11:19 / 12.01.2021
1 415

Генуяда Шомуродов учун ош дамланди ёхуд “Юве”дан қўнғироқ бўлдими?

Генуяда Шомуродов учун ош дамланди ёхуд “Юве”дан қўнғироқ бўлдими?
Россиянинг “Спорт-Экспресс” нашрининг “Женоа” футбол клуби янгиликлари ва Элдор Шомуродовнинг мазкур жамоадаги фаолиятини ёритиб бораётган buoncalcioatutti.it сайти муаллифи Алессио Семино билан суҳбатининг давомини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қайси мураббий Шомуродовдек футболчидан ўз ихтиёри билан воз кеча олади? (Биринчи қисм)

- Сизнингча, Шомуродов ҳужумда қайси футболчи билан бирга ўйнаши қулай – Маттиа Дестроми ёки Скамакка? Балки, генуяликларнинг фахрий ҳужумчиси Горан Пандев билан ўйнатиб кўриш маъқулдир?
- Асосийси шуки, бугунги кунда Шомуродов мураббийнинг ҳар қандай вариантига тўғри келади. Мураббий муайян ўйинда қўллайдиган тактик усули учун Шомуродовга жой топишда қийналмайди, чунки Элдор мослашувчан футболчи ва ҳар қандай шерик билан яхши ўйнай олади. Шомуродов А Серияда қолишга курашаётган жамоа учун муҳим ўрин тутади.

“Женоа” мураккаб вазиятда қолган ва уларнинг ҳар бир учрашуви муҳим аҳамият касб этади. Ҳал қилувчи беллашувларда эса, худди Элдор сингари ҳам ўзи, ҳам жамоадошлари учун борини бериб ўйнайдиган футболчи керак. Ўтган ўйинда “Женоа” бирдам бўлиб ҳаракат қилди ва “Болонья” устидан ҳақли ғалабага эришди. Ана шундай давом этиш керак, ва албатта, шунда “Женоа” лигадаги ўрнини сақлаб қолади. Қолаверса, Баллардинидек мураббий билан жамоа бу вазифани уддалайди ва бунда Шомуродовнинг ёрдами катта бўлади.

- Ковид туфайли Италияда ҳам мулоқот чекланган. Шундай бўлса-да, Генуяда Элдор ҳақида нималар дейишяпти?
- Пандемиядан аввал, ҳамкасбларимиз билан бирга футболчилар билан кўпроқ ва эркин мулоқот қилиш имконига эга эдик. Мухлислар ҳам шундай қиларди. Ҳозир ҳаммаси чекланган. Ўйинчиларнинг ўзлари ҳам шаҳарга деярли чиқмайди, мулоқотларни кескин камайтирган. Умид қиламанки, Элдор тез орада Генуя шаҳри билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади. Ҳозир эса, асосан уй ва машғулотлар базаси ўртасида қатнаяпти.

Бундан ташқари, у итальян тилини ўрганишга қаттиқ киришганидан хабардормиз. Ютуқлари ҳам кўриниб қолди. Шунинг ўзи ҳам унинг Италия ҳаётига тезроқ киришиб кетишни истаётганини билдиради. Баъзан, майдонда ҳакамларга итальян тилида эътироз билдираётганини ҳам кўряпмиз, демак, ўсиш бор!

- Шомуродовни Генуяда паловга таклиф қилишгани ҳақида ҳам гапириб беринг...
- Бу маҳаллий мухлислар Элдорни яхши кўриб қолишганининг яна бир исботи. “Женоа” мухлисларидан бирининг рафиқаси рус тилида гаплашадиган миллат вакиласи экан. У ўзбекларнинг машҳур паловини тайёрлашни билар экан. Шомуродов яқинда паловни яхши кўришини айтганди. Сайтимиз орқали Элдорни ўша оила ошга таклиф қилди.

Табиийки, пандемия даврида меҳмондорчиликлар таъқиқланган ва Элдор у ерга бора олмади. Лекин қачондир бу таъқиқларнинг ҳаммаси олиб ташланади. Мен Шомуродовга Генуяда дамланган палов маъқул келишидан ва у шаҳримизда узоқ вақт қолишидан умидворман!

Дарҳақиқат, бугунги кунда Элдор Шомуродов ҳақида Ўзбекистон, Россия, Италия ва бошқа мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларида, турли сайтларда, ижтимоий тармоқларда жуда кўп ёзилмоқда.

Италиядаги манбаларнинг аксарияти ўзбек футболчисига “Ювентус”дан қизиқиш бўлаётгани ҳақиқат эканини таъкидлаяпти. La Gazzetta dello Sport газетасида Шомуродов ҳақидаги мақолада муаллиф Гримальди шундай ёзади: “25 ёшли ўзбек футболчисининг инстаграм саҳифасида Муҳаммад Салоҳ ва Жозе Моуриньо билан тушган сурати жойланган. Саҳифани 133 мингдан ортиқ одам кузатади. Постларга 30 мингга яқин “лайк” босилади”.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, La Gazzetta dello Sport газетаси ҳам Элдор Шомуродовга Туриндан қизиқиш борлигини тасдиқлади. Мақола муаллифи: “Мендаги маълумотларга қараганда, “Болонья” билан бўлган учрашувдан кейин “Ювентус” спорт директори “Женоа” клуби ва Шомуродовнинг агентлари билан боғланган. Албатта, гап тезкор трансфер ҳақида боргани йўқ, лекин “Ростов”нинг собиқ ҳужумчиси уларнинг эътиборига тушгани ҳақиқат”, - деб ёзмоқда.

Бундан ташқари, хориж матбуотидаги чиқишларда Элдор яқинда туғилган фарзандига Мустафо, деб исм қўйгани, февралда оиласи Италияга келиши, клубдагилар ва мухлислар унинг ўйинидан мамнун экани, жамоа ичида хорватиялик легионерлар Марко Пьяца ва Милан Бадель билан яхши чиқишиши, улар футболчимизни янги йил байрамини бирга нишонлашга таклиф қилгани, янги мураббий Давиде Баллардинининг муносабати ҳақида кўплаб маълумотлар келтирилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)