8 январдан бошлаб U-23 Осиё чемпионати бошланди. Терма жамоамиз эса бугун Эронга қарши дастлабки ўйинини ўтказади. Табиийки, энди барчанинг эътибори ушбу жамоамизга қаратилган. Ахир ўртага Олимпиада «чиптаси» тикилган ва бу бизнинг асосий мақсадимиз ҳисобланади. Ҳозиргача вакилларимиз яхши таассурот қолдириб келишяпти ва ҳал қилувчи баҳсларда ҳам улардан ижобий натижаларни кутиб қоламиз. Шу ўринда бир қатор мутахассисларимиз ҳам терма жамоамизнинг бугунги ҳолати, мақсадга эришиш йўлидаги имкониятлари ва термани бошқараётган мураббийлар ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашишди.
Дилшод Нуралиев: «Терма жамоамизга қарши ўйнайдиган ҳар қандай рақибга оғир бўлади»
- Терма жамоамиз кучли гуруҳга тушиб қолган. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон ҳам ўз гуруҳида фаворит ҳисобланади. Бунинг биринчи сабаби, бизда хорижлик мутахассислар ишлашяпти. Яъни, терма жамоамизда тажрибали мураббийлар штаби йиғилган. Иккинчидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан терма жамоамиз учун тайёргарлик кўриш мақсадида яхши шарт-шароитлар яратиб берилди. Тошкентда ўйинлар ўтказилди, Дубайдаги йиғинда ҳам савияли рақиблар билан беллашувлар ташкил этилди. Шу боис тайёргарликни аъло даражада ўтди деб ўйлайман.
Учинчи сабаби сифатида эса терма жамоамиздаги футболчилар анчадан бери бирга ўйнаб келишяпти. Таркибимиздаги кўп ўйинчилар «Насаф» жамоасидан чақирилган. Барча йигитлар бир-бирини яхши тушунишади. Бу эса табиийки, бизга ташаббус беради. Ўртоқлик учрашувларда йигитларимиз яхши ҳаракат қилишаётганини кўриб турибмиз. Ҳужумчимиз Бобур Абдуҳолиқов ҳам яхши спорт формасида. Ишонаманки, Ўзбекистон терма жамоасига қарши ўйнайдиган ҳар қандай рақибга жуда оғир бўлади. Биз яхши ният қиляпмиз ва йигитларимиз Олимпиада йўлланмасини қўлга кирита оладилар. Ўртоқлик учрашувларидан ҳам билиниб турибдики, жамоамиз ажойиб ҳолатда. Тўғри, барибир расмий мақомдаги ўйинлар бошқача. Ўзига яраша ҳаяжон бўлади. Биринчи ўйинни эса Эронга қарши ўтказамиз. Аммо биз жамоамизга ишонамиз.
Друлович чемпионатда ўзини кўрсатган, энг яхши спорт формасига эга бўлган футболчиларни таркибга тўплаб олди. Чунки барча футболчилар мураббийнинг ўйин услубига тўла мос тушадилар. Ҳар бир мураббийнинг ўйин услуби бўлганидек, Друловичнинг ҳам ўзига яраша тактик схемаси бор. Мураббийларимиз рақибларни ўрганиб, шунга яраша тўғри таркибни танлай оладилар деб ўйлайман. Лекин ҳеч қайси мураббий яхшисини қолдириб ёмонини олиб кетмайди. Очиғи, мураббийга кўп нарса боғлиқ.
Якуний таркибга қарасангиз, барчаси Суперлигада ўзини кўрсатган йигитлар. Остон Ўрунов масаласига келсак, бошида уни таркибга жалб қилмаганида ҳам ҳайрон бўлгандик. Остонни ҳарактери оғир деб айтаётганлар ҳам бор. Лекин мен буни яхши билмайман. Аммо мураббийлардан шу ҳақида эшитгандик. Балки чиндан унинг характери тўғри келмагандир. Ёки бўлмаса Ўруновнинг позициясида Азиз Ғаниев, Шароф Муҳитдинов, Санжар Қодирқулов ва яна бошқа ўйинчиларимиз бор. Шу боис мураббийларимиз уларни Остондан кучли деб ҳисоблашгандир. Хуллас, бизда марказда ўйнайдиган яхши футболчларимиз кўп. Аммо, менимча Ўрунов жамоамизда бўлганида ёмон бўлмасди.
Азамат Абдураимов: «Терма жамоамизда юқори савияли ўйинчиларнинг кўплиги бизга қўл келади»
- Биринчи навбатда терма жамоамизда Олимпиада йўлланмаларидан бирини қўлга киритиш учун яхши имконият бор деб ҳисоблайман. Чунки таркибдаги аксарият футболчиларни укам Жасур Абдураимов ишлаган пайтлардан бери яхши биламан. Ўшанда отам билан ёшлар термаси таркибидаги ўйинларини томоша қилишга борардик. Афсуски, ўшанда улар Осиё чемпионатига чиқа олмагандилар. Энди бу йигитларнинг кўпчилиги Суперлигадаги жамоалар сафида тўп сурмоқда. Шунингдек, улар олимпия терма жамоамизнинг ўзагини ташкил эта олганлар.
Шундан келиб чиққан ҳолда айтишим керакки, бу жамоада катта потенциал бор. Таркибда ёрқин, юқори савиядаги ўйинчилар кўплиги бизга қўл келиши мумкин. Иккинчидан, вакилларимиз жой олган гуруҳни «ўлим» квартети сифатида баҳолаш мумкин. Аммо масаланинг бошқа ижобий томони ҳам йўқ эмас. Гуруҳ босқичидаёқ кучли рақибларга қарши ўйнаш турнирдаги иштирокни давом эттириш йўлида қўл келиши тайин. Агар гуруҳдан эсон-омон чиқиб оладиган бўлсак, мусобақанинг плей-офф босқичидан ишларимиз янада юришиб кетади ва биз бемалол юқори натижадан умид қилишимиз мумкин.
Агар терма жамоамиз чорак финалдан муваффақиятли ўтиб олса, ўз-ўзидан футболчилардаги иштиёқ кескин даражада ортиб кетади. Биз учун минимум вазифа дастлаб гуруҳда биринчи ўринни банд этиш бўлса, максимуми чемпионлик унвонини қайта ҳимоя қилишдан иборатдир. Қолаверса, охирги ўртоқлик учрашувларида қайд этилган натижалар йигитларимизнинг жуда яхши жисмоний тайёргарликка эга эканлигидан далолат бермоқда. Ваҳоланки, январь ойи аксар ҳолларда биз учун юқори даражада ўйин намойиш этишимизга монелик қиладиган вақт ҳисобланади. Чунки бу пайтга келиб миллий чемпионат аллақачон тугаган, футболчилар таътилга чиқиб дам олаётган бўлади. Шуларни инобатга олган ҳолда йигитларимизнинг ишқибозлар орзу қилаётган истакни рўёбга чиқара олишларига ишонаман.
Ўсмирлар терма жамоасидаги вазифам билан боғлиқ ишлар туфайли Любинко Друловичнинг ишини тузукроқ кузатиш имконига эга бўлмадим. Аммо Чиғатойдаги йиғин пайтида уни иш устида кўришга муваффақ бўлдим. У жуда малакали мутахассис эканлигини намойиш этди. Ўйлайманки, Друловичда жуда кучли мураббийлар штаби бор. Бироқ бу футбол. Боз устига гуруҳимиз ўта жиддий рақиблардан иборат. Шу сабаб кўп нарса мураббийларнинг ишига боғлиқ бўлади. Агар бош мураббий шогирдларини ўйинларга жуда яхши тайёрласа, бу муваффақият калити бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, мени мураббийлар штабида Равшан Ҳайдаровдек вакилимиз борлиги хурсанд қилади. Бундан ташқари, жисмоний тайёргарлик бўйича Жамшид Умаров ҳам бор. Асосийси, бу мураббийлар 2018 йили январда қўлга киритилган ғалабада бош-қош бўлишган ва асосий ишни бажарган ўйинчиларни ҳам яқиндан биладилар. Ҳар бир терма жамоада хорижлик мураббий ишлар экан, штабда маҳаллий мутахассисларнинг бўлишини яхши ҳолат деб ҳисоблайман. Бу ҳар томонлама яхши. Биринчидан, бизникилар хорижлик мураббийлардан ўрганишлари мумкин. Иккинчидан, улар маҳаллий футболчилар билан яхши алоқа ўрнатган бўладилар ва менталитетни биладилар. Куперда бундай мутахассислар деярли бўлмаган. Тўғри, Денис Иванков дарвозабонлар мураббийи саналади. Аммо барибир у Купернинг штабидаги ягона маҳаллий мутахассис эди.
Ислом Аҳмедов: «Футболчилардан қандай фойдаланиш мураббийларга боғлиқ»
- Бу терма жамоа яхши савиядаги футболчилардан ташкил топди. Етарли даражада тажриба тўплаган йигитларимиз бор. Мураббийлар штабида эса тажрибали Равшан Ҳайдаров бор. У қандай қилиб натижа кўрсатишни яхши билади. Европалик мутахассислар билан муваффақиятли иштирок эта олишларига ишонамиз. Рақибларга келсак, чиндан ҳам гуруҳимиз кучли. Хитойда охирги йилларда футбол ривожланяпти. Эрон билан Жанубий Корея эса ҳар доим кучли жамоа бўлиб келган. Лекин боя айтганимдек, терма жамоамизда ажойиб ўйинчилар йиғилган. Энди бу йигитлардан қандай фойдаланиш фақат мураббийларга боғлиқ. Тайёргарлик эса аъло даражада ўтди. Барибир ўртоқлик ўйин билан расмий учрашувнинг фарқи катта. Биз эса терма жамоамиздан яхши натижаларни кутиб қоламиз.
Рўзиқул Бердиев: «Футболчиларимизнинг имкониятларини яхши биламан»
- Терма жамоамизнинг Осиё чемпионатидаги иштирокини барча интиқлик билан кутяпти. Чунки бизнинг асосий мақсадимиз Олимпиада мусобақага чиқиш ҳисобланади. Олимпия терма жамоамиз сафида 10 нафар «Насаф» футболчиларининг иштирок этиши ҳам биз учун катта ютуқ. Чунки ҳар доим ўзбек футболи учун хизмат қилишга ҳаракат қиламиз. Умуман олганда, терма жамоамиздаги барча ўйинчиларимизнинг имкониятларини яхши биламан. Шу сабабли жамоамиздан фақат ижобий натижани кутяпман. Кўпчилик эса гуруҳимизни ўта хавфли деб аташяпти. Тўғри, рақиблар анойи эмас. Аммо бизнинг ҳам имкониятларимиз ва кучимизни ҳисобга олиш лозим. Терма жамоамиз ўз олдига қўйилган вазифани бажаришга қодир.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи