Бразилияда футбол ўйини 23 та қизил карточка билан тугади (видео)

Бразилиянинг Минейро штати чемпионати финали доирасида ўтган "Крузейро" ва "Атлетико Минейро" жамоалари ўртасидаги баҳс футбол тарихидаги энг шов-шувли воқеалардан бирига айланди. Учрашув "Крузейро"нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган бўлса-да, ўйиннинг асосий қисми эмас, балки ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалардаги тартибсизликлар бутун дунё матбуоти эътиборига тушди.
Можаро меҳмонлар дарвозабони Еверсоннинг сейвидан сўнг бошланди. У тўпни эгаллаб олгач, "Крузейро" ярим ҳимоячиси Кристиан билан тўқнашиб кетди ва рақибига нисбатан қўполлик ишлатиб, тизаси билан зарба берди. Ушбу ҳолат майдонда катта тортишувни келтириб чиқарди. Вазият шунчалик кескинлашдики, "Атлетико" ҳужумчиси Халк ҳам жанжалга аралашиб, "Крузейро" хавбеки Лукас Ромеронинг бошига зарба берди. Майдондаги тартибсизликни фақатгина полиция ходимларининг аралашуви билан тўхтатишга муваффақ бўлинди.
Ҳакамлар бригадаси ўйин якунида мисли кўрилмаган қарорга келди. Гарчи ўйин тенг таркибда якунланган бўлса-да, ҳакамлар жанжалда иштирок этган жами 23 нафар футболчини жазолашга қарор қилди. Ўйин баённомасида 23 та қизил карточка қайд этилгани футбол оламида камдан-кам учрайдиган ҳолатдир. Ушбу воқеа жамоаларнинг мавсумдаги омадсиз иштироки фонида янада оғриқли қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, "Атлетико" ҳам, "Крузейро" ҳам Бразилия А Сериясида 4 турдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Айни дамда жамоалар турнир жадвалида мос равишда 17 ва 19-ўринларни эгаллаб турибди. Ушбу жанжал клубларнинг руҳий ҳолатига ва келгуси ўйинларига қандай таъсир кўрсатиши мухлисларни хавотирга солмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!