17:20 / 10.02.2018
3 644

Чемпионлар Лигаси ўйини олдидан «Локомотив» янги футболчиларни таништирди (фото)

Чемпионлар Лигаси ўйини олдидан «Локомотив» янги футболчиларни таништирди (фото)
Тошкентнинг «Локомотив» клуби 12 февраль куни Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг илк турида Амирликларнинг «Ал-Ваҳда» клубини қабул қилади.

Бугун — 10 февраль куни «темирйўлчилар» сафига келиб қўшилган футболчилар жамоатчиликка расман таништирилди. Улар 6 нафар бўлиб, қуйидаги рақамларда ҳаракат қилади: Нивалдо — 6, Шерзод Каримов — 8, Хусниддин Ғофуров — 19, Сардор Рашидов — 27, Игорь Йелич — 88, Чо Сук Жаэ — 99.
Тадбирда клуб раҳбарияти ва мураббийлар янги мавсумга кўрилган тайёргарлик ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди.

Тўлабек Акрамов ("Локомотив" клуби бош директор ўринбосари): Барчани янги 2018 йилги футбол мавсуми бошланаётгани билан табриклайман. "Локомотив" янги мавсумни амалдаги чемпион ва кубок соҳиби сифатида бошлайди ва бу шу ўринда жамоамиз зиммасига юқори масъулият юклайди. Мақсадимиз доимгидек юқори, яъни чемпионлик ҳамда кубокни муносиб ҳимоя қилиш. Шунингдек, ОЧЛда ҳам имкон қадар узоқроққа бориш. Ўйлайманки, бу йилги мавсумда жамоамиз халқаро мусобақада ҳам муваффақиятли қатнашади. Жамоамиз янги мавсумга тараддудни дастлаб БААда, кейинчалик Туркияда давом эттириб қайтди.

"Локомотив" ўз таркибига кучли ва барчага таниш бўлган юқори малакали футболчиларни қўшиб олди. Рашидов ёки Каримов ҳақида ортиқча таъриф беришга ҳожат йўқ. Ҳусниддин Ғофуровни эса юртимизга қайтардик. Бу футболчи ҳозирча миллий чемпионатимизда иштирок этмаган ва ўйлайманки, жорий мавсумда ўз ўйинлари билан мухлисларда илиқ таассурот қолдиради. Шунингдек, Жанубий Кореядан Чо Сук Жай, бразилиялик Нивалдо ҳамда ўтган мавсумни АГМК жамоасида ўтказган Игорь Йелични жамоага қўшиб олдик.

Янги мавсумда жамоамиз янги титул ҳомийси Ориент Финанс Банк логотипи туширилган либосда ҳаракат қилади. Шунингдек, "Alskom" суғурта компанияси билан ҳам икки тарафлама манфаатли шартнома имзоладик.

Кейинчалик тушунмовчилик келиб чиқмаслиги учун ҳозирдан шуни айтиб ўтмоқчиманки, жамоамиз ОЧЛдаги дастлабки турни ҳозирча эски либосда ўтказади. Чунки янги либосимиз ҳали тўлиқ тайёр эмас. Тез орада янги титул ҳомийимиз логотипи туширилган янги формаларимиз келади. Янги либосларимиз дизайнини ижтимоий тармоқларда тақдим этганмиз.

Мирко Йеличич (жамоа мураббийи): "Локомотив" ўз олдига доимо юқори вазифаларни қўяди. ОЧЛда бизнинг олдимизга қўйилган энг минимал вазифа бу гуруҳдан чиқиш. Янги келиб қўшилган футболчилар жамоамизга қўшилиб, кўникиб кетиши учун бироз вақт талаб этилади. Ўйлайманки, улар жамоамиз ўйинини кучайтиришади. Биз янги мавсумга тайёрмиз. Рашидовнинг жисмоний тайёргарлигидан мамнунман. Тўғри, у маълум вақт ўйин амалиётисиз қолиб кетганди. Лекин Рашидовнинг ҳозирги ҳолати мени қаноатлантиради. Йелични қайси позицияда кўпроқ ўйнатаман? Биласиз, Махарадзе 2 мавсумдан буён узлуксиз ўйнаб келмоқда. Бизга айнан Махарадзе сингари ҳам таянч зонаси ҳамда ҳимоя марказида ўйнай оладиган футболчи керак эди. Йелич айнан шу сифатларга эга ўйинчи. Янги мавсумда Йелични вазиятга қараб ҳар иккала позицияда ўйнатмоқчиман.

Андрей Микляев (бош мураббий): БААдаги йиғин жуда самарали ўтди, деб бемалол айта оламан. Биз ўз ўйлаган режаларимиз доирасида яхши тайёргарлик кўрдик. Жамоа сафини тўлдирган футболчилар ўйинимизни кучайтириши лозим.
Ўйлайманки, таркибимиз жуда рақобатдош. Бу эса жамоамиз футболчиларини бир дақиқа бўлсада бўшашишига йўл қўймайди. Жамоамиз эса ҳар қандай рақибга кураш таклиф этишга қодир.

Кейинчалик тақдимот маросимида "темирйўлчилар" сафига келиб қўшилган янги футболчиларга "Локомотив" либосларини тантанали равишда тақдим этилди. Либосларни футболчиларга клуб бош директор ўринбосари Тўлабек Акрамов топширди.
Шундан сўнг жамоа таркибига келиб қўшилган янги футболчилар ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.

Нивалдо (Бразилия)

"Янги жамоага ўтганимдан хурсандман. "Локомотив" ўз олдига юқори мақсадларни қўядиган клуб. Айнан шу жиҳат мени бу жамоага ўтишимга асосий туртки бўлди.
Аввал таянч ярим ҳимоясида ўйнаганман? Ҳа, тўғри қайд этиб ўтдингиз. Фаолиятимни таянч ярим ҳимоячи сифатида бошлаганман. Аммо кейинчалик Россия биринчи дивизионида ўйнаб юрган кезларимда бош мураббий менга ҳужумга ўтишни тавсия қилганди. Шундан буён ҳужумда ўйнаб келаман. Ўзимни айнан ҳужумкор футболчи сифатида эркин ҳис этаман.
Бразилияда хусусий клубим борлиги ҳақиқат. Мен бу клубни ташкил этганимдан асосий мақсад ёш ўсиб келадиган иқтидор эгаларига кўмаклашиш. Биласизлар, Бразилияда футболни жуда севишади ва бу спорт турига бўлган муҳаббат юқори. Шу боис ўз қишлоғимдаги ёшлар учун шахсий клубимни очганман. Яқинда ўша жамоамдан 3-4 нафар футболчи профессионал футболга қадам қўйди. Уларга ёрдамим, кўмагим тегаётгани мени хурсанд қилади.
5 баллик тизимда ўзимга неча балл қўяман? 10 балл (кулади). Бразилиялик футболчилар орасидан Неймар 10 баллга лойиқ футболчи. Мен эса унинг даражасига чиқишни истайман (кулади)".

Сардор Рашидов

"Локомотив" жамоасига ўтганимдан хурсандман. "Темирйўлчилар" сафида янги ютуқларни қўлга киритиш учун келдим. Ўйлайманки, ОЧЛда ҳам муносиб иштирок этамиз. Мақсадлар юқори ва биз ушбу вазифани бажаришимиз лозим. "Ренн" жамоаси? Тўғри, бу жамоада собиқ устозим Лямуши ишламоқда. Бу борада у билан суҳбатлашдим. Ҳозирда жамоасида футболчилар кўплиги боис "Ренн"га ўтмадим. Мени Франция жамоасига ўтишим ёки ўтмаслигим ёзда ҳал бўлади. Лямуши мени "Ренн"да кўрмоқчи эканлигини айтиб ўтди. Аммо барча масала ёзда трансфер ойнаси очилганидан сўнг маълум бўлади.
Осиёдан Европага йўл олмоқчидим? Ҳа, лекин Ўзбекистонга қайтишни орқага ташланган қадам деб ҳисобламайман. Араб футболидан кўра Ўзбекистон футболи кучли. Бу аниқ. Қайси тарафдан орқага қадам ташладим? Фақат пул тарафлама. Чунки араб футболи фақат пул борасида кучли. Ўйин сифати жиҳатидан бизнинг футбол уларникидан устун. "Локомотив"га ўтиш орқага ташланган қадам эмас. Мен фақат пул тарафдан ютқаздим".

Шерзод Каримов

«Пахтакор» билан шартномам ниҳоясига етгач, «Локомотив» менга таклиф билан чиқди. Бунинг учун миннатдорман.
Арвеладзе билан Еличичнинг фарқи? «Локомотив»да кўпроқ пас орқали ўйнаш талаб этилади, комбинацион футбол устувор. Арвеладзе эса асосан стандарт вазиятларига таяниб ўйнайди.

Игорь Йелич

Мен учун Ўзбекистон чемпионати бегона эмас. Унда ўтган мавсум ҳам ўйнаганман. «Локомотив» эса лиганинг энг кучли жамоаси. «АГMК» билан «Локомотив»нинг асосий фарқи «темирйўлчилар»нинг Чемпионлар Лигасида ўйнашида. Шунингдек, улар ўз олдига турлича вазифалар қўяди. «Локо» асосан паслар орқали ўйинни қуради, «АГMК» мураббийи ҳимоявий ўйинга эътибор беради. Олдинги чизиқдаги ҳаракатлар асосан стандарт вазиятларига боғлиқ.

Чо Сук Жаэ (Жанубий Корея)

«Локомотив» нафақат Ўзбекистоннинг, балки Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бири. Уларнинг таклифи мени қизиқтириб қўйди. Корея ва Ўзбекистон футболида катта фарқ йўқ. Бизда асосан жисмонан кучли футбол ўйналади. Ўзбекистонда ҳам бу жиҳатга алоҳида эътибор қаратишларини биламан.

Хусниддин Ғофуров

Сербиядаги фаолиятим тугади. «Локомотив» таклифи мени ўзбек футболига қайтарди. Сербияда кучга таянилган футбол ўйналади, ўйинларда кўп куч йўқотасиз, кўп югурасиз. Ўзбекистонда эса тўп билан муомала устувор.


Манба: championat.asia

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Чемпионлар Лигаси ўйини олдидан «Локомотив» янги футболчиларни таништирди (фото)