City Xtra бонг урмоқда: «Манчестер Сити»да Ҳусановнинг келажаги нега хавф остида қолди?

City Xtra бонг урмоқда: «Манчестер Сити»да Ҳусановнинг келажаги нега хавф остида қолди?
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • «Манчестер Сити»да ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановнинг асосий таркибдаги ўрни Энсо Мареска келганидан сўнг хавф остида қолди.
  • Мавсум бошида мунтазам майдонга тушган 22 ёшли футболчи ҳозирда захира ўриндиғига ўтириб қолмоқда, бу эса унинг ўйин амалиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.
  • Ситй Хтра нашри таҳлилчиси Эдвард Бернеттнинг таъкидлашича, Ҳусанов «Сити»нинг энг ишончли ҳимоячиларидан бири бўлган, аммо мураббий уни камроқ майдонга туширмоқда.

Янги бош мураббий Энцо Мареска бошқарувидаги «Манчестер Сити»да ўзбекистонлик иқтидор эгаси Абдуқодир Ҳусановнинг ҳолати футбол жамоатчилиги ва экспертлар эътиборини тортмоқда. Мавсум бошида асосий таркибдан мустаҳкам ўрин олган 22 ёшли марказий ҳимоячи сўнгги ҳафталарда бора-бора захира ўриндиғига михланиб қолаётгани жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Ҳусановнинг универсаллигидан фойдаланган италиялик мураббий уни аввалига ўнг қанотда, Чемпионлар лигасидаги «Порту»га қарши баҳсда эса илк бор чап қанот ҳимоясида синаб кўрди. Бироқ жароҳатдан қайтган Матеуш Нуньеш ўз ўрнини қайтариб олиши ва ҳимоя марказидаги янги иерархия вакилимизнинг мунтазам ўйин амалиётига салбий таъсир кўрсата бошлади.

Диашга берилган боғич ва Гехи билан бузилган тандем

Аслида Абдуқодир Ҳусанов учун энг мақбул ва идеал позиция — марказий ҳимоя маркази саналади:

  • Идеал жуфтликнинг бузилиши: Ўтган йилнинг январь ойида клубга олиб келинган Марк Гехи билан Ҳусанов марказда мустаҳкам тандем ҳосил қилган эди;

  • Сардорлик омили: Ёзда Бернарду Силва жамоани тарк этгач, Энцо Мареска ҳимоячи Рубен Диашни «шаҳарликлар»нинг янги сардори этиб тайинлади. Бу эса португалиялик футболчининг асосий таркибдаги ўрнини тўлиқ кафолатлади ва марказда айнан Ҳусанов ўйнаган позицияни банд қилди;

  • Сўнгги қўнғироқлар: Хусусан, Манчестер дербисида ҳамда жамоа 3 та тўп ўтказиб юборган «Сандерленд»га қарши сўнгги баҳсда Абдуқодирнинг 90 дақиқа захирада қолдирилиши мутахассисларда саволларни кўпайтирди.

«У энг зўр ҳимоячимиз эди»: City Xtra экспертидан очиқ хавотир

«Манчестер Сити» фаолиятини ёритувчи нуфузли City Xtra нашри таҳлилчиси Эдвард Бернетт муаммони очиқ муҳокама қилиб, Маресканинг танловини кескин баҳолади:

«Агар ижозат берсангиз, АПЛнинг молиявий айбловларини бир четга суриб, футбол майдонидаги ҳақиқий воқеаларга тўхталсак. Мен Абдуқодир Ҳусанов борасидаги хавотирларимни яшира олмайман.

2025 йил январь ойида жамоага келганидан буён у бизнинг энг яхши, энг ишончли ҳимоячимиз бўлиб келди. Тезлиги ниҳоятда юқори, жисмонан чайир ва бақувват, тўпни олиб қўйиш қобилияти юксак. Яккама-якка вазиятларда уни алдаб ўтиш деярли имконсиз. Аммо Мареска негадир ундан тўлиқ мамнун эмасдек ва камроқ майдонга туширмоқда.

Таркиб кенглиги муҳимлигини тушунаман, бироқ жамоада асосий таркибнинг биринчи рақамли даъвогари бўлган футболчини ҳар ҳафта захира ўриндиғида кўриш одамни барибир хафа қилади».

6 та расмий ўйин ва АПЛ клубларининг қизиқиши

Жорий мавсумда Абдуқодир барча турнирларда жами 6 та учрашувда майдонга тушди (АПЛ доирасида «Борнмут», «Кристал Пэлас» ва «Ковентри»га қарши тўлиқ 90 дақиқа ўйнади, шунингдек, Англия Суперкубогида «Арсенал», ЕЧЛда «Порту» ҳамда Лига кубогида «Норвич Сити»га қарши баҳсларда қатнашди; «Норвич» билан баҳсда Sofascore унинг ўйинини 7,6 баллга баҳолаган).

Шунга қарамай, Маресканинг қарорлари ва клуб атрофидаги ноаниқ муҳит январда кутилмаган трансфер бурилишларини келтириб чиқариши мумкин. Айни пайтда ўзбек ҳимоячисига Премьер-лиганинг бир қатор даъвогарлари жиддий кўз тикмоқда:

  • «Челси» ва «Астон Вилла»: Ҳимоя чизиғини кучайтириш учун Ҳусановни қишки трансфер ойнасидаёқ сотиб олиш бўйича режаларни кўриб чиқмоқда;

  • «Эвертон» ва «Борнмут»: Вазиятни синчковлик билан кузатиб, футболчига кафолатланган ўйин амалиётини таклиф этишга тайёр.

Агар Энцо Мареска ротацияни қайта кўриб чиқмаса ва Абдуқодирга яна муқим асосий таркибдан жой ажратмаса, ўзбекистонлик юлдузнинг қишдаги трансфер сагаси АПЛнинг марказий мавзуларидан бирига айланиши мумкин.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар