Ламин Ямал исмининг сири кўпчиликни ҳайратга солди

Сўнгги кунларда Ламин Ямал ҳақида тарқалган бир маълумот ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Маълум бўлишича, кўпчилик ўйлаганидек, «Ямал» унинг фамилияси эмас.
Футболчининг тўлиқ исми Ламин Ямал Насрауи Эбана бўлиб, бу ерда Насрауи — отаси, марокашлик Мунир Насрауидан, Эбана эса онаси, экваториал гвинеялик Шейла Эбанадан ўтган фамилиялардир. Бу Испанияда кенг тарқалган анъана бўлиб, фарзанд одатда ота ва онасининг фамилиясини биргаликда олади.
Хўш, унда нега у айнан Ламин Ямал номи билан танилган?
Испания ОАВларида ёзилишича, бу исм футболчининг ота-онаси ҳаётидаги унутилмас воқеа билан боғлиқ. Мунир Насрауи ва Шейла Эбана ёшлигида оғир молиявий аҳволга тушиб қолган, ҳатто ижара ҳақини тўлашга ҳам қийналган. Ана шундай пайтда Ламин ва Ямал исмли меҳрибон эр-хотин уларга бошпана бериб, оғир кунларни енгиб ўтишларига ёрдам берган.
Ота-онаси ўзларига қийин кунларда ёрдам қўлини чўзган инсонларга ҳурмат ва миннатдорлик рамзи сифатида ўғлига Ламин Ямал деб исм берган.
Бугун у дунё футболининг энг ёрқин истеъдодларидан бири сифатида айнан Ламин Ямал номи билан танилган. Демак, «Ямал» унинг фамилияси эмас, балки ота-онасига энг оғир дамларда ёрдам берган инсонларга бўлган чуқур миннатдорлик ва ҳурмат рамзидир.
Ламин Ямал 2007 йил 13 июлда Испаниянинг Эсплугес де Льобрегат шаҳрида туғилган.






























Изоҳлар 0
…