20:33 / 07.06.2021
2 386

Жанг бошланди! Рақибимиз Сингапурни қайси нуқталари ожиз?


«Оқ бўрилар» учун ҳаёт-мамот кунлари бошланди. Тан олиш лозим, бизни бир қарашда енгил, лекин осон бўлмаган 3 ўйин кутиб турибди. Шу кунга қадар, ЖЧ саралаш ўйинларининг финал босқичи арафасида бу қадар катта муаммога дуч келмаган эдик. Ҳеч қиси йўқ, асосийси якун чиройли бўлса бўлгани. Тарих, фақат ғолибларни эслаб қолади. Олдимиздаги 3 ўйиннинг биринчисида имкониятларимиз қандай? Рақибнинг ожиз нуқталари сифатида нимани кўрсата оламиз? Терма жамоамизга  учрашувда нима қўл келиши мумкин? Шу ва бошқа саволларга бугун жавоб излашга уриниб кўрамиз.

Яхши дарвозабон ярим жамоа...

Сингапур дарвозасини сўнгги ўйинларда Изван Маҳмуд қўриқлаб келмоқда. 1990 йилда таваллуд топган посбон ёшлик чоғида тинейжерлардан бири сифатида эътироф этилган, 2011 йилдан бери миллий жамоадан мунтазам чақирув олади.

Айни дамда, терма жамоанинг энг ожиз нуқталаридан бири сифатида айнан уни кўрсатишимиз мумкин. Бўйи 1,8 метр бўлган Изван тўп учун чиқишда кўп хатога йўл қўяди. Бундан ташқари, юқоридан берилган зарбаларда жуда бўш. Умуман олганда, кипернинг савияси ҳатто миллий терма даражасидан ҳам пастроқ десак, умид қиламанки адашмаган бўламан. Рақиб футболчисини камситиш ниятим йўқ, лекин бу омил бизнинг фойдамизга ишлашидан умидим бор. Ҳар ҳолда, бизга Сингапур билан учрашувда ғалабанинг ўзи камлик қилади.

Гап шундаки, биз оптимистик руҳни йўқотмаган холда, иккинчи ўринимизни яхшилаб олишимиз керак. Хар эҳтимолга қарши албатта. Бунинг учун камида 5 тўп фарқи билан ғалаба қозонишимиз керак. Ана шунда, Қуввайт, Тожикистон ва БАА термалари билан голлари нисбатида ўзиб кетишимиз (албатта вақтинча) мумкин.

Сингапур кипери ўтиб бўлмас қала эмас. Бу қувонарли. Маҳмуд фаолиятини фақат маҳаллий клубларда олиб борган. Унда халқаро аренадаги тажриба бор, лекин у етакчи эмас. Агар эътибор берсангиз, дарвозабон етакчи бўлган жамоалар эркинроқ тўп суради. Ўз даврида бизникилар ҳам Игнатий Нестровга ишонган холда вабанкка борганини бир неча бор кўрганмиз.
Футболчиларимиздан талаб қилинаётган йирик ҳисобдаги ғалаба учун Изван Маҳмуд «қўл келиши» аниқ. Боз устига, натижани таъминлаб бериши мумкин бўлган бошқа аспкетлар ҳам мавжуд.

Жанговарлик («Дух»)

Сурия, Фаластин, Ироқ сингари термалар натижа учун майдонда «жанг» қилиши мумкинлиги ҳозир ҳеч кимга сир эмас. Кучли иштиёқ ва тартибли футбол баъзида грандлар устидан ғалаба қозониш учун ҳам имкон яратади. Биз ҳали дарвозасини ишғол қилишни уддалай олмаганимиз Австралия Ироқлик футболчиларга енгилишга улгургани сўзимизга исбот бўлади.

Яхшиямки, Сингапур ундай «жангчи» термалар сирасига кирмайди. Бунга бир нечта сабаблар бўлиши мумкин. Мамлакатда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Боз устига, ички биринчилик ҳам аъло даражада деб бўлмайди. Мамлакат Осиёнинг ўзига тўқ бўлган давлатлари сирасига киради. Шу боис, аҳоли учун футбол шунчаки кўнгил ёзиш учун бир восита. Юқорида номи зикр қилинган термалардан фарқли ўлароқ, Сингапур охиригача кураш олиб бормайди.

Уларни синдириб олиш учун тезкор гол кифоя. Шу кунга қадар ушбу юрт футболчилари Осиё майдонларида ҳеч қандай каромат кўрсатмаган. Умид қиламизки, бизга қарши ўтадиган 90 дақиқада улар ўз одатларига содиқ қолади.

Терма жамоамизда ҳам ўзига хос «синдром» мавжуд эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Биз доимо «ютиб юрган»ларимиздан умуман қўрқмаймиз. Грандлар билан ўйинлардан фарқли ўлароқ, аутсайдерларга қарши «оқ бўрилар» анча хотиржам ва комбинацион футбол намойиш этади. Шу кунга қадар Сингапур ва Ўзбекистон 3 бор куч синашган бўлса, барчасида бизнинг қўлимиз баланд келган. Бу сафар фақат ғалабанинг ўзи камлик қилади. Йирикроқ ва ишончли натижа бизга ҳозир жуда ва жуда муҳим.

Кучсиз марказий ҳимоя

Сингапурнинг сўнгги 5 учрашувини кўриб чиққач, муаммо фақат дарвозабонда эмаслигини Вадим Абрамов англагани аниқ. Гап шундаки, терма жамоада марказий ҳимоячилар жуда кўп хатога йўл қўяди. Айниқса, грандларга қарши баҳсларда тактик хатолар ва биринчи паснинг йўқлиги дарров кўзга ташланади.

Асосан қарши ҳужумга таянган холда тўп сурувчи жамоаларда ҳимоянинг сўнгги нуқтасидаги йигитлардан 99 фоиз аниқ паслар талаб қилинади. Айнан шу камчилик сабабли Сингапур прессингга урғу берувчи жамоалар билан жуда ёмон ўйин ўтказади. Сўзимизга уларнинг Фаластин термасига қарши ўйини яққол мисол бўлиши мумкин.

Тезкор голдан сўнг, жамоа ўйини сочилиб кетди. Бош мураббийда «Б» режа мавжуд эмас. Сингапур шунчаки ҳимояланади ва рақиб хато қилишини кутади. Соддароқ қилиб айтганда, классик аутсайдер жамоа.

Араблар билан тўқнашувда, терма жамоа тўп учун курашда жуда паст кўрсатгич намойиш этди. Бундан ташқари, иккинчи қаватдаги курашлар ва жарима майдончаси ичида жой танлашда ҳам бўш ўйин кўрсатди. Ҳозирда «автобус» режимда тўп сурувчи жамоаларга қарши ҳаракат қилиш мушкул, лекин бугун бундай бўлмайди. Сабаби, Сингапур мудофаада зич футбол ўйнашга қодир эмас.
Йигитларимиз ўйин сурати ва босимни оширса, сўнгги чизиқдаги муаммолар дарров юзага чиқади. Ўйлашимча, ҳеч қандай муаммосиз бугунги баҳсда бир нечта гол киритишимиз мумкин.

Сингапурнинг даражаси

Тан олиш лозим, бугунги Сингапур таркибида Элдор Шомуродов, Одил Аҳмедов, Жалолиддин Машарипов калибридаги футболчилари бор Ўзбекистонга дош бериши имконсиз. Мухлисларга баланд-парвоз гапдек туюлиши мумкин, аммо бу факт. Бугунги рақибимиздан ҳар жабҳада бир бош баландмиз, аммо буни исботлаш қолди холос. Ҳамма гап шунда. Асосий рақибимиз!

Ҳозир ҳамма Саудия Арабистонини асосий рақибимиз деб атамоқда. Ўйлашимча ундай эмас. Бизнинг биринчи навбатдаги рақибимиз - ўзимиз! Қачонки, ўз кучимизга ўзимиз ишонмас эканмиз, бошқалар ҳеч қачон ишонмайди.

Катта йўл олдида турган терма жамоамиз ҳали ҳеч нарсани бой бергани йўқ. Имконият 100 фоиз сақланиб турибди. Шундай экан, ҳаракат қилиш, уриниб кўришнинг айни пайти. Бугун аввалги гина-кудратларни бир четга сурган холда, олдинга қадам ташлаш шарт. Бугунги баҳс олдидан терма жамоамизга омад ва зафарлар тилаб қоламиз.

Яҳёхўжа Улуғхўжаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жанг бошланди! Рақибимиз Сингапурни қайси нуқталари ожиз?