19:43 / 30.07.2021
5 068

Элдор Шомуродов Португалияга йўл олади


“Женоа” ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг “Рома”га трансфери бўйича вазият тобора ойдинлашиб бормоқда.
Хориж оммавий ахборот воситалари “Женоа” ва “Рома” ўзбек ҳужумчисининг трансфери бўйича барча деталларни ҳал қилиб бўлгани ҳақида бонг ураётган бўлса-да, ҳали бу трансфер расман эълон қилингани йўқ.

Италия футболини ёритувчи www.calciomercato.com  сайтининг ёзишича, Элдор Шомуродов душанба куни Рим шаҳрига келиши кутилмоқда. Шу куни ҳамюртимиз ўзининг янги клуби билан шартномага имзо чекади ва ушбу трансфер расман эълон қилинади.

Маълумотларга қараганда, Элдор Шомуродов расмий шартнома имзолаш маросимидан кейин Португалияга йўл олиши режалаштирилган. Жозе Моуриньо жамоани янги мавсумда ўз юртида тайёрлашни маъқул топди ва куни кеча “бўрилар” ўртоқлик учрашувида “Порту” билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади.

Агар фавқулодда ўзгариш рўй бермаса, Элдор Шомуродов “Рома” сафига Португалияда қўшилади ва мавсумга тайёргарликни ўша ерда давом эттиради.

Айни пайтда Италия футболи экспертлари ўзбек ҳужумчисининг келиши билан “Рома” ўйин услубида қандай ўзгаришлар рўй бериши мумкинлиги ҳақида таҳлил ва тахминларини илгари сурмоқда.

Италиянинг www.gazzetta.it сайти эксперти Кьяра Дзуккеллининг ёзишича, Шомуродовнинг қўшилиши “бўрилар” ҳужумини ўзгаришига олиб келади. Унинг таҳлилига биноан Элдор Шомуродов асосий таркибга кириш учуш босниялик Эдин Жеко, испанияликлар – Борха Майораль, Карлес  ва ўз вақтида Италия терма жамоасида порлаган Стефан Эль-Шаарави билан рақобатлашишига тўғри келади. Бундан ташқари, таркибда жаҳон ва Европа чемпиони Педро Родригес борлигини ҳам унутмаслик керак.

Мутахассиснинг фикрича, Жозе Моуриньо олдинги чизиқда Эдин Жеко ва Борха Майораль билан бирга Элдорнинг хизматидан ҳам фойдаланиши кутилмоқда. Бу кўп жиҳатдан португалиялик мураббийнинг қайси тактик схемани қўллашига боғлиқ.

Агар Моуриньо 4-4-2 схемасидан фойдаланса, кўпроқ ёши ўтиб қолган Жекога дам бериб, майдонда Шомуродов-Майораль тандемини ўйнатади.

Яна бир вариант бор. Агар “Рома” 4-2-3-1 схемасини қўлласа, Шомуродов арманистонлик Генрих Мхитарян ўрнига ҳужумкор футболчи вазифасини бажариши мумкин экан. Бу вазиятда Жозе Моуриньо жисмонан кучлироқ футболчиларга таяниши асос қилиб келтирилмоқда.

Мутахассисларнинг таъкидланишича, кўп нарса жамоа ҳужумчиларининг мавсумолди йиғинида ва ёзги трансферлар ойнаси ёпилгунча бўладиган даврда ўзини қай томондан кўрсата олишиги боғлиқ. Чунки Жозе Моуриньо ўзига маъқул келмай қоладиган футболчилар билан осонликча хайрлашишга тайёрлиги айтилмоқда.

Нима бўлган тақдирда ҳам Элдор Шомуродов янги жамоасида янги имкониятга эга бўлиши аниқ. Ҳар ҳолда янги мавсум ҳужумчимиз учун муҳим палла ҳисобланади. У дебют мавсумдаги муваффақиятлар тасодиф эмаслигини яна бир карра исботлаб қўйиши ва ҳар қандай кучли жамоада ҳам ўз ўрнини топа олишини кўрсатиши шарт.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Элдор Шомуродов Португалияга йўл олади