Мактаб ва шифохона биноларини сотиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланмоқда

“Адолат” партияси таълим ва тиббиёт муассасаларига тегишли ер майдонлари ҳамда биноларни сотиш, хусусийлаштириш ёки бошқа шаклда бегоналаштиришни тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда. Ташаббусга Тошкент шаҳридаги 243-мактаб биноси 2020 йилда ауксионсиз сотилгани, Боровский номидаги собиқ тиббиёт коллежи ва Низомий номидаги университет бинолари ҳамда ер майдонлари электрон савдога чиқарилгани сабаб бўлган.
Социал-демократик “Адолат” партияси таълим ва тиббиёт муассасаларига тегишли ер майдонлари ҳамда биноларни сотиш, хусусийлаштириш ёки бошқа шаклда тасарруфдан чиқаришни тақиқлашни таклиф қилди.
Партия бу ташаббусни мамлакатда мактаблар ва боғчаларга эҳтиёж юқори бўлиб турган бир пайтда таълим ва тиббиёт объектлари ерлари савдога қўйилаётгани билан изоҳламоқда. Айниқса, пойтахтда ер нархи юқори бўлган шароитда бундай ҳолатлар жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлмоқда.
Мисол сифатида Тошкент шаҳридаги 243-мактаб биноси 2020 йилда аукционсиз сотилгани, шунингдек, Боровский номидаги собиқ тиббиёт коллежи ва Низомий номидаги университет бинолари ҳамда ер майдонлари электрон савдога чиқарилгани тилга олинган.
“Адолат” партиясига кўра, бу фақат кўриниб турган ҳолатлар бўлиши мумкин. Охирги йилларда шунга ўхшаш яна қанча объект таълим ва тиббиёт баланси ҳисобидан чиқарилгани номаълум.
Партия ҳозирда таълим ва тиббиёт муассасалари ерлари ҳамда биноларини сотиш, хусусийлаштириш ёки бошқа шаклда бегоналаштиришни тақиқловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини маълум қилди. Бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилаш ҳам таклиф этилмоқда.
Шунингдек, ҳукумат охирги йилларда таълим ва тиббиёт тизими балансидан чиқарилган барча объектларни тўлиқ хатловдан ўтказиши кераклиги таъкидланди. Агар қонунбузилишлар аниқланса, тегишли чоралар кўрилиши лозим.
Инвестиция киритиш шарти билан сотилган, аммо мажбуриятлар бажарилмаган ёки объектнинг мақсадли йўналиши ўзгартирилган ҳолатларда эса бундай бинолар ва ер майдонлари давлатга қайтарилиши таклиф қилинмоқда.































Изоҳлар 0
…