date

Терренс Кроуфорд: чемпионликдан улуғроқ бўлган ҳиссиёт...

Терренс Кроуфорд: чемпионликдан улуғроқ бўлган ҳиссиёт...

Беш вазн тоифасида жаҳон чемпиони бўлишга муваффақ бўлган, мағлубият нималигини билмаган Терренс Кроуфорд (42-0, 31 KO) профессионал боксдаги фаолиятини якунлаш қарори ортида қандай туйғулар ётганини очиқчасига изоҳлаб берди. Афсонавий америкалик боксчи ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида мухлисларга юракдан чиққан сўзлар билан мурожаат қилди.

Кроуфорд таъкидлашича, ҳар бир жангчи фаолиятида бир кун келиб шу лаҳзага етиб келишини ҳис қилади, аммо айнан қачон эканини ҳеч ким олдиндан билмайди. Унинг сўзларига кўра, бутун умри давомида у муайян нарсани излаб яшаган, лекин бу мақсад на чемпионлик камарлари, на улкан гонорарлар ва на машҳурлик бўлган.

“Ҳақиқий қониқиш бошқа жойда эди, — деб ёзади Кроуфорд. — Бутун дунё сенга ишонмаганда, шубҳа қилганда ва сен уларнинг хато эканини исботлаганингда туғиладиган ҳиссиёт — мана шу энг катта ғалаба.” Боксчи жангларга нафақат ўзининг, балки оиласи, туғилиб ўсган шаҳри ва орзулари катта бўлган, аммо қўлида фақат бир жуфт қўлқопи бор бола номидан чиққанини таъкидлади.

Унинг сўзларида самимият ва миннатдорлик яққол сезилади. Кроуфорд боксга бутун борлиғини — ҳар бир нафасини, ҳар бир оғриқли машқни, ҳар бир жароҳатни, ҳар бир зафарни ва қалбининг барча ҳис-туйғуларини бағишлаганини айтиб ўтди. Бу спорт уни нафақат чемпион, балки кучли характер эгасига ҳам айлантирган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Терренс Кроуфорд сўнгги жангини ҳам буюк услубда якунлади. У Сауль “Канело” Альваресни мағлуб этиб, супер ўрта вазн тоифасида мутлақ жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган ҳолда рингни тарк этди. Бу ғалаба унинг буюк фаолиятига муносиб нуқта бўлди.

Бокс мухлислари учун Кроуфорд нафақат натижалар, балки руҳ, матонат ва ўз-ўзига ишонч тимсоли сифатида ҳам ёдда қолади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Терренс Кроуфорд: чемпионликдан улуғроқ бўлган ҳиссиёт...