Каннаваро: «Конгони мағлуб этиш учун бор кучимизни берамиз»

Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Конго Демократик Республикасига қарши учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этиб, бўлажак баҳс ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Италиялик мутахассис рақибнинг тажрибали ва жисмоний жиҳатдан кучли жамоа эканини таъкидлади. Шунга қарамай, Ўзбекистон терма жамоаси фақат ғалаба учун майдонга тушишини маълум қилди.
«Конго жуда яхши жамоа. Уларда тажриба бор ва футболчилари жисмоний жиҳатдан яхши тайёрланган. Аммо биз уларни мағлуб этиш учун ҳаракат қиламиз», — деди Каннаваро.
Бош мураббийнинг фикрича, Конгога қарши учрашув аввалги икки ўйиндан фарқ қилиши мумкин. Чунки Ўзбекистон дастлабки турларда жаҳон футболидаги энг юқори даражадаги рақибларга қарши майдонга тушди.
«Эртанги ўйин бошқача бўлади. Биз аллақачон жуда юқори савиядаги икки рақибга қарши ўйнадик. Охирги учрашув ҳам осон кечмади. Биз уни батафсил таҳлил қилдик», — дея қўшимча қилди у.
Каннаваро дарвозабонлар масаласига ҳам тўхталиб, биринчи баҳсда Ўткир Юсупов яхши ҳаракат қилганини таъкидлади.
«Биринчи учрашувда Юсупов яхши ўйин кўрсатди. Биз шунчаки бошқа дарвозабонимизга ҳам имконият беришни хоҳладик. Таркибимизда юқори даражадаги уч нафар дарвозабон бор», — деди мураббий.
Унинг айтишича, мураббийлар штаби жаҳон чемпионатида имкон қадар кўпроқ футболчига майдонга тушиш имкониятини беришга ҳаракат қилмоқда.
«Барча футболчиларга имконият беришга интиляпман. Чунки жаҳон чемпионатида тўпланган бундай тажриба ҳар бир ўйинчи учун жуда муҳим», — дея хулоса қилди Фабио Каннаваро.
Ўзбекистон терма жамоаси Конго ДРга қарши баҳсда турнирдаги илк ғалабасини қўлга киритиш ва мухлисларга муносиб натижа тақдим этиш учун майдонга тушади.































Изоҳлар 0
…