Кимсан Хавидек жаҳон юлдузи мақтаган Жалолиддин Машарипов билан суҳбат

  • 16 апрель 2019, 19:23
  • 907
  • Спорт
  • Кимсан Хавидек жаҳон юлдузи мақтаган Жалолиддин Машарипов билан суҳбат
    «Пахтакор» – «Ас Садд» ўйинидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида қатарликлар етаксчиси Хави «Пахтакор» футболчиси Жалолиддин Машариповни мақтагани футбол мухлисларининг оғзидан тушмаяпти. Мухлислар Хави ўзларини мақтагандек хурсанд бўлишгани Жалолиддинни қанчалик яхши кўришларидан нишона.

    Бундай мақтовдан сўнг Жалолиддин билан суҳбат уюуштирмасак бўлмасди. Машарипов суҳбат уюштириш таклифимизни қабул қилди ва «Пахтакор» стадиони меҳмони бўлиб, бугунги кунда мухлислар орасида энг кўп муҳокама қилинаётган футболчи Жалолиддин Машарипов билан суҳбатлашдик.

    «Жаҳон Чемпионатига чиқишимиз керак...»
    Жалолиддин учун жорий мавсум жуда муваффақиятли бошланди. Йил бошида Осиё Кубогидаги ёрқин ўйиндан сўнг футболчи «Пахтакор»да ҳам чиройли ўйинлапр кўрсатмоқда. Фаолиятининг ҳозирча энг юқори чўққисига чиққан Машарипов бунга фақат меҳнат эвазига эришганини айтди:

    «Албатта меҳнатсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Бизга катта футболчилар ҳам айтишарди меҳнат қилмасак натижага эришиб бўлмаслигини. Менга доим истеъдодинг бор ва унга ишониб меҳтан қилишни тўхтатиб қўйма дейишарди. Шу сабаб тўхтаб қолиши ниятим йўқ. Биз ҳали Жаҳон Чемпионатига чиқишимиз керак».

    «Одил Аҳмедовдан ўрнак оламан»
    Ўзбек футболида ёшлар жамоасида порлаган юлдузчалар кейинчалик йўқолиб қолиши ҳолати кўп кўринади. Машарипов ёшлигида ҳам ҳозир ҳам юқори савияда ўйнамоқда. Суҳбатдошимиздан йўқолиб қолган ёшлар қилган қайси хатоларни такрорламаганини сўрадик:

    «Ёшлигида порлаб, кейин йўқолиб қолган футболчилар нега бундай ҳолатга тушганини кузатиб борардим. Ёшлигимда ота-онам яхшироқ ўйнашим кераклигини айтишарди, лекин мен уларга шошмасликларини, ҳали янада яхшироқ ўйнашимни, асосийси катта бўлгандан сўнг ёрқин ўйнаш эканини тушунтирардим.

    Ёшлигимда кучим кам бўлгани учун ўзим хоҳлагандек ўйнай олмасдим. Ҳозир эса жисмоний жиҳатдан яхши ҳолатда бўлганим учун ўйиним чиқяпти. Ёшлигимда кўп футболчилардан намуна олганман. Ёшлигида порлаб йўқолиб қолганлардан ҳам. Катта футболчилардан айниқса Одил Аҳмедовдан ўрнак олганман. Чунки Одил ака инсон сифатида ҳам ўрнак қилиб кўрсатгулик.

    Мен доим яхши инсон бўлишга, одамлар билан яхши муносабатда бўлишга интиламан, шунда Худо ҳам беради деб ўйлайман. Чунки биз футболчимиз, кўчада юрганда одамлар танийди. Шу сабаб ҳаммага яхши муомалада бўлишга интиламан. Ота-онам мени доим камтар бўлишга ўргатишган. Бизни оилада манман одамнинг ўзи йўқ, чунки оддий оиладан чиққанман».

    «Мактабда иккичи бўлганман»
    Одатда футболчилар мактабда яхши ўқишмади, чунки уларнинг асосий вақти мактаб стадионида ўтади. Жалолиддин ҳам мактабда «иккичи» бўлганини ва доим стадионда юрганини эслади:

    «Мактабда деярли ўқимаганман десам ҳам бўлади. Ғирт иккичи бўлганман. Ўқитувчиларим мени доим стадиондан топишарди. Ота-онамга ҳам майдондан чиқмаслигим, дарсларга кирмаслигим ҳақида кўп шикоят тушган.

    «Пахтакор»га кириб келишимга келсак, 2005 йил Жиззахда интернатлар ўртасидаги мусобақа бўлган. Ўшанда Хоразм жамоаси сафида «Пахтакор»га қарши ўйнаганман. Мен ва дўстим Жамшид Искандеровни ўшанда «Пахтакор» олиб кетганди. Шундан буён «Пахтакор»даман».

    «Хави мени гапирди деб тўхтаб қолишим керак эмас»
    «Пахтакор» жорий мавсумни яхши ўтказмоқда. Чемпионлар Лигаси саралашидаги ғалабалар, гуруҳ босқичида ўтган йилги финалчи «Персеполис» ҳамда ўтган йилги ярим финалчи «Ас Садд» билан ўйинлардаги дуранг, айниқса «Ас Садд»га қарши чиройли ўйин кўп нарсани англатади.

    «Ас Садд»га қарши ўйиндан сўнг футбол афсонаси Хави Машарипов ҳақида илиқ фикрлар билдирганини юқорида таъкидладик. Жалолиддин Арвеладзе қандай қилиб «Пахтакор»ни ҳозирги кўринишга олиб келгани ва Хавининг мақтови ҳақида гапирди:

    «Аввало бизда ички муҳит яхши. Футболчилар майдонда ҳам бир-бири учун югуришади. Ички муҳитсиз жамоа натижага эриша олмайди. Арвеладзе ҳам ички муҳит яхши бўлмаса, чемпион бўлиш қийинлигини тушунтирди. Биздаги яхши муҳит муваффақиятимизнинг асосий сабаби деб ўйлайман.

    Жамоада мендан катта футболчилар кўп, лекин бу ерда ҳаммадан кўп бўлиб турган футболчи менман. Шу сабаб футболчиларга ўйинларда олдин стадионга мухлислар келиши кўпайганини, биз яхши ўйнасак, стадион тўлиб, улар бизга 12-ўйинчи бўлишини айтаман. Мана, мухлислар сони кўпайди. Хавининг мақтовига келсак, хурсанд бўлдим, албатта. Бу гапдан энг кўп акам хурсанд бўлди. Лекин Хави мени гапирди деб тўхтаб қолишим керак эмас».

    » » Кимсан Хавидек жаҳон юлдузи мақтаган Жалолиддин Машарипов билан суҳбат