10:24 / 31.08.2020
1 929

Андрей Микляев "рельс"дан чиқиб кетган "Локомотив" бошқарувида

Андрей Микляев "рельс"дан чиқиб кетган "Локомотив" бошқарувида
Биринчи даврани муваффақиятсиз ўтказган клублар орасида “Локомотив”нинг ҳам борлиги бироз ажабланарли туюлар экан. Негадир темирйўлчилар ўз имконияти даражасидан анча паст ўйин кўрсатишди. Бунга қатор омиллар сабаб бўлгани ҳам ҳақиқат.

Аввало таркибни қатор етакчи ўйинчилар тарк этди. Қолаверса, мавсумга тайёргарлик борасида ҳам камчиликларга йўл қўйилганлиги кўриниб қолди. Оқибатда Андрей Фёдоров бош мураббийликдан истеъфога чиқарилди. Биринчи давранинг охирги иккита турида эса вақтинчалик бош мураббий сифатида Дилшод Нуралиев ишлади. Бироқ “Пахтакор” ва “Насаф”га қарши ўйинларда “Локо” чинакамига нокаутга учради. Таъбир жоиз бўлса, темирйўлчилар рельсдан чиқиб кетди, дея ифодаласак ҳам ҳақиқатга яқинроқ бўларди.

Энди эса жамоага расман янги бош мураббий тайинланди. Андрей Микляев ушбу лавозимда астойдил ишга киришди. Бунга қадар у клубда ёрдамчи мураббий сифатида ишлаб келаётганди. Умумий ҳолатда айтадиган бўлсак, Микляев мураббийлик фаолиятининг катта қисмини “Локо” учун ўтказиб келаётгани эътиборга молик. Энди бўлса, унинг зиммасига янада катта масъулият юкланди. Андрей Геннадьевич қандай бўлмасин руҳий тушкунликка тушиб қолган жамоани ёруғлик сари олиб чиқа олиши лозим. “Локомотив” бош мураббийига айланган Микляев эса дастлабки фикрларини билдирди.

- Андрей Геннадьевич, “Локомотив”ни қийин вазиятда қабул қилиб олдингиз. Жамоани яхши томонга ўзгартириш учун режаларингиз қандай?
- Дастлабки машғулотда тўпланиб, юзага келган вазиятни қандай қилиб яхши томонга ўзгартиришни футболчилар билан биргаликда муҳокама қилдик. Бу йўлда аввало клубнинг етакчи ўйинчиларининг мулоҳазаларини тингладик ва ҳолатни иложи борича ижобий тарафга ўзгартириш йўлида схема ишлаб чиқамиз.

- Раҳбарият томонидан олдингизга қандай вазифа қўйилди?
- Вазифа – бошқа клублар билан теппа-тенг кураша оладиган жанговор жамоани тузишдан иборат.

- Биринчи даврада “Локомотив” ўз дарвозасидан энг кўп гол ўтказиб юборган клуб бўлиб турибди. Ҳимоячилар ва дарвозабонга жиддий эътирозингиз борми? Энди бу муаммони қандай ҳал қилмоқчисиз?
- Эътирозлар фақат дарвозабон ёки ҳимоячиларга эмас, балки бутун клубга. Ахир биз дарвозамиздан нафақат кўп гол ўтказиб юбордик, балки рақиблар дарвозасини етарли даражада ишғол эта олмадик. Буни иложи борича ўнгламасак бўлмайди.

- Таркибда ўзгариш қилишга кеч қолдингизми?
- Таркибда ўзгаришларни амалга ошириб бўлмайди. Нега деганда, 31 августда трансфер ойнаси ёпилади. Шундай экан, ихтиёримизда бор бўлган футболчилар билан ўйнашни давом эттирамиз.

- Фаолиятингизнинг катта қисмини “Локомотив”да турли лавозимларда ўтказдингиз. Бу клуб учун шу пайтгача нима бера олдим, деб ўйлайсиз?
- Кишини жуда ноқулай аҳволга солиб қўядиган саволни бердингиз. Ўйлайманки, бунинг жавобини мендан эмас, раҳбарлардан сўраганингиз маъқулроқ. Чунки айнан улар “Локомотив”га нима бера олганимни биладилар. Фақат шуни айтишим мумкинки, “Локомотив” мен учун жуда қадрдон жамоа. У билан унутилмас ғалабалар нашидасини сурганман. Энди жамоага жуда қийин бўлиб турган вазиятда унга қўлимдан келган ёрдамни беришга ҳаракат қиламан.

Иккинчи давра бошланишигача бироз вақт борлигини ҳисобга олсак, Микляев жамоанинг руҳий ҳолатини қанчалик ижобий томонга ўзгартира оларкин? Раҳбарият бошқа жойдан мураббий олиб келмасдан клубни ичидан яхши биладиган, шу ерда ишлаётган мутахассисга ишонч билдириб қўя қолди. Албатта, Микляев борасида тайинлов қанчалик тўғри ёки нотўғри бўлганини иккинчи давра кўрсатиб берса ажаб эмас. Лекин ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, иккинчи даврада ҳам “Локомотив”даги ҳозирги мавжуд футболчилар билан ўйнашда давом этишади. Муҳими, иккинчи давра Микляев ва унинг жамоаси учун муҳим паллага айланади. Вақт қисқа, қолганини эса майдонда кўрамиз.

Шуҳратбек Жўраев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Андрей Микляев "рельс"дан чиқиб кетган "Локомотив" бошқарувида