Инфантинога қўйилган оғир айбловлар: ФИФА расмий баёнот билан чиқди

FIFA Жанни Инфантинонинг УЕФАда ишлаган даврида собиқ ходимасига товон пули тўлангани ҳақидаги айбловларни ҳақиқатга зид деб атаб, барча жараёнлар қонуний кечганини билдирди. Ташкилот Инфантинонинг ҳаракатлари юзасидан УЕФА ёки FIFA ходимларидан ҳеч қандай шикоят бўлмаганини таъкидлади. Те Телеграпҳ эса собиқ ходиманинг маоши 30 фоизга оширилгани, унга 6 хонали рақамларда компенсация ва МБА дастури учун 45 минг фунт тўлаб берилгани ҳақида хабар берган.
Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) ташкилот президенти Жанни Инфантинонинг УЕФАда ишлаган даврида собиқ ходимасига товон пули тўлангани ҳақидаги айбловларга нисбатан расмий баёнот берди. Манбаларга кўра, ФИФА раҳбарияти ОАВда тарқалган бу хабарларни ҳақиқатга зид деб атади.
Аввалроқ Британиянинг The Telegraph нашри Инфантино УЕФА Бош котиби бўлган даврда собиқ севгилисига йирик миқдорда товон пули тўлатгани ва унинг қимматбаҳо ўқиш харажатларини қоплаб бергани ҳақида суриштирув эълон қилган эди.
ФИФАнинг расмий баёноти: «Ҳеч қандай шикоят бўлмаган»
Жаҳон футбол ташкилоти мазкур айбловларни кескин рад этиб, барча жараёнлар қонуний кечганини таъкидлади:
«ФИФА президенти Жанни Инфантино ушбу айбловларни тўлиқ рад этади, улар ҳақиқатга тўғри келмайди. Низом ёки қоидалар бузилгани ҳақидаги ҳар қандай тахминлар шунчаки туҳмат ҳисобланади.
УЕФА ёки ФИФАнинг бирор-бир ходими Инфантинонинг ҳаракатлари юзасидан ҳеч қачон шикоят қилмаган. Чунки у билан боғлиқ ҳеч қандай салбий ҳодиса содир бўлмаган.
Барча кадрлар бўйича қарорлар, жумладан, ишдан бўшатиш ва ишдан кетиш нафақаларини тўлаш ваколатли раҳбарлар томонидан амалдаги қоидаларга қатъий риоя қилинган ҳолда тасдиқланган», — дейилади ФИФАнинг расмий баёнотида.
Можаро негизида нима ётибди?
Эслатиб ўтамиз, The Telegraph нашри ўз суриштирувида Инфантино ва УЕФАнинг собиқ ходимаси ўртасидаги ишқий муносабатлар туфайли аёлнинг маоши 30 фоизга оширилгани, кейинчалик манфаатлар тўқнашуви ортидан УЕФА томонидан унга 6 хонали рақамларда компенсация ва MBA дастури учун 45 минг фунт тўлаб берилгани ҳақида хабар тарқатган эди.
ФИФАнинг ушбу раддиясидан сўнг воқеалар ривожи қай томонга ўзгариши футбол жамоатчилигининг диққат марказида бўлиб турибди.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…