
Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) йил якунларига кўра дунёнинг энг яхши дарвозабони номини эълон қилди. Унга кўра, ушбу нуфузли мукофот Жанлуижи Доннаруммага насиб этди. Италия миллий жамоаси ва «Манчестер Сити» посбони ўтган мавсумда кўрсатган барқарор ва ишончли ўйини билан мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.
Маълумот учун, Доннарумма ўтган мавсумни Франциянинг «ПСЖ» клубида ўтказиб, ёзги трансферлар даврида АПЛ гранди — «Манчестер Сити» сафига қўшилган эди. IFFHS рейтингида у жами 169 очко тўплаб, рақибларидан катта фарқ билан олдинга чиқди.
Дарвозабонларни баҳолашда мутахассислар халқаро ва миллий мусобақалардаги барча ўйинларни, ҳал қилувчи сейвлар, барқарорлик ва жамоага қўшган ҳиссани инобатга олган. Бу борада Доннарумманинг кўрсаткичлари энг юқори деб топилди.
Йилнинг энг яхши беш нафар дарвозабони қуйидагича шаклланди:
— 1-ўрин: Жанлуижи Доннарумма («ПСЖ» / «Манчестер Сити») — 169 очко
— 2-ўрин: Тибо Куртуа («Реал») — 65 очко
— 3-ўрин: Ян Зоммер («Интер») — 59 очко
— 4-ўрин: Мануэл Нойер («Бавария») — 50 очко
— 5-ўрин: Давид Райя («Арсенал») — 40 очко
Қайд этиш жоиз, Доннарумма ёш бўлишига қарамай, аллақачон Европанинг энг кучли посбонларидан бири сифатида тан олинган. Ушбу соврин эса унинг фаолиятидаги яна бир муҳим ютуқ сифатида тарихда қолиши шубҳасиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.