date

Бир мавсумда ҳам чемпион, ҳам аутсайдер: Марк-Андре тер Стегеннинг ғалати тақдири

Bir mavsumda ham chempion, ham autsayder: Marc-Andre ter Stegenning g‘alati taqdiri

Марк-Андре тер Стеген 2025/26-йилги мавсумда жуда кам ўйин ўтказган бўлса-да, футбол тарихида кам учрайдиган натижага эришди. 34 ёшли дарвозабон бир мавсумнинг ўзида икки хил жамоа сафида ҳам чемпионликни қўлга киритди, ҳам қуйи лигага тушиб кетиш аламини тотиб кўрди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.

Тер Стеген июн ойи охирига қадар Барселона клубидан ижара асосида Гирона сафида тўп сурмоқда. "Кўк-анорранглилар" бир неча ҳафта олдин Реал Мадридга қарши El Clasico баҳсида чемпионликни нақд қилган бўлса, Гирона шанба куни Элче билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаб, Испания иккинчи дивизионига тушиб кетиши расман тасдиқланди.

Бироқ, Германия терма жамоаси аъзоси Гирона муваффақиятсизлиги учун катта масъулиятни зиммасига олмайди. Қишки трансфер ойнасида жамоага қўшилганидан бери у бор-йўғи икки марта майдонга тушди: Гетафе билан дуранг ва январ охирида Реал Оведога қарши мағлубиятли ўйинда қатнашди. Сон қисмидаги жароҳат сабабли у мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборди ва АҚШ, Мексика ҳамда Канадада ўтадиган Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этмайди.

Ижарага кетишидан олдин ҳам Тер Стеген тиззасидаги жароҳат ва белидаги муаммолар туфайли узоқ вақт сафдан чиққан эди. Шу сабабли унинг келажаги сўроқ остида қолмоқда. Барселона билан шартномаси 2028-йилгача амал қилса-да, унинг Каталония клубида қолиши даргумон, чунки у асосий дарвозабон мақомини аллақачон Жоан Гарсиага бой бериб бўлган.

Mundo Deportivo нашри уни ҳатто "иссиқ картошка" деб атади. Хабарларга кўра, дарвозабоннинг маоши, жароҳатлар тарихи ва ёши туфайли уни сотиш анча мушкул вазифа бўлиб турибди. Тер Стегеннинг ўзи Барселонада қолишни истаётган бўлса-да, клуб раҳбарияти тезкор ечим топишига ишонмаяпти.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Бир мавсумда ҳам чемпион, ҳам аутсайдер: Марк-Андре тер Стегеннинг ғалати тақдири