Букайо Сака танқидчиларга жавоб қайтарди: Арсенал энди чемпион

Арсенал юлдузи Букайо Сака жамоасининг руҳий ҳолатига шубҳа қилган ва уларни "муваффақиятни қўлдан бой берувчилар" деб атаган танқидчиларга кескин жавоб қайтарди. Англия Премер-лигасида узоқ кутилган чемпионликдан сўнг, Англия терма жамоаси аъзоси энди барча танқидчилар "яшириниш режимига" ўтаётганини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Сешанба оқшомида Манчестер Сити жамоасининг Борнмут билан дуранг ўйнаши натижасида Арсенал муддатидан олдин чемпионликни қўлга киритди. Бу ғалаба Шимолий Лондонда катта байрамга айланиб кетди. ТНТ Sportс нашрига берган интервюсида Сака сўнгги уч мавсум давомида Микел Артета жамоасига нисбатан айтилган салбий фикрларга тўхталиб ўтди.
"Ҳамма биз ҳақимизда нима деганини ва қандай шубҳалар бўлганини яхши биламиз. Биз буни уддаладик, энди эса роҳатланиш вақти келди. Одамлар яширинишни бошлашди, лекин биз уларни топамиз", — деди 24 ёшли вингер. Унинг сўзларига кўра, Арсенал очко йўқотса, бу бошқа клубларга қараганда кўпроқ ва бўрттириб муҳокама қилинган.
Сака жамоанинг аввалги муваффақиятсизликларидан сўнг ёпишган "йиғлоқилар" ва "бўшашганлар" деган тамғадан қутулганини билдирди. Унинг фикрича, жамоа энди танқидчиларга муносиб жавоб қайтариш ҳуқуқини қўлга киритди. Футболчи бу мавсумда жароҳатлар билан боғлиқ қийинчиликларга қарамай, жамоавий бирлик ғалаба келтирганини айтди.
"Охирги бир неча йил жисмоний жиҳатдан мен учун жуда оғир кечди ва бу ўйинимга ҳам таъсир қилди. Лекин мен ишончни йўқотмадим. Бу йил нафақат мен, балки бутун жамоа ва ходимлар учун синовли бўлди, бироқ биз бирга қолдик ва якунда мақсадга эришдик", — дея қўшимча қилди Букайо Сака.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!