Бруно Гуимараес: Эрлинг Холанд Бразилияни босим остида қолдириш учун айёрлик қилмоқда

Жаҳон чемпионати нимчорак финал босқичи доирасидаги Бразилия ва Норвегия ўртасидаги учрашув олдидан эҳтирослар қизимоқда. Бразилия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Бруно Гуимараес рақиб ҳужумчиси Эрлинг Холанд томонидан билдирилган фикрларга муносабат билдириб, уни ўзига хос "айёрлик"да айблади. Унинг сўзларига кўра, норвегиялик юлдуз ўз жамоасидан босимни олиб ташлаш мақсадида беш карра жаҳон чемпионларини яққол фаворит сифатида кўрсатмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Эрлинг Холанд ўйиндан олдинги интервюларида Бразилияни фаворит деб атаган эди. Бироқ Бруно Гуимараес Казе ТВ телеканалига берган интервюсида бу шунчаки тактик юриш эканини таъкидлади. "У нима деяётганини жуда яхши билади ва бу борада анча айёр. У барча масъулиятни ўзларидан соҳибқиронларга, яни бизга юкламоқчи. Ростини айтсам, одамлар нима дейиши мен учун қизиқ эмас. Футбол майдонда ҳал бўлади, 11 га 11 ўйинда ҳамма нарса бўлиши мумкин", — деди бразилиялик футболчи.
Goal.com нашри хабарига кўра, Норвегия терма жамоаси тарихан Бразилия учун ноқулай рақиб ҳисобланади. Ўзаро тўқнашувларда скандинавияликлар икки бор ғалаба қозониб, икки марта дуранг қайд этишган. Шунга қарамай, Карло Анселотти шогирдлари ушбу нохуш анъанани бузишга ва чорак финал йўлланмасини қўлга киритишга аҳд қилганлар.
Холандни тўхтатиш режаси ва марказдаги дуел
Гуимараес Эрлинг Холанднинг хавфлилик даражасини юқори баҳолаб, уни Гарри Кейн билан бир қаторда дунёнинг энг яхши ҳужумчиларидан бири деб атади. Унинг фикрича, Бразилия ҳимояси учун асосий вазифа — тўпни норвегиялик тўпурарга етиб боришига йўл қўймасликдир. Ҳозирча турнирда бешта гол урган ҳужумчини зарарсизлантириш учун бразилияликлар "ҳужум пайтида ҳимояланиш" тактикасидан фойдаланмоқчи."Биз тўп унга етиб бормаслигини таъминлашимиз керак. У доимо назорат остида бўлиши шарт, чунки битта вазият ҳам ўйин тақдирини ҳал қилиши учун унга етарли. Бўш ҳудуд қолдирмаслик бизнинг асосий мақсадимиз бўлади", — дея қўшимча қилди ярим ҳимоячи. Бразилия лагерида рақибнинг стандарт вазиятлардаги устунлиги ва бўйдор футболчиларининг хавфи ҳам алоҳида таҳлил қилинган.
Ушбу учрашув нафақат икки жамоа, балки марказий майдондаги икки юлдуз — Бруно Гуимараес ва Мартин Одегаард ўртасидаги дуел билан ҳам аҳамиятлидир. Арсенал сардори Мартин Одегаардга қарши ўйнаш Бруно учун ўзига хос синов бўлади. Турнир давомида 44,4 км масофани босиб ўтган бразилиялик футболчи бу курашда устун келишига ишонмоқда.
Ушбу қарама-қаршиликнинг ғолиби жаҳон чемпионатининг чорак финалига йўл олади. Бразилия ўзининг техник устунлигига таянса, Норвегия интизомли ҳимоя ва Эрлинг Холанднинг индивидуал маҳоратидан умид қилмоқда. Ўйин кутилмаган воқеаларга бой бўлиши шубҳасиз, чунки ҳар икки жамоа ҳам ўз тарихида янги саҳифа очишни мақсад қилган.






























Изоҳлар 0
…