2 527
Арвеладзенинг кетиши Абрамовни нега безовта қиляпти? Унга "Пахтакор"дан таклиф борми? Терма жамоа режасида қандай ўзгаришлар бўляпти?
Ушбу ҳафтанинг муҳим воқеаси сифатида Шота Арвеладзенинг “Пахтакор” билан хайрлашганини айтиш мумкин. Балки бу кўпчилик учун кутилмаган ҳолат бўлиб туюлгандир. Боз устига чемпион мураббийнинг юртимиздан кетиши ҳеч кимни беэътибор қолдирмади.
Ўз навбатида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам Шота Ютсиновични “Пахтакор”ни тарк этганига жим қараб тура олмади. Унинг наздида Арвеладзенинг кетиши футболимиз учун катта йўқотишми? Бу борада Вадим Карленович шундай деди:
- Шак-шубҳасиз, бу катта йўқотиш. Миллий терма жамоа бош мураббийи сифатида мен буни айнан шундай ҳисоблайман. Чунки “Пахтакор”да терма жамоанинг 90 фоиз футболчилари тўп суради. Қолаверса, март ойида расмий учрашувлар бор. “Пахтакор”га қайси мураббий келади, бу мени хавотирга солмасдан қўймаяпти. Чунки Арвеладзега кўникиб қолган футболчиларнинг ўша пайтга бориб қандай ҳолатда бўлиши мумкинлигини ҳеч ким билмайди. Тўғри, унинг нима сабабдан кетганини билмайман. Бироқ барибир бу кетиш мени бироз безовта қилмасдан қўймади.
Биласиз, ҳозирда “Пахтакор”ни муваффақиятларга етаклаб келган мутахассис энг яхши мураббий бўлиш учун номзодлар орасида бор. Абрамов учун бу йилги мавсумда энг яхши мураббий ва футболчи ким?
- Бунинг ҳеч қандай ажабланадиган жойи йўқ. Чемпионатни ва кубокни “Пахтакор” ютган экан, ўз-ўзидан клуб ва унинг бош мураббийи мавсумнинг қаҳрамони бўлади-да. Ўйинчилар орасида менга ҳаммасидан кўра Драган Черан ёқди, - дея жавоб берди Вадим Карленович.
Энди Арвеладзедан бўшаб қолган бош мураббий лавозимини ким эгаллаши ҳам омма этиборида қизғин муҳокама қилинаётгани бор гап. Ҳаттоки, “Пахтакор” бош мураббийлиги учун Абрамовнинг ҳам номзоди борлиги ҳақидаги миш-мишлар қулоққа чалинди. Қизиқ, бу қанчалик ҳақиқат? Абрамовнинг жавоби шундай бўлди:
- Жуда қизиқарли савол бердингиз-ку. Мен миллий терма жамоадан ташқари “Бунёдкор”ни ҳам бошқараман. “Бунёдкор”дан кетишим кераклигини ҳали менга ҳеч ким етказгани йўқ. Мен бу масалани муҳокама қилиб ўтиришга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман. Чунки миллий терма жамоа устози сифатида асосий диққат-эътиборим айнан у билан боғлиқ бўлиб қолган. “Бунёдкор”дан кетган тақдиримда ҳам фақат миллий терма жамоада ишлайман.
Бундоқ олиб қараганда, “Бунёдкор”дан расман кетиб бўлдим ҳам. Чунки раҳбарият билан клубни йилнинг охирига қадар бошқариш борасида келишувим бор эди. Биз қонун-қоидаларга риоя қилгувчи одамлармиз. Келишдикми, бунга албатта риоя қилмоғимиз даркор. Боя айтганимдек, энди бундан сўнг бутун диққат-эътиборимни миллий терма жамоадаги ишимга қаратаман холос.
Яқинда “Спартак”да тўп сураётган ҳамюртимиз Остон Ўруновга нисбатан россиялик мутахассис Сергей Юраннинг ёшига тааллуқли ноўрин билдирган муносабати туфайли жиддий эътирозлар юз бермоқда. Абрамов эса мазкур масалага ўз позициясини билдирди.
- Остон Ўруновнинг ёши билан боғлиқ юзага келган турли гап-сўзларни муҳокама қилиб ўтириш керак эмас. Эшитган бўлсангиз, ЎФА ҳам Юраннинг бу гапига ўз муносабатини билдириб бўлган. Юқоридаги баёнотга нимани қўшишимни ҳам билмайман. Фақат шуни айтишим керакки, Сергей Юран қаёқдаги миш-мишларга таянган ҳолда барчанинг диққат-эътиборини шу мавзуга бурди. Профессионал инсон бундай гап-сўзларни рост ё ёлғонлигини билмасдан туриб подадан олдин чанг чиқармаслиги керак. Агар шундай қабилидаги гапни бозордаги бирор чол ёки кампир гапирганда ҳам бундан ажабланиш ярамасди. Мен буни кўр-кўрона юритилган мулоҳаза, деб баҳолайман холос.
Бу йил пандемия сабабли кўплаб ўйинлар, шу жумладан жаҳон чемпионати йўлланмаси учун иккинчи саралаш баҳсларини бир нечта ўйинлари келаси йилнинг март ойига кўчирилганди. Декабрь ойи тугаб боряпти. Олдинда тайёрланиш учун тўлиқ январь ва февраль ойлари бор. Ундан кейин эса расмий ўйинларга киришамиз. Шу масала бўйича Вадим Абрамовнинг режалари қандай эканлиги билан қизиқдик.
- Арвеладзенинг кетиши мумкинлигини билмаган ҳолда хомаки режа тузиб қўйгандим. Биз январда ва февралда йиғинлар ўтказишни мақсад қилганмиз. “Пахтакор”нинг бу пайтда Дубайда бўлишини инобатга олмасликнинг иложи йўқ. Қолаверса, биз “Зенит” ва “Спартак” билан назорат учрашувларида куч синашишни келишиб қўйгандик. Кейин маълум бўлишича, “Пахтакор” ҳам улар билан шу масалада гаплашган экан. Шу боис, бу каби ўйинларни ўтказишнинг ҳожати йўқ, деб ҳисобладим. Ахир “Пахтакор” терма жамоанинг базавий клуби ҳисобланади-ку.
Хуллас, охир-оқибат “Пахтакор”нинг 20 январдан 5 февралагача Дубайда бўлишига келишиб олдик. Кейин улар Тошкентга учиб келгач, 13 дан 18 февралгача Тошкентда йиғин ўтказамиз. Ваҳоланки, бунга қадар 8 дан 18 га қадар Дубайда ўқув-йиғин машғулоти ташкил этишни режалаштиргандик. Кейин эса чемпионат бошланади. Мартда расмий ўйинимиз бор. Бундан олдин эса Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш борасида келишиб қўйгандик.
Шунингдек, миллий терма жамоа ва “Бунёдкор” клуби аъзоси Санжар Қодирқуловни келаси йили легионерга айланиши кутилмоқда. Вадим Карленович ушбу шогирди хусусида қандай йўл танлаши борасида ўз фикрини билдирди.
- Гап шундаки, Санжар Қодирқуловнинг шартномаси ниҳоясига етган. .Агар футболчини ҳар томонлама қониқтирадиган таклиф келса, бунга монелик қила олмаймиз. Албатта, унинг хоҳишини қабул қилишдан бошқа чорамиз қолмайди. Умид қиламизки, у бундан кейин ҳам “Бунёдкор”да қолади.
Бундан ташқари, яна бир иқтидорли футболчимиз Жасур Жалолиддиновнинг бугунги ҳолати ҳам Абрамовни ташвишга соляпти. У “Бунёдкор”дан Москванинг “Локомотив” клубига кетди. Кейин у ердан “Тамбов”га ижарага берилди. Бироқ ўйин амалиёти бўлмади. Бу хусусида Вадим Карленович қуйидагиларни айтди:
- Ўзингиз қаранг, иш профессионалларга хос тарзда юритилмай, турли гап-сўзлар ва миш-мишларга таяналидаган бўлса, ўз-ўзидан бу тузиб қўйилган режага таъсир ўтказмасдан қолмайди. “Локомотив” билан дастлаб шундай келишувимиз бор эди: агар Жалолиддинов клубда ўйнаб кетмаса, бизга қайтиши кўзда тутилганди. У “Локомотив”да маошини олаверарди, лекин ўйнашни “Бунёдкор”да давом эттириши керак эди. Кейин бизда клуб бош директори ўзгаргани боис келишув билан боғлиқ шартлар чўзилиб кетди. Охир-оқибат трансфер ойнаси ҳам чемпионатимизда ёпилди. Шунинг учун уни ўзимизда майдонга тушадиган футболчилар рўйхатидан ўтказишнинг иложи бўлмади. Шунинг учун ҳам Жасур охир-оқибат “Тамбов”га ижарага берилди. Билишимча, у ерда ҳам майдонга тушмади. Ҳозир мавсумлар оралиғи бошланди, энди унинг ҳолати қандай даражада эканлигини йиғинлар ташкил этилганда кўрамиз.
Шуҳратбек Жўраев
«Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Кремль Украина бўйича музокарада шартлар қўйишга уринмоқда