Фото: REUTERS / Albert Gea
Коронавирус сабаб Лионель Месси 50 миллион доллар, Криштиану Роналду 20 миллион доллар йўқотди. МБA юлдузи Леброн Жеймсга ҳар бир қолдирилган ўйин 300 минг долларга тушмоқда. Миллий хоккей лигаси ўйинчилари эса маошларининг 25 фоизидан ажралишлари мумкин. Forbes коронавирус келтириб чиқарган молиявий инқироз сабаб машҳур спортчилар қанча зарар кўришини ҳисоблаб чиқди.
Коронавируснинг зарари аввало катта спортда сезилди. Жамоалар «жон сақлаб қолиш учун» харажатларини камайтириши керак эди. Катта жамоаларда харажатларнинг аксар қисмини атлетларнинг маоши ташкил қилади. Клублар спортчилар билан келишган ҳолда маошларни қисқартиришга мажбур бўлди. Катта мусобақалар ўтказилмаётгани сабаб спортчилар мукофот пуллари ҳам олишмаяпти. Хўш, коронавирус спортчиларнинг даромадига қандай таъсир қилди?
Футбол
Европанинг аксар клубларида футболчилар маошларининг қисқаришига ўзлари рози бўлишди. Масалан, «Барселона» футболчилари маошлар қисқаришига ўзлари ташаббус кўрсатишди. Каталония суперклуби коронавирусгача бир йилда умумий 858 миллион доллар харажат қилар ва ундан 600 миллион доллари маошларга сарфланарди. Клуб инқироз сабаб маошларни 70 фоизга камайтирди.
«Барселона» сафида дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчиси Лионель Месси ҳаракат қилади. Forbes маълумотига кўра, унинг йиллик даромади реклама шартномалари билан бирга 127 миллион долларни ташкил этади. «Барселона» эса Мессига бонуслар билан бирга йилига 80 миллион доллар тўларди. Инқироз сабаб Месси 50 миллион доллар йўқотадиган бўлди.
Криштиану Роналду ҳам «Ювентус»даги жамоадошлари билан март ойидан июнгача бўлган 4 ойлик маошларидан кечадиган бўлди. Бу эса «Ювентус»га 97 миллион доллар тежаш имконини беради. Клуб шу тариқа маошлар 30 фоиз қисқаришига эришган. Ўтган йилги даромадларга кўра, Роналду учун 30 фоиз маош 20 миллион доллар дегани. Маълумот учун, у ўтган мавсумда реклама шартномалари билан бирга 109 миллион доллар ишлаган.
Франция юқори дивизиони клублари апрелдан бошлаб футболчиларни вақтинча ишсиз мақомига ўтказишди. Бу эса маошлар автоматик тарзда 30 фоизга камаяди деганидир. Клублар профессионал футболчилар кенгаши ва мамлакат молия вазирлигидан маошларни яна камайтириш бўйича тавсия ҳам олган. Унга кўра, ҳафтасига 10 мингдан 20 минг еврогача олувчиларнинг маоши 20 фоизгача, 100 минг евродан ортиқ ҳақ олувчиларнинг маоши 50 фоизгача қисқартирилиши мумкин.
Бу чекловлар айниқса «ПСЖ»га таъсир қилади. Клуб маошлар учун йилига 400 миллион евро сарфлайди ва парижликларга бу борада Франциянинг бошқа жамоаси яқин ҳам келмайди. Маош учун ажратилган пулларнинг 20 фоизи Неймарга кетади. У йилига 70 миллион доллар олади. Вақтинча ишсиз статусига ўтказилгач, Неймарнинг маоши 70 фоизга қисқарган ва у ойига 4 миллион доллар олмоқда. Бу кўрсаткич 2 миллион долларга тушиши ҳам мумкин.
Автоспорт
Коронавирус сабаб «Формула 1» мусобақалари бошланишга ҳам улгурмади. Бундан ҳамма зарар кўрди: ташкилотчилар, жамоалар ва албатта, спортчилар. Ҳар бир бекор қилинган Гран-придан жамоалар 1,5-2 миллион евро йўқотади. Қатор спортчилар ўз хоҳишларига кўра маошларидан воз кечишди. Улар орасида Себастьян Феттель ва Луис Ҳэмилтон ҳам бор. У ўтган йил 45 миллион доллар маош олган, Феттель эса 40 миллион доллар.
МБА ва МХЛ
Америка баскетбол ва хоккей лигаларида маошлар одилона назорат қилинади. Яъни, маошларнинг максимум ва минимум қийматини назорат қилиш тартиби ўрнатилган. Бу «эскроу» дейилади. Унга кўра, лига футболчиларнинг маошларидан маълум қисмини махсус суғурта фондига ўтказиб борилади. Агар мавсум охирида спортчиларнинг даромади белгилангандан юқори бўлса, лига зарарни эскроу фонди ҳисобидан тўлаб беради. Агар даромадлар кўпайиб кетса, ортган қисми фондга ўтказилади.
МХЛда эскроу фоизи ҳар чоракда ўзгариб боради. У лиганинг даромадига боғланган. Бюджет кўп бўлса, фоиз ҳам кўп бўлади. Одатда янги мавсум учун эскроу миқдори ўтган мавсумдаги даромадлар асосида тузилади. Асос сифатида лига фойдасининг 50 фоизи олинади, уни 5 фоизга кўпайтиришади (ўсиш прогнози сифатида). Чиққан суммани 15 фоизга кўтариб маошларнинг максимуми, 15 фоиз тушириб эса минимуми аниқланади - оддий арифметика.
Агар ҳаммаси математик ҳисоб-китобларга ташлаб қўйилса, кейинги йил эскроу фоизи ўсиб кетиши мумкин. Аммо лига раҳбарияти барчасини инсон омили ёрдамида назорат қилиб балансни сақлаш қолишга ҳаракат қилади. Лига клублари келишган ҳолда охирги тўловларни 15 майгача музлатишга келишиб олган. МХЛда энг кўп (16 миллион доллар) маош олувчи Митч Марнер бу музлатишдан 1,23 миллион доллар йўқотади. Бу йилги эскроу эса 14 фоизни ташкил қилиши белгиланган. Охирги 5 мавсумда хоккейчиларга бу 14 фоиздан ўртача 3 фоизи қайтариб берилган, аммо бу мавсум охирида бундай бўлмаслиги ҳақиқатга яқин.
Миллий баскетбол лигасида ҳам маошлар қисқартирилган. 15 майдан уларнинг маошларидан 25 фоизи эскроу фондига ўтказилади. Бу орқали лига ҳар бир бекор қилинган ўйин учун баскетболчиларнинг 1 фоиз маошини сақлаб қолиш имконига эга бўлади. Лиганинг энг кўп маош олувчи баскетболчилари Леброн Жеймс, Стефан Карри ва Кейин Дюрант учун 1 фоиз 300-380 минг доллар атрофида пул дегани.
Теннис ва гольф
Маош олмайдиган ва мукофотлар билан пул топадиган гольфчилар, теннисчилар ҳам ҳозир муаммога дуч келишган. Чунки мусобақалар ўтказилмаётгани сабаб улар пул топа олишмаяпти. Масалан, теннисчилар аллақачон иккитаси бекор қилинган «Катта дубулға» мусобақаларида 2-4 миллион долларгача, Мастерс туркумидаги турнирларда эса 1 миллион долларгача топишлари мумкин эди. ATP 500 туркумидаги мусобақаларда теннисчилар 300-500 минг доллар, ATP 250 турнирларида эса 100 минг долларгача ишлаб олишлари мумкин эди.
Аммо катта теннисчилар асосий даромадларини рекламадан топишади, шу сабаб улар ҳозир ҳам ижтимоий тармоқда фаол бўлиб, одамларнинг эътиборини тортишга ҳаракат қилишмоқда. 2019 йилда Роджер Федерер 93,4 миллион доллар ишлаб топган. Бундан 86 миллион доллари рекламадан келган. Дунё рейтингида биринчи ўринда бораётган Новак Жокович рекламадан умумий даромадининг (50,6 миллион доллар) 30 миллион долларини рекламадан топган. Рафаэль Надаль даромадининг (35 миллион доллар) 26 миллион долларини рекламадан топган.
Рейтингнинг қуйи қисмида бораётган теннисчилар учун эса мукофотлар ягона даромад манбайи ҳисобланади. Шу боис Федерер, Надаль ва Жокович рейтингда 200-700 ўринда бўлган теннисчилар учун ёрдам мақсадида 4 миллион доллар йиғмоқчи. Бу катта теннисчилар «Катта дубулға» турнири ташкилотчилари ва ATP ташкилотини ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқчи.
2019 йилнинг энг муваффақиятли гольфчилари Тайгер Вудс ҳамда Фил Микельсон ўтган йилги мусобақаларда мос равишда 9,9 миллион ва 12,4 миллион доллар топишган. Рекламадан эса улар кўпроқ пул топишган: Вудс 54 миллион доллар, Микельсон 36 миллион доллар. Улар ҳам ҳозирда фақат рекламага «қараб қолишган». Унчалик машҳур бўлмаган гольфчилар эса турнирлар трансляцияси эфирга қайтишини кутишга мажбур. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас