Букайо Сака Муҳаммад Салах даражасига чиқиши учун нима қилиши керак?

Англия терма жамоасининг собиқ вингери Чрис Ваддле фикрига кўра, Арсенал юлдузи Букайо Сака ўз ўйинини кучайтириб, Муҳаммад Салах даражасига чиқиши учун сермаҳсулроқ бўлиши керак. Експертнинг таъкидлашича, Сака кўпроқ гол уриш ҳамда таваккал қилиш мақсадида ўнг оёғи устида ишлаб, жарима майдончаси ичига кўпроқ кириб бориши лозим.
Арсенал жамоасининг ёш юлдузи Букайо Сака сўнгги икки мавсумда Англия Премер-лигасида бор-йўғи 13 та гол уришга муваффақ бўлди. Англия терма жамоасининг собиқ вингери Чрис Ваддле ГОАЛ нашрига берган интервюсида Букайо Сака ўз ўйинини кучайтириши учун Муҳаммад Салах каби сермаҳсул бўлиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Арсенал узоқ кутилган чемпионликка эришган 2025-26-йилги мавсумда Букайо Сака 7 та гол урди. Ундан аввалги мавсумда эса 6 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган эди. Вингернинг энг яхши кўрсаткичи 2023-24-йилги мавсумга тўғри келади (16 гол). Ваддленинг фикрича, Букайо Сака кўпроқ гол уриш учун ўзининг ўнг оёғи устида ишлаши ва жарима майдончаси ичига кўпроқ кириб бориши лозим.
“Агар ўрнак олиш керак бўлса, Муҳаммад Салах энг яхши мисолдир. У доим гол уришга интилади ва таваккал қилишдан қўрқмайди. Муҳаммад Салах балки ҳимояда Букайо Сака каби кўп меҳнат қилмас, лекин ҳужумда доим керакли нуқтада пайдо бўлади. Букайо Сака ҳам чап қанотдан ҳужум ташкил этилаётганда узоқ устун ёнида тайёр туришни ўрганиши керак”, — дейди Чрис Ваддле.
Шунингдек, эксперт Англия терма жамоасининг 2026-йилги Жаҳон чемпионати учун таркиби ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. У Нони Мадуеке ўрнига Вест Хем сардори Джаррод Боуэн танланиши мантиқийроқ бўлишини айтди. Боуэн сўнгги уч мавсумда 38 та гол уриб, ўзининг барқарорлигини исботлаган.
Микел Артета қўл остида Арсенал янги чўққиларни забт этаётган бир пайтда, Букайо Сака каби етакчи футболчиларнинг самарадорлиги жамоанинг келгуси муваффақиятлари учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.































Изоҳлар 0
…