Барселона Ферран Торрес трансферига тайёр

Испаниянинг Барселона клуби ҳужумчи Ферран Торрес ўз хоҳишини очиқ билдирган тақдирда унинг трансфери бўйича музокараларга тайёр еканини маълум қилди. Бироқ каталонияликлар раҳбарияти футболчи арзон нархда сотиб юборилмаслигини қатъий таъкидлаб, фақат бозор қийматига мос келадиган салмоқли таклиф тушса унинг йўлини тўсмасликка қарор қилган.
Испаниянинг Барселона клуби ҳужумчиси Ферран Торреснинг келажаги ёзги трансфер ойнасининг энг қизғин мавзуларидан бирига айланмоқда. Marca нашри тарқатган маълумотларга кўра, каталонияликлар футболчи ўз хоҳишини очиқ билдирган тақдирда унинг трансфери бўйича музокараларга тайёр эканини маълум қилди. Бироқ жамоа раҳбарияти испаниялик ҳужумчи арзон нархда сотиб юборилмаслигини қатъий таъкидламоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Ҳозирги вақтда Барселона футболчининг қарорини кутиш режимида турибди. Оғир мавсумдан сўнг қисқа муддатли таътилга чиққан Торрес ҳали клуб раҳбариятига келаси мавсумдаги режалари ҳақида аниқ фикр билдиргани йўқ. Клуб бошқаруви унинг шартномасини узайтиришни таклиф қилишга тайёр, бироқ футболчи ўзи кетишни талаб қилса ва муносиб молиявий таклиф тушса, унинг йўлини тўсмасликка қарор қилган.
Парижликларнинг жиддий қизиқиши
Франциянинг PSJ клуби Ферран Торресни ўз сафига қўшиб олишни истаган даъвогарлар орасида яққол пешқадам бўлиб турибди. Парижликлар ҳали расмий таклиф билан чиқмаган бўлса-да, трансфер бўйича жиддий музокараларга киришишга тайёргарлик кўрмоқда. Барселона раҳбарияти эса PSJ молиявий жиҳатдан анча юқори маош таклиф қилишга қодир эканини яхши тушунади.Шунга қарамай, Каталония клуби футболчини ушлаб қолиш учун ортиқча молиявий курашга киришиш ниятида эмас. Агар француз клуби футболчининг бозор қийматига мос келадиган салмоқли таклифни тақдим этса, томонлар келишувга эришиши мумкин. Торреснинг амалдаги шартномаси 2027-йилнинг июнига қадар мўлжалланган бўлиб, унинг нархи клуб учун муҳим аҳамият касб этади.
Ханс-Флик режаларидаги ўрни
Бош мураббий Ханс-Флик ўзининг спорт лойиҳасида Ферран Торресга катта умид боғламоқда ва уни жамоанинг асосий футболчиларидан бири сифатида кўрмоқда. Хусусан, Барселона ёзда Жулиан Алваресни ўз сафига қўшиб ололмагани сабабли, Торрес марказий ҳужумчи позициясида янада муҳим аҳамият касб этмоқда.Ҳужумчи ўтган мавсум давомида 49 та учрашувда майдонга тушиб, 21 та гол урди ва 3 та голли узатмани амалга оширди. Шунингдек, у Испания терма жамоаси сафида ҳам муҳим натижаларга эришиб, ўзининг юқори савияли ўйин намойиш этишини исботлади. Футболчининг ўзи эса қийинчиликларга қарамай меҳнат қилишда давом этишини ва доимо ишонч билан олдинга интилишини таъкидлаб ўтди.






























Изоҳлар 0
…