Эмилиано Мартинез Аргентина терма жамоасидаги фаолиятини якунлаш ҳақида ўйламоқда

Аргентина терма жамоасининг тажрибали дарвозабони Эмилиано Мартинез Жахон чемпионати-2026 финалидаги мағлубиятдан сўнг халқаро миқёсдаги фаолиятини якунлаш эҳтимоли борлигини маълум қилди. АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қилган турнир финалида Аргентина терма жамоаси Испанияга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб, чемпионлик унвонини ҳимоя қила олмади. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ушбу мағлубият 2022-йилги жаҳон чемпиони учун кутилмаган зарба бўлди. Эмилиано Мартинез ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали мухлислардан узр сўраб, бор кучини жамоа муваффақияти учун сарфлаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, кетма-кет икки бор жаҳон тожи соҳиби бўлиш ва тарихни қайта ёзиш орзуси амалга ошмагани унга руҳан оғир ботган.
Келажак ҳақидаги шубҳалар
33 ёшли дарвозабон ўз баёнотида терма жамоани тарк этиш ҳақида жиддий ўйлаётганини яширмади. "Ростини айтсам, ҳозирги оғриқни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Олдинга қандай ҳаракат қилиш, тўғри йўлни танлаш ва балки четга чиқиш вақти келган-келмагани ҳақида ўйлашим учун кўп нарса бор", — дея таъкидлади дарвозабон.Лионель Месси каби афсонавий жамоадошлари ҳали аниқ қарор қабул қилмаган бир пайтда, Мартинезнинг бундай баёноти Аргентина футбол жамоатчилигида катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Дарвозабон ўз мамлакати ва жамоадошларига ёрдам бериш учун қўлидан келган барча ишни қилганини, бироқ финалдаги муваффақиятсизлик уни руҳан чарчатиб қўйганини билдирди.
Эмилиано Мартинез 2022-йилда Қатарда ўтган Жахон чемпионатида Аргентина ғалабасига улкан ҳисса қўшган ва турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилган эди. Унинг ўзига хос характери ва пеналтилар сериясидаги маҳорати уни дунёнинг энг таниқли посбонларидан бирига айлантирган. Бироқ, 2026-йилги финалдаги мағлубият унинг терма жамоадаги келажагини сўроқ остида қолдирмоқда.
Ҳозирча Аргентина футбол ассоциацияси ёки мураббийлар штаби дарвозабоннинг эҳтимолий истеъфоси борасида расмий муносабат билдирмади. Мутахассисларнинг фикрича, Мартинез ҳали юқори савияда ўйнашга қодир, бироқ руҳий ҳолат ва янги мотивация топиш масаласи унинг якуний қарорида ҳал қилувчи рол ўйнайди.






























Изоҳлар 0
…