Барселона чап қанот ҳимоясида муаммога дуч келди

Барселонанинг чап қанот ҳимоячиси Александро Балде жисмоний муаммолар сабаб мавсумолди тайёргарлик машғулотларида тўлиқ қатнаша олмади ва ҳозирча бир дақиқа ҳам майдонга тушмади. У Бирмингемга қарши ўртоқлик учрашуви ҳамда жамоа ўтказган иккита синов баҳсини ўтказиб юборди, футболчининг жароҳати эса шифокорлар ва мураббийлар штаби томонидан сир тутилмоқда.
Испаниянинг Барселона клуби янги мавсум олдидан таркибни шакллантириш жараёнида жиддий муаммога дуч келди. Хусусан, жамоанинг чап қанот ҳимояси чизиғида ноаниқликлар сақланиб қолмоқда, бу эса бош мураббий Ханси Фликнинг режаларига ўз таъсирини ўтказмоқда. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
АС нашри тарқатган маълумотларга кўра, жамоанинг асосий умидларидан бири бўлган Александро Бальде жисмоний муаммолар сабабли мавсумолди тайёргарлик машғулотларида тўлиқ қатнаша олмади. Футболчи ҳозирча бир дақиқа ҳам майдонга тушгани йўқ, бу эса клуб мухлислари ва мутахассисларни хавотирга солмоқда.
Жароҳат сир тутиляпти
Александро Бальде Бирмингемга қарши ўртоқлик учрашувини ҳамда Ханси Флик шогирдлари ўтказган иккита синов баҳсини ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шифокорлар ва мураббийлар штаби футболчининг ҳолати борасида сир сақлаётгани вазиятни янада чигаллаштирмоқда.ОАВ хабарларига кўра, футболчининг соғлиғидаги муаммолар бел қисмидаги чурра асоратлари ёки қов соҳаси оғриқлари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Охирги вариант мураббийлар учун янада жиддий бош оғриғига сабаб бўлади, чунки бундай жароҳатлар тикланиш жараёнини чўзиб юборади.
Имкониятни бой бериш хавфи
Ўтган мавсумда Жоау Канцелу жамоага келиб қўшилгач, Бальде асосий таркибдаги ўрнини йўқотиб қўйган эди. Шунингдек, у жаҳон чемпионатида ҳам майдонга туша олмаганди. Шу маънода, мавсумолди йиғинлари футболчи учун ўз мавқеини тиклаб олиш ва Ханси Фликнинг ишончини қозониш учун идеал имконият эди.Немис мутахассиси ўтган мавсумдаёқ Бальденинг салоҳияти юқорилигини таъкидлаб, унинг ўйин даражасини янада ошириши кераклигини бир неча бор айтган эди. Бироқ кутилмаган жисмоний муаммолар ёш ҳимоячининг ўзини кўрсатишига тўсқинлик қилмоқда ва унинг янги мавсумдаги истиқболи сўроқ остида қолмоқда.






























Изоҳлар 0
…