигасида Элдор Шомуродов нафақат ўз клуби, балки бутун чемпионатнинг энг ёрқин фигураларидан бирига айланиб улгурди. Мухлислар эса ундан янада кўп голлар ва катта ютуқлар кутишмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.