Халқаро нашр Нидерландия билан баҳсда оқсаган футболчиларимизни айтди

Халқаро нашр Нидерландия билан баҳсда оқсаган футболчиларимизни айтди

Жаҳон чемпионатининг расмий старти олдидан Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўзининг сўнгги жиддий синов-назорат учрашувини ўтказди. Мундиал бош совринига асосий даъвогарлардан бири ҳисобланган кучли Нидерландия терма жамоасига қарши кечган Нью-Йоркдаги драматик баҳсда вакилларимиз 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Рақибнинг етакчи ҳужумчиси Коди Гакпо томонидан белгиланган иккита пенальтини голга айлантиришига «оқ бўрилар»дан тажрибали Игорь Сергеев фақат бир маротаба жавоб қайтара олди. Ушбу учрашув якунлангач, хорижнинг нуфузли спорт экспертлари жамоаларнинг ҳаракатларини синчиклаб таҳлил қила бошлашди.

Хусусан, машҳур The World Inform нашри ушбу тарихий учрашувдан сўнг Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кўрсатган ўйини бўйича кенг қамровли таҳлилий мақолани эълон қилди. Нашрнинг таъкидлашича, Фабио Каннаваро шогирдлари июнь ойидаги иккинчи ўртоқлик учрашувида ҳам мағлубият аламини тотишди — бундан аввал вакилларимиз Канада термасига ҳам мағлуб бўлишган эди. Экспертларнинг фикрича, агар рақиб устози Рональд Куман футболчилари бутун кучлари билан ҳаракат қилганида, майдондаги "класс" ва даража фарқи сабабли ҳисоб анча йирик кўриниш олиши мумкин эди. Хорижлик таҳлилчилар мағлубиятда асосий сабабчи бўлган ва кутилган даражада ўйнай олмаган бир қатор футболчиларимизга 10 баллик тизимда жуда паст баҳоларни лойиқ кўришди:

Жаҳонгир Ўрозов — 3 балл

Ёш ҳимоячи учун бу учрашув ҳақиқий омадсизликка айланди. Ўйин бошиданоқ Дониэл Мален ундан осонлик билан ўтиб кетган бўлса, кейинроқ Ўрозов жарима майдони ичида Крисенсио Саммервиллга қарши қўполлик ишлатиб, биринчи пенальтига сабабчи бўлди. Жаҳонгир бутун ўйин давомида рақибнинг тезкор ва хавфли ҳужумчиларини жиловлай олмади.

Фаррух Сайфиев — 3 балл

Терма жамоамизнинг ўнг қанот ҳимоясида ҳам жиддий муаммолар кўзга ташланди. Нидерландияликлар юлдузи Коди Гакпо Сайфиевга қарши ҳеч қандай қийинчиликсиз ҳаракат қилиб, қанотдан бемалол хавфли узатмаларни амалга оширди. Фаррух майдондаги учта яккакурашнинг барчасида мағлуб бўлди, унинг ҳужумдаги ягона зарбаси эса рақиб ярим ҳимоячиси Френки де Йонгга тегиб қайтди.

Абдуқодир Ҳусанов — 3 балл

Марказий ҳимояда фаолият юритган Ҳусанов ўйин давомида бир нечта ижобий ҳаракатлари, жумладан, тўпни олиб қўйиш ва рақиб зарбасини дарвоза чизиғидан чиқариб юбориш билан ажралиб турган бўлса-да, учрашув сўнгида қўпол хатога йўл қўйди. У бурчак тўпи узатилаётган вазиятда Ян ван Хеккени итариб юборди ва бу жамоамиз дарвозасига иккинчи ҳал қилувчи пенальти белгиланишига олиб келди. Статистикага кўра, у олтита яккакурашдан фақат биттасида ғолиб чиққан.

Остон Ўрунов ва Аббосбек Файзуллаев — 3 балл

Мухлислар катта умид боғлаган ҳужумкор жуфтлик — Остон Ўрунов ва Аббосбек Файзуллаев ҳам майдонда бутунлай йўқолиб қолишди. Улар на марказий ҳужумчи Элдор Шомуродовни фойдали тўплар билан таъминлай олишди ва на ўзлари хавфли вазиятлар ярата олишди. Вазиятларнинг бирида Виржил ван Дейкнинг хатосидан сўнг юзага келган қулай имкониятдан ҳар икки футболчимиз ҳам фойдалана олмади. Вакилларимиз майдонда кўплаб узатмаларда хатоликка йўл қўйиб, дриблингларда тўпни рақибга топшириб қўйишди.

Ушбу аччиқ, аммо фойдали мағлубият терма жамоамиз мураббийлар штаби учун Жаҳон чемпионатининг расмий учрашувлари олдидан камчиликлар устида ишлаш учун яхши дарс бўлиши шубҳасиз. Миллий терма жамоамизнинг бўлажак мундиалдаги илк тарихий юришлари, таркибдаги энг сўнгги ўзгаришлар ва АҚШ яшил майдонларидан келадиган энг қайноқ хабарларни ҳамиша Замин саҳифаларида биз билан биргаликда кузатиб боринг!

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Shuhrat Razzakov
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар