Сами Хедира Ламине Ямалнинг кийиниш услубини танқид қилди

Барселона юлдузи Ламине Ямал жароҳати сабабли Реал Мадридга қарши кечган Эль Класико баҳсини майдон четидан кузатишга мажбур бўлди. Учрашув давомида ДАЗН телеканалида эксперт сифатида иштирок этган жаҳон чемпиони Сами Хедира ёш футболчининг кийиниш услубига нисбатан кескин ҳазил қилди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ферран Торрес Барселона ҳисобни 2:0 кўринишига келтирган паллада камералар трибунада ўтирган Ламине Ямалга қаратилди. Пушти рангли худи ва ноодатий сумкада кўриниш берган футболчини кўрган Сами Хедира: "Ламине Ямал бундан завқланмоқда. Унинг кийиниш услуби худди Леннарт Карлникига ўхшайди", дея киноя қилди.
Эслатиб ўтамиз, Бавария ёш футболчиси Леннарт Карл ҳам апрель ойида Чемпионлар лигаси доирасидаги Реал Мадридга қарши ўйинда шунга ўхшаш пушти рангли кийимда кўриниш бериб, жамоанинг фахрий президенти Ули Ҳоэнесс томонидан танқидга учраган эди. Хедира айнан шу ҳолатга ишора қилди.
Ламине Ямал апрель ойида олган мушак жароҳати туфайли мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади. Шунга қарамай, Барселона ЛаЛига чемпионлиги сари дадил одимламоқда. Иқтидорли футболчи жорий мавсумда барча мусобақаларда 45 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол ва 18 та ассист қайд этишга эришди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!