Фабио Каннаваро: "Мундиалда фақатгина ютамиз, ҳеч нарса йўқотмаймиз"

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро жаҳон чемпионатига тайёргарлик, муаммо ва камчиликлар, рақиблар ҳамда бошқа масалалар борасида ўз фикрларини билдирди.
– Сиз футболчи сифатида жаҳон чемпионатида иштирок этгансиз. Энди эса мураббий сифатида Ўзбекистон билан мундиалга боряпсиз. Мураббий ва футболчи сифатида иштирок этишдаги асосий фарқ нимада?
– Йирик мусобақаларда мураббий ёки футболчи сифатида иштирок этиш бутунлай бошқа нарса. Агар сиз мураббий бўлсангиз, фақат ўзингиз ҳақингизда эмас, бутун жамоа ҳақида ўйлашингиз керак. Терма жамоада ҳар куни ҳам жамоа билан бирга бўла олмайсиз. Уларни доим бир ерга жамлай олмайсиз, чунки футболчилар клублари сафида кўпроқ вақт ўтказишади. Шунинг учун биринчи галда вазиятга тўғри ечим топиш керак. Масалан, улар билан учрашиш, гаплашиш, улар сизнинг лойиҳангизнинг бир қисми эканлигини ҳис қилдиришингиз жуда муҳим.Масалан, биз Дубайда йиғин ўтказяпмиз. Лекин аксарият футболчиларимиз ўз клублари сафида. Шунга қарамай, мен ҳар бирига қўнғироқ қилишга, гаплашишга, алоқада бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳа, албатта, бу осон эмас. Лекин шуни тушунишимиз керак: биз Жаҳон чемпионатида иштирок этамиз. Шу сабабли барчаси жуда муҳим.
– Ўзбекистон ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатида қатнашмоқда. Бу сиз учун қандай масъулият ва мотивация беради?
– Биласизми, илк Жаҳон чемпионати бу – аввало катта тажриба. Футболчилар учун ҳам, жамоа учун ҳам катта имконият. Мухлислар ҳам унда ўз жамоасидан яхши натижалар кутади. Чунки бу ўз номи билан жаҳон чемпионати. Мундиалда дебют қилиш, албатта, бу биз учун янги босқич, янги тажриба. Бу ерда биз ўрганишимиз, ўсишимиз ва тажриба олишимиз керак бўлган жиҳатлар кўп.Ҳа, албатта, кучли терма жамоаларга қарши майдонга тушамиз. Биз жаҳон чемпионатидамиз ва бу бизга катта тажриба беради. Мусобақада иштирок этиш орқали фақатгина ютамиз. Яъни улкан тажриба оламиз ва ҳеч нарса йўқотмаймиз. Шу сабабли ҳам майдонга ишонч билан тушишимиз, ўйиндан завқ олишимиз керак. Лекин шу билан бирга бир нарсани унутмаслигимиз шарт: биз ҳеч қачон таслим бўлмасдан, охирги сониягача курашишимиз шарт. Бу мундиал. Ундан завқланишимиз, лекин шу билан бирга ҳар бир дақиқада боримизни бериб ўйнашимиз керак.
– Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳақида дўстларингиз, юртдошларингиз ва сиз билан бир даврда тўп тепган авлод вакиллари қизиқиб сўраб туришадими?
– Ҳа, бу мавзуда гаплашамиз, албатта. Чунки ҳозир ҳамма Ўзбекистон билан қизиқяпти. Биласиз, жаҳон чемпионати нуқтаи назаридан биз кўпчилик учун янги жамоамиз. Осиёда ассоциация ўсиб боряпти. Футболчилар эса аста-секин Европада ўзини кўрсата бошлади. Бу албатта табиий жараён. Шунинг учун Ўзбекистон футболига қизиқиш бор. Одамлар қизиқади, савол беради: қандай ишлаяпсизлар, жараён қандай йўлга қўйилган? Бу оддий ҳолат, албатта, ва бундан ажабланмайман.
– Ўзбекистон МТЖни бир нечта учрашувда бош мураббий сифатида бошқариб бордингиз. Ушбу давр оралиғида жамоа ҳақида қандай таассурот пайдо бўлди ва жаҳон чемпионатига тайёргарлик жараёнида энг муҳим жиҳат нимада деб ҳисоблайсиз?
– Биласизми, энг муҳими – аввалги мураббийлар қолдирган тизимни, уларнинг ишларини йўқотиб қўймаслигимиз керак. Шу пойдевор сақланиб қолиши жуда ҳам муҳим. Лекин шу билан бирга биз ривожланишга, айрим кичик жиҳатларни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Балки бу ўзгаришлар майда туюлар, лекин майдонда улар катта аҳамият касб этади. Мен аниқ биламан, жамоада характер бор. Бизда жангчи характеридаги футболчилар бор ва бу менга жуда ёқади. Бирга ишлашимиз, бирга ўйнашимиз, керак бўлса қийинчиликларга қарши бирга туришимиз керак. Мен учун энг муҳим нарсалар шулар. Айни пайтгача ўтказган ҳар бир ўйинимизда мен шу руҳни кўрдим.Яна бир муҳим жиҳат – футболчилар майдонда қўрқмасдан ўйнаши керак. Мен уларнинг футболдан завқ олишларини, хато қилишдан қўрқмасликларини хоҳлайман. Улар майдонда нимадир қилишга уриниши керак. Агар биз фақат ҳимояланиш, "подбор" учун кураш ҳақида ўйласак... Ҳа, бу ҳам керак. Биз буни биламиз. Курашиш шарт. Аммо ўйинни ютмоқчи бўлсак, албатта вазият яратишимиз керак. Нимадир қилишга, вазият яратишга уриниш учун эса футбол ўйнашдан қўрқмаслик керак.
– Жаҳон чемпионати – оддий турнир эмас. Футболчилар бундай мусобақага руҳий жиҳатдан қай даражада тайёр бўлиши керак?
– Биласизми, бу масалада индивидуал ёндашишга тўғри келади. Тушунинг, ҳамма футболчи ҳар хил. Ҳамманинг организми, тайёргарлиги, менталитети бошқача. Лекин ҳамма битта нарсани тушуниши керак: биз май ёки июнга келиб, шунчаки битта тугмани босиш орқали тайёр бўлиб қолмаймиз. Бунга вақт ва тўғри тайёргарлик ва муносабат керак.Мен футболчилар билан бу ҳақда гаплашдим. Бизда жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийлар бор, диета, тўғри овқатланиш бўйича мутахассислар бор. Умуман олганда, жамоада яхши мутахассислар бригадаси ишлаяпти. Шу сабабли ҳар бир футболчи шуни англаб етиши керак: биз жаҳон чемпионати ҳақида ҳозирданоқ ўйлашни бошлашимиз шарт. Чунки беш ойдан кейин биз учун ниҳоятда муҳим турнир бошланади.
– Жаҳон чемпионати қуръа ташлаш маросимида иштирок этдингиз. Гуруҳимиз ва ушбу учрашувларга тайёргарлик режалари ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
– Ҳа, ҳаммага маълум, Колумбия, Португалия каби жамоаларга қарши ўйнаш – бу албатта осон бўлмайди. Улар топ терма жамоалар. Таркибида топ футболчилар, юқори савиядаги ўйинчилар бор. Шундай пайтда, албатта, бироз ҳаяжон бўлиши мумкин. Лекин шу билан бирга, биз ҳам ўз имкониятимизни, кучли томонларимизни биламиз. Жаҳон чемпионатида осон рақиб йўқ. Қуръада ҳам бизга кучли рақиблар тушди. Ҳаттоки, масалан, Конго ҳам гуруҳимизга қўшилиши мумкин. Уларнинг аксарият футболчилари Англия Премьер-лигасида ўйнайди. Демак, бу ҳам осон бўлади дегани эмас. Энг муҳими – биз тарих яратяпмиз. Биз шу ерда эканимиздан хурсанд бўлишимиз, фахрланишимиз керак. Шу билан бирга, мундиалдан завқ ола билишимиз, ундан тажриба олишимиз зарур. Албатта, ўз кучимизга ҳам ишонамиз ва майдонда нима бўлишини эса вақт кўрсатади.
– Сиз 2006 йилги жаҳон чемпионатида терма жамоангиз билан ғолибликни қўлга киритгансиз. Ўша мундиалдаги сардорлик ва футболчилик тажрибангиздан қайси жиҳатлар бугун мураббий сифатида сизга асқотмоқда?
– Биласизми, энг муҳими – ҳаммамизда битта мақсад, битта фалсафа бўлиши керак. Энг асосийси – жамоа бир бутун, бир оила бўлиши шарт. Агар кимдир жаҳон чемпионатига бориб, ўйинни индивидуал тарзда ютамиз деб ўйласа, бу имконсиз. Бундай мусобақаларда асосий нарса – жамоавийлик. Оддий жамоа билан топ даражадаги жамоалар ўртасидаги асосий фарқ ҳам мана шунда. Бир жамоа бўлиш деганда, шунчаки ўйиндан олдин мотивацион нутқ сўзлаш ёки ўйин вақтида бир-бирини руҳлантириш дегани эмас. Йўқ. Сиз ҳар доим, ҳар қандай вазиятда бирга ишлаш, қилаётган ишига, мураббийнинг ғоясига ишониш ва умумий орзу учун ҳаракат қилиш дегани. Мен учун энг муҳим нарса айнан шу.
– Март ойида FIFA Series турнири ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу мусобақа борасидаги фикрингиз.
– Ҳа, бу мусобақа жаҳон чемпионатига тайёргарлигимизнинг навбатдаги босқичи бўлади. Бу йиғинда ўйинимизга ва тайёргарлик режамизга янгиликлар қўшишга ҳаракат қиламиз. Лекин вақт чекланганлиги туфайли жуда кўп нарсани ўзгартиришга улгурмаслигимиз мумкин. Клуб мураббийи билан терма жамоа мураббийи ўртасидаги фарқ ҳам аслида мана шунда. Сизда атиги ўн кун вақт бўлади. Ва шу вақт ичида жамоага ёрдам берадиган энг керакли нарсаларни топиб, футболчиларга буни сингдиришингиз керак. Ҳар сафар ана шундай. Имконият бўлди деганда, биз жамоага фойда берадиган деталларни қўшишга ҳаракат қиламиз. Тайёргарлик эса одатдагидек давом этади.Биз Тошкентда, ўз уйимизда, ўз базамизда йиғин ўтказамиз. У ерда нафақат майдондаги ўйинни, балки жамоа атрофидаги барча жараёнларни ҳам яхшилашга ҳаракат қиламиз. Бизда майдонда битта жамоа бор — булар футболчилар. Лекин майдон ташқарисида ҳам яна битта жамоа: мураббийлар штаби, мутахассислар, ходимлар мавжуд. Улар ҳар доим тайёр бўлиши, майдонга тушадиган жамоа билан елкама-елка меҳнат қилиб бориши муҳим.Мен шундай ҳисоблайман: FIFA Series каби турнирлар менга жамоани ва ўйинимизни тушунишга ёрдам беради. Ҳатто хатолар орқали ҳам. Хато қилиш муҳим, чунки айнан хатолар орқали сиз ўсишга эришасиз. Олдинда бизни иккита ўйин кутяпти. Ўйлашимча, кучли жамоаларга қарши ҳақиқий рақобат бўлади.
– Январь ойида терма жамоага номзод футболчилар иштирокида ўқув-машғулот йиғини ўтказилди. Ушбу йиғинда асосий эътибор қайси жиҳатларга қаратилди ва ундан кўзланган мақсад нималардан иборат эди?
– Бу йиғин мен ва штабим учун жуда ҳам муҳим бўлди. Сўнгги тўрт ой давомида биз ички чемпионат доирасидаги жуда кўп ўйинларни кузатдик. Кўпроқ футболчиларни кўрдик ва бу йиғин улар билан бевосита ишлаш учун имконият яратди. Мен ҳар бир футболчи билан алоҳида гаплашдим. Чунки уларнинг фикрини ҳам билишни истайман. Уларга олдимизда жаҳон чемпионати ҳам, Осиё кубоги ҳам борлигини, демак, ҳамма тайёр бўлиши кераклигини тушунтирдим.Ҳар бир футболчи ўзини миллий терма жамоа лойиҳасининг бир қисми сифатида ҳис қилиши зарур. Чунки футболда ҳаммаси тез ўзгаради. Икки-учта жароҳат бўлиши ҳеч гап эмас. Масалан, ҳозир бир қатор футболчиларимиз афсуски жароҳат олишди. Шунинг учун ҳам футболчилар жаҳон чемпионатида қатнашиш учун ҳаммада имконият борлигини тушунишлари керак.Менимча, бу йиғин футболчилар учун жуда ҳам фойдали бўлди. Мен бу каби йиғинларда натижани биринчи ўринга қўймайман. Биз Хитойга қарши ўйинни ўтказдик. Ҳа, хатолар бўлди, лекин мен футболчиларнинг охирги сониягача таслим бўлмасдан курашганини кўрдим. Айнан шу руҳ жамоа учун энг муҳим нарса.
– Яқинда U-23 терма жамоамизнинг ўйинини кузатиш учун Саудия Арабистонига ҳам ташриф буюрдингиз ва йиғинга уч нафар ёш футболчи жалб этилди. Ёш футболчиларни селекция қилишда асосий эътибор қайси мезонларга қаратилади?
– Ҳа, мен учун ҳам энг муҳими аслида шу. Гап ёшда эмас, сифатда. Футболчининг неча ёшга кирганини эмас, унинг истеъдоди, жангчи сифатидаги характери муҳим. Агар футболчи 17 ёки 19 ёшда бўлса-ю, тайёр бўлса, демак у миллий жамоада бўлиши керак. Нега уни шунчаки ёши кичик деб U-20, U-23 жамоасида қолдиришимиз керак?Агар қайсидир ўйинни кўргани борсам, бу шунчаки ташриф эмас. Мен футболчини ўз кўзим билан, реал вазиятда, майдондаги ҳаракатларни кўришни хоҳлайман. Чунки сафарда бўлсам ҳам стадионларга боришни яхши кўраман. Ўйинни жонли кўришга ҳеч нарса етмайди. Уйда ўтириб, кетма-кет бир нечта видеони кўриш, ростини айтсам, мен учун зерикарли. Мен стадионга бориб, футболчини бевосита кузатишни авзал кўраман. Чунки баъзида жуда кичик деталлар бўлади ва уни видео орқали кўра олмайсиз. Айнан ўша майда жиҳатлар кейинчалик жуда муҳим бўлиб чиқади.
– Ўзбекистон футболи сиз аввал тўп тепган ва мураббий ишлаган мамлакатлар футболидан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?
– Ҳа, буни тўлиқ солиштириб бўлмайди. Лекин энг муҳим жиҳатлардан бири – ўйиннинг интенсивлиги. Интенсивлилик деганда шунчаки майдонда югуриш назарда тутилмайди. Бу тўғри ва ақлли позиция олиш, тўғри югуриш, ўйиннинг юқори темпига жисмонан ва тактик жиҳатдан тайёр бўлиш дегани. Турли мураббийларнинг фалсафаси турлича бўлиши табиий. Лекин футболчилар терма жамоага тайёр ҳолатда келишлари керак. Улар жисмонан, функционал жиҳатдан тайёр, 90 дақиқа юқори темпда ўйнашга қодир бўлишлари талаб этилади.
– Жаҳон чемпионати – ёш футболчилари учун катта саҳна. Уларга босимни енгишга ва ўз имкониятларини тўлиқ намоён этишда нималарга эътибор бериш керак?
– Ҳа, битта нарса бор. Ёшлар ҳеч кимга ҳеч нарсани исботлаши шарт эмас. Энг муҳими ўйиндан завқ олиши керак. Чунки сиз кимгадир ниманидир исботлашга мажбур эмассиз. Ўзингизни кўрсатишга уринганингизда сизда босим пайдо бўлади ва хато қилишингиз осонлашади. Агар сиз завқ билан футбол ўйнасангиз, эркинроқ бўласиз. Ҳа, сиз хато қилишингиз мумкин, лекин ўзингизни эркин ҳис қиласиз ва ҳақиқий ўйинингизни кўрсата оласиз. Мен футболчилардан доимо мана шуни талаб қиламан.Футбол бу мувозанат, баланс. Тўп билан ўйнаш, тўпсиз ўйнаш керак. Иккаласида ҳам баланс бўлиши керак. Агар сиз фақат тўп билан чиройли ўйнаш ҳақида ўйласангиз, масалан, "тики-така", Бразилия услубига ўхшаб... Лекин тўпни йўқотганингизда ҳаракат қилмасангиз, ичингиздаги тўпни олишга чанқоқликни, курашни кўрсатмасангиз, жуда қийин бўлади. Шунинг учун бизга баланс керак. Ҳар бир ўйин қийин бўлишини тушунишимиз лозим. Агар биз ғалаба қозонишни хоҳласак, охирги сониягача курашишимиз талаб этилади.
– Олдинда турган режалар?
– Менинг асосий мақсадим – жамоа ўйинини ривожлантириш. Футболчиларга ўз тажрибамни улашиш. Улар шуни тушунишларини хоҳлайман. Биз уларга ҳар куни машғулотлар ва ўзаро мулоқот орқали ёрдам бериб борамиз. Бу йиғинда мен кўплаб камчиликларни кўрдим. Хусусан, футболчилар тўпни қабул қилиш пайтида кичик хатоларга йўл қўйишмоқда. Шу каби кичик деталлар ўйинга таъсир қилади ва ўйинни қийинлаштириб юборади. Агар биз кичик деталларни ҳам тўғри бажарсак, барчаси осон ва қулай бўлади.Футбол шундай ўйинки, сиз вазиятларни олдиндан ўқишни ўрганишингиз керак. Мен футболчилардан вазиятни яхшироқ ўқишларини хоҳлайман. Менга майдонда фақат ўйнайдиган эмас, ўйинда нимадир содир бўлмоқда, уни доимий кузатиб, майдонни сканер қилиб, тўпни қабул қилишдан олдин кейинги ҳаракатига тайёр турадиган футболчилар ёқади. Футболчи ҳар доим ўйинда, яъни унинг ичида бўлиши керак. Чунки вазият ҳар сонияда ўзгариши мумкин. Мана шу каби деталлар устида ишлаш ва уларни футболчиларга етказиш муҳим ҳисобланади.Олдимизда катта мусобақа – мундиал турибди. Жаҳон чемпионати давомида барча мухлислар бизни кузатиб боради. Чунки бу узоқ кутилган турнир. Олдимизда тайёргарлик учун 3-4 ой вақт бор. Ҳаммага раҳмат. Жаҳон чемпионатида кўришгунча.
Манба: ЎФА матбуот хизмати