19:44 / 19.11.2020
2 658

Суперлигада қолиш учун кураш. Кимда қандай имконият?

Суперлигада қолиш учун кураш. Кимда қандай имконият?
Суперлиганинг сўнгги йиллардаги асосий интригаси чемпионлик учун эмас, лигада қолиш учун кечмоқда. Якунига етаётган бу йилги миллий чемпионатимизда ҳам чемпион номи деярли маълум - «Пахтакор» ушбу турда ғолибликни расмийлаштириши кутилмоқда.

Турнир жадвалининг қуйи поғоналарида эса ҳақиқий интригани кўриш мумкин – 4 клуб элитадаги ўрнини сақлаб қолиш учун «жанг»га шайланмоқда.

Бу йилги чемпионатда «Қизилқум», «Сурхон», «Андижон» ва «Бухоро» Суперлигада қолиш учун кураш олиб бораётган бўлса, шулардан учтаси «Андижон», «Қизилқум» ва «Бухоро» 2019 йилда ҳам шу вазифани уддалаш учун курашганди. Бу йил аутсайдерлар сафини «Сурхон» тўлдирди. Якунда сўнгги ўринда қолган клуб Про-лигага тушиб кетса, 13-ўриндаги жамоа Про-лигада 2-ўринни эгаллаган жамоага қарши сафарда бир ўйиндан иборат плей-офф баҳсида майдонга тушади. Қуйида жамоаларнинг бу борадаги имкониятларига назар ташлаймиз.

11. «Қизилқум» - 19 очко
Тачмурод Агамуродовдан кейин яна Ҳамиджон Актамов қўл остига ўтган «Қизилқум» иккинчи давра олдидан ўз таркибини Игнатий Нестеров, Эркин Бойдуллаев сингари тажрибали футболчилар билан кучайтирганига қарамай, мавсум бошида йўқотилган очколар туфайли «хавфли зона»да қолмоқда. Қолаверса, «олтин изловчилар» Суперлига доирасидаги сўнгги 5 ўйинда бор йўғи битта ғалабага эришдилар, 2 мағлубият, 2 дуранг. Олдинда эса уларни пешқадамлар сафидан «Бунёдкор», аутсайдерлар қаторидан «Бухоро»га қарши тўқнашув кутиб турибди. Тўрт клуб орасида лигада қолиш учун энг яхши имконият айнан Навоий клубида, дейиш мумкин.

Сўнгги 4 турдаги ўйини:
23-тур: «Бухоро» - «Қизилқум»
24-тур: «Қизилқум» - «Металлург»
25-тур: «Сўғдиёна» - «Қизилқум»
26-тур: «Қизилқум» - «Бунёдкор»

12. «Сурхон» - 16 очко
Ушбу мавсумда мураббийлар қўнимсизлиги ва легионерлар масаласида молиявий муаммоларга дуч келган Термиз клуби номдор таркибига қарамай, охир-оқибат аутсайдерлар сафига тушиб қолди. Йилни Баҳром Ҳайдаров қўл остида бошлаган термизликлар мавсум ўртасида Равшан Ҳайдаровни бош мураббий сифатида эълон қилган бўлсалар-да, кўп ўтмай Равшан Акмалович жамоада маслаҳатчи мураббийга айланди, Владимир Андреев эса жамоани бошлаб тушмоқда. Сурхондарё клуби охирги 5 ўйинда фақат битта баҳсда ғалаба қозонди – сўнгги турдаги «6 очколик ўйин»да «Андижон» мағлуб этилди. Олдинда эса термизликларни оғир тақвим кутиб турибди. Жамоа 4 ўйиндан учтасини сафарда ўтказади. 24-турдаги «Бухоро»га қарши баҳсда клуб Суперлигадаги ўрнини кафолатлаши мумкин.

Сўнгги 4 турдаги ўйини:
23-тур: «Навбаҳор» - «Сурхон»
24-тур: «Сурхон» - «Бухоро»
25-тур: «Металлург» - «Сурхон»
26-тур: «Сўғдиёна» - «Сурхон»

13. «Андижон» - 13 очко
Мураббийлар қўнимсизлиги ва молиявий муаммолар сабабли «Андижон» элитадаги ўрнини йўқотиш хавфи остида турибди. Мавсумни Александр Хомяков қўл остида бошлаган андижонликлар бир йил ичида Жамшид Саидов, Диёр Мирзабоев, Виктор Кумиков, Бахтиёр Ҳамидуллаев бошқарувида тўп суриб, ўтган турдаги «Сурхон»га учралган мағлубиятдан кейин кутилмаганда маҳаллий мутахассисни ҳам истеъфога чиқаришди. Янги раҳбарият Отабек Ғуломхўжаевга ишонч билдирди ва унинг дебюти ушбу турда молиявий муаммолар гирдобидаги «Машъал»га қарши кузатилади.

«Бургутлар» охирги 5 ўйиндан буён ғалаба нималигини билишмаяпти. Аксига олиб жамоанинг тақвими жуда оғир - «Машъал»дан кейин «Андижон»ни ОКМК, «Қўқон-1912», «Пахтакор» сингари пешқадамлар билан баҳслар кутиб турибди. Бунгача фақат ёшлар билан ишлаб келган янги ёш мураббийнинг клубни лигада олиб қолиши мўъжизага тенг бўлади.

Сўнгги 4 турдаги ўйини:
23-тур: «Андижон» - «Машъал»
24-тур: ОКМК - «Андижон»
25-тур: «Андижон» - «Қўқон-1912»
26-тур: «Пахтакор» - «Андижон»

14. «Бухоро» - 12 очко
Ўтган мавсумда «Андижон»ни лигада олиб қолган Хомяков – Саидов жуфтлиги бу йил «Бухоро»ни элитада олиб қолишга уринади. Аммо бу сафарги вазият анча оғир – «Бухоро» охирги 11 ўйиндан буён ғалаба нималигини билмаяпти. Кўҳна шаҳарликлар майдон борасидаги муаммо туфайли бутун мавсум давомида Бухорода тўп сурмагани ҳам жамоа зарарига ишламоқда. Жамшид Саидов шогирдларининг сўнгги 4 ўйинидан 3таси турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётган клубларга қарши ўтади. «Қизилқум», «Сурхон», «Машъал» ва ОКМКга қарши баҳс бухороликлар учун финал даражасида ўтади.

Айниқса, ОКМК билан сўнгги турдаги тўқнашув ўзига хос аҳамиятга эга. Зеро, 2019 йилда ҳам «Бухоро» охирги турда Олмалиқ клубига қарши жуда муҳим баҳсда майдонга тушган ва 90+3-дақиқада бош ҳакам Жасур Мухторовнинг шубҳали пенальтиси Муҳсин Муҳаммадиев мураббийлигидаги «Бухоро»ни қуйи лигага тушиб кетишдан қутқариб қолганди. Бу сафар ҳам «Бухоро»нинг элитадаги тақдири Миржалол Қосимов жамоаси қўлига ўтса ажабмас. Ҳар қандай ҳолатда ҳам «Андижон» ва «Бухоро»нинг вазияти қолганлардан анча оғирроқдек кўринмоқда.

Сўнгги 4 турдаги ўйини:
23-тур: «Бухоро» - «Қизилқум»
24-тур: «Сурхон» - «Бухоро»
25-тур: «Бухоро» - «Машъал»
26-тур: ОКМК - «Бухоро».

Усмон Ибодов

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Суперлигада қолиш учун кураш. Кимда қандай имконият?