Туркияда «Олтин бутса»ни ким олади? СИ ким нечта гол уришини ҳисоблаб чиқди

Сунъий интеллект прогнозига кўра, Туркия Суперлигасининг 2026/2027 йилги мавсумида «Олтин буца»ни 25 та гол билан Виктор Осимхен қўлга киритиши мумкин. Биринчи турда «Чорум»га қарши дубл қайд этган Осимхен «Галатасарой»нинг 2:2 ҳисобидаги дурангида жамоасининг ҳар икки голини урди. Рейтингда Пол Онуачу 23 та, Душан Влахович 20 та, Ромелу Лукаку 19 та ва Муҳаммад Салоҳ 18 та гол билан кейинги ўринларни эгаллаган.
Туркия Суперлигасининг 2026/2027 йилги мавсуми кутилмаган натижа билан старт олди. Амалдаги чемпион «Галатасарой» лига дебютанти бўлган «Чорум» клуби билан беллашувда 2:2 ҳисобида дуранг қайд этди. Истанбул гранди сафида ҳар икки голни нигериялик маҳоратли форвард Виктор Осимхен киритди.
Бу йилги чемпионат ўзининг юлдузли таркиби билан тарихдаги энг муросасиз ва шиддатли тўпурарлик баҳсига айланиши кутилмоқда.
Европа юлдузлари Туркияга кўчди: «Олтин бутса» учун даҳшатли рақобат
Ўтган мавсумда 22 тадан гол уриб, лиганинг тенгсиз тўпурарларига айланган ҳамюртимиз Элдор Шомуродов ва нигериялик Пол Онуачу, шунингдек, Марко Асенсио ҳамда Лерой Сане каби юлдузлар сафига янги мавсумдан бошлаб жаҳон футболининг энг кўзга кўринган ҳужумчилари келиб қўшилди.
Эндиликда Туркия яшил майдонларида Муҳаммад Салоҳ, Душан Влахович, Мэйсон Гринвуд, Леандро Троссард ва Ромелу Лукаку каби топ-лигалар тўпурарлари тўп сурмоқда.
Сунъий интеллект ҳисоб-китоби: Ким нечта гол уради?
Мухлислар ўртасидаги қизғин муҳокамаларга ойдинлик киритиш мақсадида экспертлар сунъий интеллект ёрдамида махсус компьютер алгоритмлари орқали тўпурарлик пойгасини симуляция қилди.
Таҳлил натижаларига кўра, биринчи турдаёқ дубль қайд этган Виктор Осимхен асосий даъвогар сифатида кўрсатилди. Тўлиқ прогноз рейтинги қуйидагича кўриниш олди:
Виктор Осимхен — 25 та гол
Пол Онуачу — 23 та гол
Душан Влахович — 20 та гол
Ромелу Лукаку — 19 та гол
Муҳаммад Салоҳ — 18 та гол
Мейсон Гринвуд — 16 та гол
Элдор Шомуродов — 15 та гол
Леандро Троссард — 13 та гол
Ведат Мурики — 13 та гол
Бариш Алпер Йилмаз — 12 та гол
Хён Гю О — 9 та гол
Андреас Сков Олсен — 8 та гол
Сунъий интеллектнинг ушбу ҳисоб-китоблари қанчалик ҳақиқатга айланишини ва «Олтин бутса» кимга насиб этишини мавсум давомидаги шиддатли баҳслар кўрсатиб беради.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…