Қирғизистонда йирик блекаут: бир нечта ҳудуд электрсиз қолди

Қирғизистонда йирик блекаут: бир нечта ҳудуд электрсиз қолди

Бугун, 17 июль куни Қирғизистоннинг бир қатор ҳудудларида электр энергияси кутилмаганда узилиб, кенг кўламли блекаут юз берди. Оқибатда пойтахт Бишкек ҳамда мамлакатнинг бир нечта вилоятларида минглаб аҳоли вақтинча электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда 24.kg нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, электр таъминотидаги узилишлар Бишкек шаҳри билан бир қаторда Чуй, Иссиқкўл, Норин ва бошқа ҳудудларга ҳам таъсир кўрсатган. Электр ўчиши сабаб айрим туманларда совуқ ва иссиқ сув таъминоти ҳам вақтинча тўхтаган. Шунингдек, светофорлар ишламай қолган, мобил алоқа ва интернетда узилишлар кузатилган, кўплаб лифтлар фаолияти ҳам тўхтаб қолган.

Қирғизистон миллий электр тармоғи” (НEСК) ОАЖ маълумотига кўра, ҳодисага 220 киловольтли иккита юқори кучланишли электр узатиш тармоғида юз берган авария сабаб бўлган. Хусусан, “Қораболта — Главная” ҳамда “Главная — Шу” электр узатиш линиялари фавқулодда тарзда ўчиб қолган.

Натижада электр тизимида юкламани автоматик камайтириш механизми ишга тушиб, мамлакатнинг турли ҳудудларида электр таъминоти узилган. Ҳозирда мутахассислар электр энергиясини босқичма-босқич тиклаш ишларини олиб бормоқда. Авария сабаблари юзасидан техник текширув давом этмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар