12:02 / 20.02.2021
2 172

Роналду ва Месси тахтдан тушдими?!

Роналду ва Месси тахтдан тушдими?!
Европа Чемпионлар Лигасининг иккинчи ўйин куни қизиқарли воқеаларга бой ўтди. «Порту» иккита таймда иккита тезкор гол билан «Ювентус»ни зарарсизлантирган бўлса, «Севилья»ни Дортмунддан келган меҳмонлар ранжитиб кетишди. Шунга қарамай, Андалусия клуби «Барселона» сингари биринчи учрашувнинг ўзидаёқ қўлларини тушириб юбормади.

Эрлинг Холанд катта саҳнага чиқишидан бир кун аввал Мбаппе футбол тожини кийган эди, аммо норвегиялик ҳужумчи бир уринишда тожни Килиандан (вақтинча) тортиб олди.

У «Севилья»га қарши баҳсдан сўнг, Мбаппенинг хет-тригидан руҳланганини яшириб ўтирмади. Эрлинг ҳам Килиан сингари ўзи иштирок этган ўйиннинг бош қаҳрамонига айланди. 2 та гол ва битта ассист. Тўғри, Мбаппе «Барса»га қарши ўйинда қаҳрамонлик кўрсатди, аммо Эрлинг намойиш этаётган статистика киши кўзини қувнатмоқда.

«Рамон Санчес Писхуан»даги ўйинда Сусо ҳисобни очган бўлишига қарамай, Дортмунд клуби тезда ўзига келди. Маҳмуд Давуд берган чиройли зарба ҳисобни тенглаштирди. Кейин катта саҳнага Эрлинг чиқди. 2 та гол ва рақиб ўз майдонида аламли мағлубиятни қабул қилиб олмоқда.

Ёш форварднинг жорий мавсумдаги ЕЧЛ ўйинларидаги рекорди анча яхшиланди. У 8 та гол билан тўпурурлар пойгасида пешқадамлик қилмоқда. Эътиборлиси шундаки, Холанд атиги 5 та ўйинда иштирок этган, холос. Ундан кўпроқ учрашувда майдонга тушган Неймар (6), Мората (6) ва Рэшфорд (6) ҳам Дортмунд страйкеридан ортда қолмоқда.

Испаниядаги ўйиндан сўнг, Эрлинг ўзига хос рекорд қайд этди. У сайёрамиздаги 21 ёшга қадар ЕЧЛда 18 та гол урган биринчи футболчига айланди. Килианда ҳозирча 24 та гол бор. Бироқ унинг ёши Холандникидан каттароқ. Боз устига, ўтказган ўйинлари сони ҳам кўп.

Эрлинг «Боруссия» Дортмунд либосидаги 42 та ўйинда 41 бор рақиб дарвозасини ишғол этишни уддалади. Немис жамоаси учун ЕЧЛда 10 та гол уришга атиги 7 ўйин керак бўлди. Унинг статистикаси шунчаки фантастика!

Агар Европа Чемпионлар Лигаси тўпурарлари ҳақидаги маълумотларга кўз ташласангиз, Холанд катта тезликда улар орасига кириб келганини англайсиз. 13 та ўйин ва 18 та гол. Норвегиялик футболчи ўзининг эндигина 3-мусобақасида иштирок этмоқда, холос.

Агар солиштирадиган бўлсак, Роберт Левандовски «Боруссия» либосида ЕЧЛнинг 3 мавсумида 28 бор майдонга тушган. Киритган голлари сони эса, Холандникидан камроқ. Польшалик тўпурар фақатгина «Бавария» сафидаги 3 мавсумда 18 бор рақиблари дарвозасини (ЕЧЛда) ишғол қилишни уддалади.

Лео Месси эса, ўзининг Каталониядаги 5-мавсумидагина 18 (ЕЧЛда) бор рақиб дарвозасини аниқ нишонга олган.

Айни дамда, мусобақа тарихидаги энг яхши тўпурар – Криштиану Роналду ҳам Эрлинг билан баҳслаша олмайди. Криш фақат Мадридга кўчиб ўтгачгина ўзининг 18-голини нишонлаган. Бунинг учун унга 40 та ўйин керак бўлганини унутмаслик лозим.

Бундан ортиқ мисол келтиришнинг ҳожати йўқ. 20 ёшли Холанд чинакам гол машинаси. Роналду ва Мессиннг эраси якунланса, Холанд янада ёрқинроқ порлаши аниқ.

Бунинг учун ҳужумчи ўз устида ишлашдан тўхтаб қолмаслиги талаб этилади. Бошқа бир томондан Килиан Мбаппе ҳам унга эркин нафас олиш имконини қолдирмоқчи эмас. Амалдаги ЖЧ ғолиби ҳам «олтин тўп»нинг келажакдаги соҳибларидан бири эканлигини тахмин қилинмоқда.

Килиан «Монако»дан Парижга кўчиб ўтганида, Неймар билан бир даражада футбол намойиш этишини ҳеч ким тахмин қилмагани аниқ. Мактаб ўқувчиси бўлишига қарамай, Килиан қисқа муддатда профессионал футболни забт этди. Трансфер суммаси ("Трансфермаркт" нашри маълумотлари асосида) бобида Неймарни ортда қолдирди. Қийин паллаларда жамоанинг асосий суянчиғига айланди. Бу омил «Камп Ноу»даги баҳсда ҳам яққол кўринди. ПСЖда янги етакчи пайдо бўлмоқда.

Бу йигитлар бир клубда тўп сурмаса, 21 асрдаги навбатдаги супер қарама-қаршилик гувоҳи бўлишимиз мумкин. Эрлинг Холанд – Килиан Мбаппе! Тўғри, бу Роналду – Месси сингари жарангдор номлар эмас, аммо борига шукур қилишдан бошқа чорамиз йўқ.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роналду ва Месси тахтдан тушдими?!