Мареска даврида «Манчестер Сити»да ким қолади, ким кетади?

«Манчестер Сити»да Пеп Гвардиола даври якунланиб, Энцо Мареска бошчилигида янги босқич бошланмоқда.
Жамоа ўтган мавсумда иккита совринни қўлга киритган бўлса-да, клуб раҳбарияти таркибни жиддий янгилашни режалаштирмоқда. City Xtra нашри ҳар бир футболчининг келажагини таҳлил қилиб, кимлар янги лойиҳанинг бир қисми бўлиши ва кимлар «Этиҳод»ни тарк этиши мумкинлигини баҳолади.
Дарвозабонлар
Жанлуижи Доннарумма — қолади
Италиялик дарвозабон ўтган ёзги трансфер ойнасининг охирида «Сити»нинг асосий посбонига айланган ва бутун мавсум давомида ушбу мақомни сақлаб қолган.
Маресканинг унинг ўйин услубига муносабати ҳозирча номаълум. Бироқ Доннарумманинг юқори маоши ва жамоадаги мавқеини ҳисобга олганда, унинг қолиши эҳтимоли жуда юқори.
Жеймс Траффорд — кетиши мумкин
Мареска ёш дарвозабонга асосий таркиб учун яна бир имконият бериши мумкин.
Шунга қарамай, Доннарумманинг жамоада қолиши кутилгани сабаб Траффорднинг мунтазам ўйин амалиёти учун бошқа клубга ўтиши эҳтимоли катта.
Маркус Беттинелли — қолади
Беттинелли 2027 йилгача янги шартнома имзолади. У яна бир мавсум жамоанинг учинчи дарвозабони вазифасини бажаради.
Ҳимоя чизиғи
Матеуш Нуньеш — қолади
Нуньеш асосий ўнг қанот ҳимоячиси сифатидаги мақомини сақлаб қолиши мумкин.
Бироқ «Манчестер Сити» бу позиция учун ёшроқ ва ривожланиш салоҳияти юқори бўлган янги футболчи изламоқда.
Рико Льюис — ижарага берилиши ёки кетиши мумкин
Клуб ўтган ёзда «Ноттингем Форест»нинг Льюис бўйича катта таклифини рад этган ва футболчи билан 2030 йилгача шартнома имзолаган эди.
Бироқ Гвардиола даврининг сўнгги қисмида у асосий таркибдаги ўрнини йўқотди. Мареска уни ижарага бериш ёки сотиш вариантини кўриб чиқиши мумкин.
Абдуқодир Ҳусанов — қолади
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳимоячиси ўтган мавсумда ўз иқтидорини тўлиқ намоён қилди.
Ҳусановнинг яккакурашлардаги маҳорати, тезлиги ва вазиятни тез тиклаш қобилияти юқори баҳоланмоқда. У ҳимоя марказида деярли исталган жамоадоши билан ишончли тандем ҳосил қила олади.
Ўзбекистонлик футболчи Мареска даврида ҳам «Сити» мудофаасининг муҳим аъзоси бўлиб қолиши кутилмоқда.
Макс Аллейн — ижарага берилиши мумкин
Аллейн 2026 йил январда «Уотфорд»даги ижарадан қайтиб, Карабао кубоги ярим финали ва Манчестер дербиси каби муҳим баҳсларда яхши ҳаракат қилди.
Бироқ Марк Гехи келганидан кейин унга имкониятлар камайди. Шу сабаб яна бир ижара эҳтимоли юқори.
Мануэль Аканжи — кетди
Швейцариялик ҳимоячи «Интер»даги бир йиллик ижараси давомида А Серия чемпиони бўлди.
Шундан кейин унинг шартномасидаги 15 миллион евролик мажбурий сотиб олиш банди автоматик равишда ишга тушди.
Рубен Диаш — қолади
Португалиялик ҳимоячининг «Реал Мадрид»га ўтиши ҳақида хабарлар тарқалди.
Бироқ Диашнинг етакчилик қобилияти, тажрибаси ва кийиниш хонасидаги нуфузи сабаб клуб уни сақлаб қолишни истайди.
Витор Рейс — қолади
Бразилиялик футболчи «Жирона»даги муваффақиятли ижарадан сўнг «Манчестер Сити»га қайтди.
У 2026/27 йилги мавсумда асосий таркибга тўлиқ жалб этилиши кутилмоқда.
Жон Стоунз — кетади
Англиялик ҳимоячининг шартномаси 2026 йил 30 июнь куни якунланади.
Томонлар келишувни узайтирмайди ва Стоунз эркин агент сифатида клубни тарк этади.
Марк Гехи — қолади
Гехи 2026 йил январда узоқ муддатли лойиҳанинг бир қисми сифатида жамоага қўшилган.
Клуб уни келгуси йилларда ҳимоя марказининг асосий футболчиларидан бири сифатида кўрмоқда.
Натан Аке — кетди
«Сити» январда жароҳатлар кўпайгани сабаб Аке бўйича келган таклифларни рад этган эди.
Бироқ рақобат кучайиши ва ўйин вақти камайиши мумкинлигини ҳисобга олган нидерландиялик ҳимоячи «Фенербаҳче»га кўчиб ўтди.
Йошко Гвардиол — қолади
Хорватиялик футболчига Германия ва Испания клублари қизиқиш билдирган.
Шунга қарамай, Гвардиол Манчестерда ўзини бахтли ҳис қилмоқда ва 2031 йилгача янги шартнома имзолашга рози бўлган.
Райан Айт-Нури — қолади
Жазоирлик ҳимоячи ўтган мавсумда Нико О’Рейлининг юқори формаси сабаб доимий ўйин амалиётига эга бўлмади.
Бироқ у камида яна бир мавсум клубда қолиши кутилмоқда.
Жош Уилсон-Эсбранд — келажаги ноаниқ
23 ёшли футболчи кетма-кет бешинчи мавсумни ижарада ўтказди.
У «Ковентри», «Кардифф» ва «Радомяк Радом» клубларида тўп тепди. Энди «Сити» унинг узоқ муддатли келажаги бўйича якуний қарор қабул қилиши керак.
Ярим ҳимоя
Нико О’Рейли — қолади
О’Рейли 2025/26 йилги мавсумда жамоанинг энг яхши футболчиларидан бири бўлди.
У 2030 йилгача шартнома имзолаган ва Англия терма жамоаси билан ЖЧ-2026да ҳам иштирок этди.
Родри — қолади
Испаниялик ярим ҳимоячининг «Реал Мадрид»га ўтиши ҳақидаги хабарлар бир неча йилдан буён тарқалмоқда.
Родри мундиал якунлангунига қадар келажаги ҳақида гапиришни истамади. Бироқ унинг «Этиҳод»да қолиши энг эҳтимолли сценарий бўлиб турибди. Янги шартнома борасида эса айрим ноаниқликлар бор.
Нико Гонсалес — келажаги ноаниқ
Гонсалеснинг ҳолати Родрининг келажагига боғлиқ.
Родри қолиши кутилгани сабаб Нико кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлиш учун доимий трансфер вариантини кўриб чиқиши мумкин.
Сверре Нипан — ижарага берилади
Нипан «Мидлсбро»даги қийин ижара мавсумидан сўнг январда «Сити» ёшлар жамоасига қайтган.
Унинг яна бир мавсумга Европанинг бошқа клубига ижарага юборилиши кутилмоқда.
Матео Ковачич — келажаги ноаниқ
Гвардиола ўтган мавсум охирида Ковачичга Нико Гонсалесдан кўра кўпроқ ишонч билдирди.
Бироқ хорватиялик футболчининг шартномаси тугашига 12 ой қолган ва келишувни узайтириш эҳтимоли паст. Клуб уни сотиш ёки яна бир мавсум сақлаб қолиш масаласини ҳал қилиши керак.
Калвин Филлипс — кетиши ёки ижарага берилиши мумкин
Филлипснинг «Манчестер Сити»да келажаги йўқ.
Муаммо шундаки, унинг 2028 йилгача шартномаси ва юқори маоши мавжуд. Шу сабаб футболчини доимий трансфер асосида сотиб оладиган клуб топиш осон бўлмайди.
Бернарду Силва — кетди
Португалиялик футболчининг шартномаси 2026 йил 30 июнда якунланди.
Келишувни узайтириш имконияти мавжуд эмас ва Бернарду жамоани тарк этди.
Тижани Рейндерс — келажаги ноаниқ
Нидерландиялик футболчи «Сити»да атиги бир тўлиқ мавсум ўтказди.
Клуб уни фаол равишда сотишни режалаштирмаяпти, аммо жуда катта таклиф келиб тушса, раҳбарият ўз қарорини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Клаудио Эчеверри — ижарага берилади
Эчеверрининг «Байер» ва «Жирона»даги ижара даврлари кутилганидек ўтмади.
Шунга қарамай, «Сити» уни юқори баҳолашда давом этмоқда. Футболчи катта эҳтимол билан яна ижарага берилади. Клуб уни фақат жуда катта маблағ ёки қулай қайта сотиб олиш банди билан сотиши мумкин.
Ҳужум чизиғи
Райан Шерки — қолади
Франциялик футболчи «Сити»даги биринчи мавсумидаёқ юқори савияда ўйнади.
У Кевин де Брёйне ўрнини босиши мумкин бўлган асосий номзодлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Фил Фоден — қолади
Фоден кетма-кет икки қийин мавсумни ўтказди ва Англиянинг ЖЧ-2026 таркибига ҳам киритилмади.
Шунга қарамай, клуб ўз тарбияланувчисига ишонч билдиришни ва унга янги шартнома таклиф қилишни режалаштирмоқда.
Жек Грилиш — кетиши ёки ижарага берилиши мумкин
«Требл» мавсуми қаҳрамонларидан бири бўлган Грилишга Мареска жамоасида муҳим ўрин топиш қийин бўлиши мумкин.
Унинг юқори маоши доимий трансферга тўсқинлик қилмоқда. Шу сабаб ижара варианти ҳам кўриб чиқилади.
Савио — кетиши мумкин
«Тоттенхэм» бразилиялик вингерни доимий трансфер асосида сотиб олишга жиддий қизиқмоқда.
«Сити» ўтган ёзда унинг Лондонга кетишига тўсқинлик қилган эди, аммо бу сафар клуб таклифларни эшитишга тайёр бўлиши мумкин.
Антуан Семеньо — қолади
Семеньо 2026 йил январда клубга қўшилган.
У узоқ муддатли режалар асосида олиб келинган ва асосий таркибда мустаҳкам ўрин эгаллаши кўзда тутилган.
Умар Мармуш — келажаги ноаниқ
Мисрлик ҳужумчи имконият берилган пайтда ўзини яхши кўрсатди.
Бироқ у Гвардиола режаларида доимий ўрин эгаллай олмади. Катта таклиф келиб тушса, Мармуш ўз келажагини қайта кўриб чиқиши мумкин.
Эрлинг Холанд — қолади
Испания матбуотида турли миш-мишлар тарқалаётган бўлса-да, норвегиялик ҳужумчининг жамоадан кетиши кутилмаяпти.
Холанд янги Мареска лойиҳасининг асосий юлдузи бўлиб қолади.
Жереми Доку — қолади
Бельгиялик вингер ўтган мавсумда фаолиятида яна бир катта қадам ташлади.
У аввалги мавсумларга нисбатан кўпроқ гол урди ва голли узатмалар амалга оширди. Клуб Докуга янги шартнома таклиф қилишни ҳам режалаштирмоқда.
Янги «Манчестер Сити»нинг ўзаги қандай бўлади?
City Xtra таҳлилига кўра, Мареска давридаги жамоанинг асосий ўзагини Доннарумма, Абдуқодир Ҳусанов, Рубен Диаш, Гвардиол, Гехи, Родри, О’Рейли, Шерки, Фоден, Доку ва Холанд ташкил қилиши мумкин.
Стоунз, Бернарду Силва, Аканжи ва Аке аллақачон кетган ёки кетиш арафасида. Траффорд, Льюис, Грилиш, Савио ва Филлипснинг келажаги эса ёзги трансфер ойнасининг асосий мавзуларидан бири бўлиши кутилмоқда.
Энцо Мареска олдида катта вазифа турибди: Гвардиоладан қолган кучли таркибни бузиб юбормасдан, уни ўз футбол ғояларига мос равишда қайта шакллантириш.































Изоҳлар 0
…