«Барселона»нинг чемпион бўлиш эҳтимоли «Реал»никидан юқори баҳоланди

Чемпионлик пойгаси қизиб турган бир паллада Opta ҳисоб-китоблари мухлисларнинг кайфиятига яна бир “ток” берди. Статистик портал суперкомпютери баҳосига кўра, "Реал"дан кўра айнан “кўк-анорранглилар”нинг чемпионликка яқинлиги юқорироқ кўриняпти.
Ҳаммаси сўнгги турдаги натижалардан кейин янада равшанлашди. Каталонияликлар ўз майдонида "Леванте"ни 3:0 ҳисобида ишончли тарзда енгиб, чемпионат жадвалида юқорига қайта кўтарилди. Бир кун аввал эса мадридликлар сафарда "Осасуна"га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, пешқадамликдаги позициясига “чизиқ” тушириб қўйди.
Шу фонга Ҳанс-Дитер Флик шогирдларининг жадвалда рақибини бир очкога ортда қолдиргани ҳам қўшилди. Яъни, битта баҳс — ва сценарий тубдан ўзгаряпти: кеча “ҳаммаси қийин” дейилса, бугун “ҳаммаси мумкин” деган кайфият.
Opta суперкомпютери ҳисоб-китобига кўра, айни пайтда “Барселона”нинг чемпионлик эҳтимоли 59,46 фоиз, мадридликларнинг имконияти эса 40,35 фоиз деб баҳоланган. Бу рақамлар бир нарсани айтяпти: пойга — икки отли, аммо тезлик ҳар турда алмашиши мумкин.
Қолган жамоаларга келсак, жумладан "Атлетико" ҳам 25-турдан сўнг деярли реал чемпионлик курашидан узоқлашиб қолгани қайд этилмоқда. Демак, интрига асосан “Эль Класико” кайфиятида — иккита гранд ўртасида давом этади.
Энг қизиғи — олдиндаги турларда ҳар бир очко “олтин”га айланади. Жамоалардаги жароҳатлар, танаффуслар, босим ва тақвим зичлиги ҳал қилувчи омилга айланиши мумкин. Қисқаси, мавсумнинг финал қисми энди бошланяпти: ким асабини ушлаб тура олса, ўша совринга яқинлашади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!