20:03 / 07.06.2021
2 885

Акмал Шораҳмедов: Саудияни ютишимизга ишонаётгани, кучли ва кучсиз жиҳатларимиз ҳақида


Ўзбекистон миллий терма жамоамизнинг расмий ўйинларини ҳам соғингандик. Мана, ўша кунлар келди ва бугун вакилларимиз Сингапурга қарши майдонга тушишади.

Шунингдек, бизни олдинда Яман ҳамда Саудия Арабистонига қарши беллашувларимиз ҳам бор. Ҳамма эса саудияликларга қарши ўйинни катта қизиқиш билан кутаётгани сир эмас. Бу борада футболимиз мутахассислари ҳам ўз фикрларини билдиришяпти.
Бугунги кунда “Нефтчи” шарафини ҳимоя қилаётган терма жамоамизнинг собиқ футболчиси – Акмал Шораҳмедов sports.uz мухбирининг терма жамоамизга доир саволларига жавоб қайтарди.

- Вадим Абрамовни Саудия Арабистонига олиб кетган таркиби бўйича фикрингиз қандай ёки кимнидир четда қолдирди, деб ўйлайсизми?
- Вадим Абрамов таркибга жалб қилган барча футболчилар яхши савияда, мураббийнинг танловларига қўшиламан. Фақатгина Фарруҳ Сайфиевни ташлаб кетганини нотўғри деб ўйлайман. Чунки у охирги икки йилда Осиё Чемпионлар лигасида ҳам, бошқа мусобақаларда ҳам яхши ўйнаяпти. Шу билан бирга Сайфиевнинг жисмоний тайёргарлиги ва ўйини бўйича жамоасида энг кучлиси бўлса керак. Жалолиддин Машарипов билан ҳам у бир қанотда жуда яхши тандем сифатида ўйнай оладилар. Албатта, таркибга кимни жалб қилишни мураббий ҳал қилади. Мен фақат шахсий фикримни айтяпман. Иброҳимхалил Йўлдошев ҳам ёмон ўйинчи эмас. Аммо Фарруҳ Сайфиев каби у катта ҳажмдаги ишни бажара олмайди деб ўйлайман.

- Айтинг-чи, Саудия Арабистонини ютиш учун нима қилиш керак?
- Саудия Арабистони ютиб бўлмайдиган жамоа эмас. Бизнинг ҳозирги таркибимиз билан ғалабага эришса бўлади, ютади деб ўйлаяпман. Фақат ўйин бошида, айтайлик 15-20 дақиқа давомида гол ўтказиб юбормаслигимиз керак. Жисмоний жиҳатдан уларга қараганда кучлироқмиз деб ҳисоблайман. Учрашув охирларида гол уриб кетишимиз мумкин. Таркибимизга қарасак, барибир жисмоний томондан кучли футболчилар йиғилган. Менимча, иккинчи таймда терма жамоамиз яхшироқ ўйин кўрсатади ва шунинг эвазига уч очкони қўлга киритсак керак.

- Шахсан сизда терма жамоамизнинг муҳим ўйинлари олдидан қандай хавотир бор?
- Хавотир ҳар доим бўлади. Биринчи навбатда Сингапур билан Яманни ютиб олишимиз лозим. Бу – футболда, баъзи пайтларда оддий рақибга қарши ҳам очко йўқотиб қўйиш мумкин. Ҳозир Саудияни ўйлаб туриб олдимиздаги ўйинларда очко йўқотадиган бўлсак, ҳаммаси расво бўлади. Аввало иккита учрашувни жароҳатларсиз ўтказиб, ғалабаларга эришиб, кейин Саудияга қарши баҳс ҳақида ўйлашимиз лозим. Мабодо, унгача ютқазиб, кейин Саудия Арабистонини ютсак унда мақсадга эриша олмаймиз.

- Нима деб ўйлайсиз, Абрамов қайсар мураббийми?
- Абрамов ўз фикрига эга бўлган, кичик пас орқали ўйнайдиган мураббий. Барибир марказий ҳимоямизда бўй жиҳатидан пастроқ футболчилар тўп суришяпти. Олдин Анзур Исмоилов бор эди, у бўйдор ҳимоячи эди. Марказий ҳимояда айнан унга ўхшаган бўйи баланд ўйинчи бўлиши керак. Эрон, Австралия, Корея сингари кучли рақиблар билан ўйнаганда улар стандарт вазиятларда кўпинча бош билан дарвозамизга гол уриб кетишади. Мураббийимиз футболчиларни ҳаддан ортиқ техникасига аҳамият қаратиб юборади. Европада кучли клубларни кўрсангиз ҳам ҳеч бўлмаганда битта бўйи баланд ҳимоячиси бўлади.

- Терма жамоамизда асосан қайси футболчимиздан кўпроқ умид қиляпсиз?
- Терма жамоамизда ҳозирги пайтда энг зўр формадаги футболчилар – Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров ва албатта Элдор Шомуродов. Қолганлар ҳам ёмон формада эмас. Одил Аҳмедов ҳар қандай спорт формасида ҳам жамоага фойда келтира олади. Бизда ҳали Одилнинг ўрнини босадиган ўйинчи тайёр эмас. У бизга катта ёрдам беради деб ўйлайман. Ҳожимат Эркиновни ҳам захирадан майдонга тушиши сюрприз бўлади. Чунки ҳали терма жамоалар унинг қандай кучга эгалигини билишмайди. Бу футболчининг тезкорлиги ҳам жамоамизга ёрдам беради деб ҳисоблайман.

- Энг кучли ва заиф нуқталаримизни айта оласизми?
- Энг кучли тарафамиз – ярим ҳимоя ва ҳужумкор ярим ҳимоячиларимизни айта оламан. Энг кучсиз жиҳатимиз?! Барибир ҳимояда бўйдор футболчиларимиз бўлса яхши бўларди. Лекин ҳозиргилари ҳам чакки эмас. Дунё футболини кўрсангиз, стандарт вазиятлар кўп нарсани ҳал қилаётганини кўриш мумкин. Терма жамоамизда эса футболчилар бўй жиҳатидан кичиклашиб қолишди. Ҳозирги футболда жисмоний томондан яхши кўрсатгичлар ҳам кўп нарсани ҳал қиляпти.
 

Шуҳратбек Жўраев


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Акмал Шораҳмедов: Саудияни ютишимизга ишонаётгани, кучли ва кучсиз жиҳатларимиз ҳақида