Криштиану Роналду: «Бу фаолиятимда олдинга ташланган қадам»

  • 22 июль 2018, 12:27
  • 1 601
  • Спорт
  • Криштиану Роналду: «Бу фаолиятимда олдинга ташланган қадам»
    «Реал»ни тарк этиб, «Ювентус»га йўл олган Криштиану Роналду Турин суперклуби футболчиси сифатида дастлабки матбуот анжуманида иштирок этди.

    - Нима учун «Ювентус»ни танладингиз?

    - Бу жаҳоннинг энг яхши клубларидан биридир. Ўйлаб кўриб шу қарорга келдим. Дўстларим олдин ҳам шу жамоада ўйнашим мумкинлигини айтишарди. «Юве» Италиядаги энг кучли клуб ва ажойиб мураббийга эга.

    - Совринларингиз жуда кўп. Кейинги 10-15 йилда қандай яшамоқчисиз?

    - Мен ҳозирги ҳолат ҳақида ўйлашни маъқул кўраман. Футболдан роҳатланаман ва чақирувларни яхши кўраман. «Спортинг» - «Манчестер Юнайтед» - «Реал» - «Ювентус» - бу орзунинг ўзгинаси. Фаолиятимни энди бошлаганимда, бунчалик кўп совринлар ютишимни хаёлимга ҳам келтирмагандим. Чақирувлар - ҳаётимнинг бир бўлаги.

    - «Реал»дан кетишингиз қайғули бўлди. Португалия­ликлар ҳам шундай ўйлашмоқда. Терма жамоада қоласизми?

    - Тўғрисини айтсам, қайғуда эмасман. Туриндалигимнинг сабаби - янги чақирув. Бу катта клуб. Бошқаларни ҳурмат қилган ҳолда шуни айтмоқчиманки, одатда, менинг ёшимдаги футболчилар Қатар ёки Хитойга боришади. Фаолиятимнинг шу даврида бундай клубга ўтаётганимдан хурсандман.

    Имконият яратиб бергани учун «Ювентус»дан миннатдорман. Терма жамоа? Албатта, мамлакатим учун ишлашда давом этаман. Уларга ҳеч қачон орқамни ўгирмайман. Агар ўйнаш имкониятим бўлса, бажонидил ўйнайман.

    - «Юве»нинг миллионлаб фанатлари бугун бахтли. Лекин «Реал» мухлислари қайғуда. Уларга айтар гапингиз борми?

    - «Реал»да 9 йилни ўтказиш - ажойиб тарих. Лекин энди ҳаётимдаги янги қадамни қўйдим. Барча мухлислардан чин қалбимдан миннатдорман. Топ футболчи эканлигимни кўрсатишга интиламан.

    Одатдагидек, машғулотларда меҳнат қиламан. Статистикам қандай эканлигини ўзингиз яхши биласиз. Манчестер ва Мадриддаги тажрибадан сўнг «Ювентус» тарихидан жой олмоқчиман.

    - Чақирувларни яхши кўришингизни айтдингиз. Аллегри ҳамиша «Итальян футболида қийин тактика қўлланади. Баъзан бу ерда қўпол ўйнашади», дейди. Айнан шунинг учун «Юве»ни танладингизми?

    - «А» серия қийин ва тактик чемпионат эканлигини биламан. Янги тажриба олишни яхши кўраман. Осон бўлмаслигини тушуниб турибман. Лекин бутун фаолиятим давомида қийин чақирувларни излаганман. Меҳнат қилиб, янги чўққиларни забт этишни истайман.

    - Эрталабдан «Ювентус» мухлислари ЕЧЛ ҳақида қўшиқ куйлашмоқда. Бу уларнинг орзуси. Ўтган йили шу орзу амалга ошмай қолишига сабабчи бўлганлардан бирисиз. Мухлислар улар учун ЕЧЛни ютиб беришингизга умид боғлашмоқда. Бу сиз учун муҳимми?

    - Чемпионлар Лигаси бош совринини барча клуб ютишни исташини биламан. Лекин биз нафақат ЕЧЛ, балки «А» серияси ғолиблиги учун ҳам курашамиз. Чемпионлар Лигасида қатнашиш осон эмас. Умид қиламанки, бу турнирда зафар қучишда ёрдам бераман. Ҳаттоки, финалга чиқсангиз ҳам турнир ғолиби бўлишингизга кафолат йўқ.

    - Фақатгина «Ювентус»дан таклиф олдингизми?

    - Умуман олганда, ҳа.

    - Ёш унчалик муҳим эмаслигини айтдингиз. 2022 йили шартномангиз тугаганда 37 ёшда бўласиз. Ўшанда «Спортинг»га қайтасизми?

    - «Спортинг» ҳамиша қалбимда. Лекин «Ювентус» билан янги марраларни забт этмоқчиман. Бу ерга таътил ўтказиш учун келмадим.

    - «Ювентус» сафида яна бир марта «Олтин тўп»ни ютиш осон бўладими?

    - Яна икки ёки учта «тўп»ни олиш ҳақида ўйламаяпман. Бироқ ютишни ва энг яхши бўлишни истайман. Ким билади дейсиз, балки менга яна битта «Олтин тўп»ни беришар.

    - Сиз «Ювентус»га нима беришингизни биламиз. «Ювентус» сизга нима бериши мумкин?

    - «Ювентус» менга ажойиб имконият тақдим этди. Бунинг учун клубдан миннатдорман. Бу олдинга ташланган қадам. «Юве» катта натижаларни қўлга кирита оладиган клублигини кўриб турибман.

    - Сиз келдингиз, Анчелотти ҳам «А» серияга қайтди. У билан гаплашдингизми?

    - Йўқ, гаплашмадим. Лекин менга у билан ишлаш ёқарди. Энди бирга ишламаяпмиз. Кўришиб қолсак ҳам рақиб сифатида кўришамиз. У мени кўп марта қўллаб-қувватлаган. У билан кўришсам хурсанд бўламан.
    ЖАЪФАРАЛИ тайёрлади

    Манба: www.interfutbol.uz

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Криштиану Роналду: «Бу фаолиятимда олдинга ташланган қадам»