
Туркия Суперлигасининг 16-тури якунларига кўра, "Истанбул Башакшеҳир"нинг икки нафар ўзбекистонлик футболчиси — Элдор Шомуродов ва Аббосбек Файзуллаев тур рамзий жамоасига киритилди. Бу танлов уларнинг майдондаги юқори самарадорлиги ва ҳал қилувчи ҳаракатлари эътироф этилганини англатади.
Эслатиб ўтамиз, 16-тур доирасида “Башакшеҳир” ўз майдонида “Газиантеп”ни 5:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Ушбу учрашувда Шомуродов битта гол уриб, яна бир голга ассистентлик қилди. Файзуллаев ҳам рақиб дарвозасини ишғол этиб, жамоасининг йирик ғалабасига катта ҳисса қўшди. Айнан шу ўйиндаги ишончли ҳаракатлар икки футболчининг рамзий жамоага киришига асос бўлди.
Sofascore маълумотларига таянилган ҳолда тузилган 16-тур рамзий жамоасида нафақат ўзбекистонлик легионерлар, балки Туркия чемпионатида порлаётган бошқа бир қатор футболчилар ҳам жой олган. Хусусан, ҳужум чизиғида Шомуродов билан бирга Фелипе Аугусто ўрин олган.
Ярим ҳимояда эса Файзуллаевдан ташқари Ўғилжон Улгун, Габриэл Сара, Умид Гюнеш ваЮнус Акгюн каби футболчилар энг яхши кўрсаткичлар қайд этган.
Ҳимоя чизиғида Ҳрвое Смолчич, Лаутаро Гианнетти ва Арда Куртулан жой олган бўлса, дарвозабон сифатида Эртўғрул Тошқирон энг яхши деб топилди.

Мутахассислар фикрича, Шомуродов ва Файзуллаевнинг рамзий жамоага киритилиши тасодиф эмас. Улар нафақат голлар билан, балки жамоавий ўйин, ҳаракатчанлик ва тактик интизом билан ҳам ажралиб турибди. Бу эса “Истанбул Башакшеҳир”нинг ҳужумкор ўйинида ўзбекистонлик футболчиларнинг роли тобора ортиб бораётганини кўрсатади.
Мухлислар эса бу эътирофни миллий терма жамоа учун ҳам яхши хабар сифатида қабул қилмоқда — чунки легионерларимиз юқори савияда ўйнаб, ҳар тури ўз номини янада мустаҳкамламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.