World Boxing кубоги. Боксчи қизларимиз бугун ўз иштирокини бошлайди

Айни дамда World Boxing Cupнинг биринчи босқич баҳслари Бразилиянинг Фоз де Игуасу шаҳрида қизғин тарзда давом этмоқда. Мусобақанинг навбатдаги кунида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси вакилалари ўз иштирокларини бошлайди ва ҳал қилувчи босқичларга йўл олиш учун рингга кўтарилади.
Бугунги дастурда бир нечта муҳим жанглар белгиланган бўлиб, қизларимиз турли вазн тоифаларида куч синашади. Улар орасида нимчорак финал ва чорак финал босқичидаги қарама-қаршиликлар ҳам бор.
-51 кг вазн тоифасида Феруза Казакова Германия вакили Махи Клотзерга қарши нимчорак финал жангини ўтказади. Ушбу беллашув Тошкент вақти билан соат 19:15 да старт олади.
-48 кг вазнда Фарзона Фозилова Марокаш боксчиси Виссал Фахирга қарши чорак финалда рингга чиқади. Бу жанг тунги соат 01:00 га белгиланган бўлиб, ғолиба ярим финалга йўл олади.
Яна бир қизиқарли баҳс -65 кг вазнда бўлиб ўтади. Унда Навбаҳор Ҳамидова Швейцариялик Анна Женнига қарши нимчорак финалда иштирок этади. Бу учрашув 02:45 да бошланиши режалаштирилган.
Маълум қилинишича, кун давомидаги жанглар Тошкент вақти билан 19:00 ҳамда тунги 01:00 дан бошланади. Бу беллашувлар нафақат спортчиларимиз учун, балки мухлислар учун ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси маълумотига кўра, жамоа юқори натижаларга эришиш ва медаллар учун курашиш мақсадида пухта тайёргарлик кўрган. Энди эса барча эътибор рингдаги натижаларга қаратилган — ким олдинга қадам ташлайди, ким мусобақани тарк этади, буни жанглар ҳал қилади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!