Криштиану Роналду 1000-гол сари яқинлашмоқда

Португалиялик юлдуз ҳужумчи Криштиану Роналду ўзининг тарихий рекордига яна бир қадам яқинлашди. Саудия Арабистони чемпионатида "Ал Насср" жамоаси ўз майдонида "Ал Таавоун"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этди ва турнир жадвалида пешқадамликни қўлга киритди. Мазкур учрашувдаги ҳал қилувчи гол муаллифига айланган тажрибали ҳужумчи фаолиятидаги голлар сонини 978 тага етказди. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Goal.com нашри тарқатган маълумотларга кўра, ўйин меҳмонларнинг фаол бошланиши билан ёдда қолди. Беллашувнинг 11-дақиқасида Бассам Ал Ҳурайжи ҳисобни очиб, "Ал Таавоун"ни олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг майдон эгалари фаолликни ошириб, биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда – 45+5-дақиқада Самуел Коста мувозанатни тиклади ва жамоалар танаффусга дуранг билан йўл олишди.
Тарихий гол ва рекордлар
Иккинчи бўлим бошида, аниқроғи 50-дақиқада саҳна кўркига Криштиану Роналду чиқди. У рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасига муҳим ғалабани тақдим этди. Майдонда 80 дақиқа ҳаракат қилган ҳужумчи 1.08 кутилган голлар (хГ) кўрсаткичини қайд этди ва ўз узатмаларининг 90 фоизини аниқ шерикларига етказиб берди.Ушбу гол Криштиану Роналдунинг Саудия Pro-лигаси тарихидаги энг яхши тўпурар мақомини янада мустаҳкамлашини таъминлади. У "Ал Насср" сафидаги чемпионат ўйинларидаги голларини 104 тага етказиб, аввалги рекордчи Моҳаммад Ал Саҳлавининг натижасини (103 гол) ортда қолдирди. Шунингдек, Роналдо барча мусобақалар доирасида Ал Саҳлавининг 131 та голли натижасига тенглашди. Клуб рекордчиси бўлган Мажед Абдуллаҳ ҳисобида эса 259 та гол мавжуд.
"Ал Насср"нинг рекорд серияси
Ғалаба "Ал Насср" учун фақатгина турнир жадвалидаги биринчи ўринни таъминлаб қолмасдан, балки уларнинг ажойиб сериясини давом эттирди. Жамоа ўзининг кетма-кет гол уриш сериясини 91 та учрашувга етказди. Бу футбол тарихидаги иккинчи энг узун натижа бўлиб, Саудия Арабистони футболида мутлақ рекорд ҳисобланади. Клуб жаҳон рекордини янгилаш учун яна олтита ўйинда рақиб дарвозасини ишғол қилиши кифоя қилади.Шу тариқа, мавсумнинг дастлабки тўрт туридан кейин 12 очко жамғарган "Ал Насср" пешқадамликка кўтарилди. Бироқ, бу мағлубият "Ал Таавоун" жамоасини 15-ўринга тушириб юборди ва уларнинг ҳисобида ҳозирча атиги 2 очко мавжуд. Криштиану Роналду эса афсонавий 1000 та гол маррасига етиш учун яна 22 та гол уриши талаб этилади.






























Изоҳлар 0
…