
Туркия Суперлигасининг 17-тури доирасида «Газиантеп» устидан 5:1 ҳисобидаги йирик ғалабадан сўнг "Истанбул Башакшеҳир" ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов журналистлар билан мулоқот қилди.
Матбуот анжуманида унга тўпурарлар пойгасидаги ҳолати ҳақида савол берилди. Журналистлар Шомуродов айни пайтда голлар сони бўйича пешқадам эканини, шу жумладан Пол Онуачу, Мауро Икарди ва Андерсон Талиска каби номдор ҳужумчилар ундан ортда қолаётганини эслатиб, бу рақобат ҳақида фикрини сўрашди.
Ўзбекистонлик тўпурар эса саволга жуда хотиржам ва камтарона жавоб қайтарди:
“Тўпурарлик пойгасида бўлиш, албатта, ёқимли. Лекин мен учун энг асосийси — жамоанинг ғалабаси ва турнир жадвалида юқори поғоналарга кўтарилиш. Шахсий статистика эмас, умумий натижа муҳим”, — деди Шомуродов.
Эслатиб ўтамиз, «Газиантеп»га қарши баҳсда Элдор бир гол уриб, яна бир голли узатма муаллифи бўлди. Шу тариқа, унинг жорий мавсумдаги кўрсаткичи 12 та гол ва 3 та ассистга етди. Бу натижа билан у Туркия чемпионатида «гол+пас» кўрсаткичи бўйича мутлақ пешқадамга айланди.
Мутахассислар фикрича, Шомуродовнинг айнан жамоавий ўйинни биринчи ўринга қўйиши «Башакшеҳир»нинг сўнгги турларда барқарор натижалар кўрсатишига хизмат қилмоқда. Мухлислар эса унинг нафақат голлари, балки етакчилик фазилатларини ҳам алоҳида қадрламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.