19:27 / 03.04.2021
1 858

Иқболжон Холдоров: "Дебют жангимдаги ғалабани онамга бағишлайман"

Иқболжон Холдоров: "Дебют жангимдаги ғалабани онамга бағишлайман"
"Ҳумо Арена" мезбонлик қилаётган профессионал бокс кечасини тезкор нокаут билан бошлаб берган чарм қўлқоп устамиз Иқболжон Холдоров жангдан сўнг сайтимиз мухбирлари учун интервью берди.

Холдоров проф боксдаги дебют жангида танзаниялик Кулва Буширига қарши рингга кўтарилди ва 6 раундга мўлжалланган жангда рақибини иккинчи раундда нокаутга учратди.

- Очиғи, асосий эътиборни рақибимни нокаут қилишга қаратмадим, дея сўз бошлади Холдоров. - Профессионал рингдаги биринчи жангим бўлгани учун чиройли ҳаракатлар эвазига ғалаба қозониш учун интилдим. Чиройли жанг ўтказсангиз, нокаут ўзи келаверади.

- Бугунги ғалабангизни кимга бағишлайсиз?
- Шубҳасиз, мени дунёга келтирган Онамга! Одатда онам жангимни кўрмайдилар. Лекин бугун улар "Ҳумо Арена"далар. Онажон, сизни яхши кўраман.

- Иқболжон, боксчиларимизнинг бугунги иштирокини бошлаб бердингиз. Бу сизга қўшимча босим юкламадими?
- Ўрта вазн тоифаси вакили бўлганим учун одатда бокс оқшомларининг тенг яримларида рингга чиқардим. Энди бугун проф боксдаги дебют жангим бўлгани учун оқшомни бошлаб бериш менинг чекимга тушди. Кеча тарозидан ўтиш маросимида иккинчи бўлиб чақрилгандим. Шундан келиб чиқиб бугун оқшомни бошлаб берсам керак деб ўйламагандим. Эрталаб мураббийлар биринчи бўлиб рингга кўтарилишимни айтишди. Аксинча, биринчи бўлиб бошлаш менга ёқди. Менинг ғалабам қолган боксчиларимизга руҳий устунлик беришига ишонаман.

- Профессионал боксда йўналишлар кўп - WBC, WBA, WBO ва IBF. Сиз қайси йўналишдан кетмоқчисиз?
- Ҳозир бу ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Эндигина биринчи жангимни ўтказдим. Вазиятга қараб иш тутаверамиз. Ўрганиб чиқаман ва ўзимга қулай йўналишларда рингга чиқаман.

- Сизни рингда кўрмаганимизга ҳам анча бўлганди. Охирги расмий жангингиз қачон ўтказилганини эслай оласизми?
- Бир ярим йилча вақт бўлди. Жароҳат ва пандемик вазият сабаб кўпроқ дам олишимга тўғри келди.

- АҚШга қачон жўнаб кетасиз?
- Бугун промоутерлар жангимни бевосита аренада томоша қилишди. Ўйлайманки, бу жараён чўзилиб кетмайди.

Хуршида Абдиқулова ёзиб олди

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Иқболжон Холдоров: "Дебют жангимдаги ғалабани онамга бағишлайман"