16-0 серия билан порлаган : 221 кун комада ётган Притчард Колон ҳаётдан кўз юмди

Пуерто-риколик боксчи Притчард Колон 33 ёшида, 22 ёшида рингда олган оғир мия жароҳати оқибатида вафот этди. У профессионал фаолиятида 16-0 рекорд қайд этиб, 13 та нокаут билан ғалаба қозонган. 2015 йилнинг октябр ойида Террел Уилямсга қарши жангдан сўнг мияга қон қуйилиши ва субдурал гематома ташхиси қўйилиб, 221 кун комада ётди.
Жаҳон бокс олами оғир ва юракни ларзага солувчи йўқотишга учради. 22 ёшида рингда олган даҳшатли мия жароҳати оқибатида фаолияти фожиали якунланган пуэрто-риколик истеъдодли боксчи Притчард Колон 33 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди.
Бу ҳақда спортчининг кўп йиллик матонатига гувоҳ бўлган ва уни бир лаҳза ҳам ёлғиз қолдирмаган отаси Ричард Колон ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
«Энди у яхшироқ оламда»: Отанинг юракни эзувчи сўзлари
Притчарднинг отаси ўғлининг сўнгги орзуси ва мухлисларнинг беқиёс қўллаб-қувватлови ҳақида тўхталар экан, қуйидаги сўзларни ёзиб қолдирди:
*«Афсуски, ўғлим Притчард бу дунёни тарк этди. Энди у яхшироқ, азоб-уқубатларсиз оламда. Мен унинг энг катта истаги ва орзусини амалга ошириш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим — у Пуэрто-Рикога таътилга боришни жуда ҳам хоҳларди, бироқ буни уддалай олмадик.
Шунча йиллар давомида кўрсатган самимий муҳаббатингиз ва тўхтовсиз дуоларингиз учун барчангизга раҳмат. Илтимос, бизнинг оиламиз учун дуо қилишда давом этинг»*, — деди Колон-катта.
16-0 рекорди ва ҳаётни остин-устун қилган қоидабузарлик
Притчард Колон ўз вақтида жаҳон боксининг энг ёрқин ва келажаги порлоқ юлдузларидан бири сифатида эътироф этилган эди. У профессионал рингда 16 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба (13 та нокаут) қозонган ва мағлубият нималигини билмай келаётганди.
Бироқ 2015 йилнинг октябрь ойида америкалик Террел Уильямсга қарши кечган баҳс барчасини ўзгартириб юборди. Рақиб жанг давомида бир неча бор бокс қоидаларини қўпол равишда бузиб, Колоннинг гарданига (бошнинг орқа қисмига) тақиқланган зарбаларни берди. 9-раунд якунида эса боксчининг бурчагида юз берган тушунмовчилик туфайли унинг қўлқопини ечиб олишди ва Притчард техник дисквалификация сабабли мағлуб деб топилди.

221 кунлик кома ва ногиронлик аравачасидаги матонат
Жанг якунланиб, кийиниш хонасига кирган Колон тўсатдан қаттиқ бош айланиши ва кўнгил айнишини ҳис қилиб, ҳушини йўқотди. Шифохонага шошилинч етказилган спортчига мияга қон қуйилиши ва субдурал гематома ташхиси қўйилди.
Шошилинч бош мия операциясидан сўнг Колон 221 кун давомида комада ётди. Ҳаёт учун кечган оғир курашдан кейин у ҳушига келган бўлса-да, мустақил ҳаракатланиш ва гапириш қобилиятини йўқотиб, умрининг қолган 11 йилини махсус парвариш ва ногиронлик аравачасида ўтказишга мажбур бўлди.

Унинг фожиаси бутун дунё бўйлаб боксда бошнинг орқа қисмига бериладиган зарбаларга қарши жазо чоралари кучайтирилишига («Притчард Колон қоидаси») туртки бўлган эди. Притчарднинг тақдири спорт тарихида мардоналик ва оилавий фидойилик рамзи сифатида мухлислар хотирасида қолади.
Фикрингизни изоҳлар бўлимида қолдиринг ва мақолани Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали танишларингизга улашинг.































Изоҳлар 0
…