11:06 / 21.08.2021
2 926

Римда Шомуродов футболкаси талаш бўлмоқда!

Римда Шомуродов футболкаси талаш бўлмоқда!
Ўзбекистон футбол ишқибозларининг аксарияти айни пайтда Элдор Шомуродовни ўз сафига қўшиб олган “Рома”га ишқибозлик қилаётгани аниқ. Албатта, бундай вазиятда Рим клубига оид янгиликлар, хабарлар ва маълумотлар кўпчиликни беэътибор қолдирмайди.

Таъкидлаш жоизки, “Рома”нинг масумдаги биринчи расмий учрашув – УЕФА Конференциялар лигасида кучли рақиб – “Трабзонспор” майдонидан муҳим ғалаба билан қайтгани римлик мухлисларнинг жамоа футболчиларига ва шахсан бош мураббий Жозе Моуриньога бўлган ишончини ошириб юборди.

Италиянинг спортни ёритишга ихтисослашган www.gazzetta.it нашри журналисти Кьяра Дзуккелли Туркиядаги ўйиндан кейин “Рома” клубида юзага келган ижобий ўзгаришлар ҳақида маълумот берди.

Кьяра Дзуккеллининг ёзишича, “Рома” футболчилари халқаро мусобақадаги ғалабали дебютидан сўнг, ўз қароргоҳига қайтиб, Жозе Моуриньо қўл остида жанговар руҳда А Сериянинг биринчи тур учрашувига тайёргарликни бошлаб юборган. Португалиядаги йиғинда жароҳат олиб, сафдан чиққан етакчи футболчилардан Гонсало Вильярнинг яна машғулотларга қайтгани футболчиларнинг руҳиятини кўтарди.

Мақолада ёзилишича, Элдор Шомуродов Рим клубига кўчиб ўтганидан кейин ўртоқлик учрашувларида “Бетис” ва “Ража Касабланка”, расмий баҳсда “Трабзонспор” дарвозаларини ишғол қилганидан кейин “Рома” мухлисларининг энг севимли футболчисига айланиб улгурди.

Айни пайтда Римда энг кўп сотилаётган футболка айнан Элдор Шомуродов ва жамоа юлдузи Николо Дзаньолоники бўлмоқда. Маълумотларга қараганда, ўзбек ҳужумчисининг номи туширилган футболкаларга талаб кўплигидан уларни тайёрлаш ва етказиб бериш учун режалаштирилганидан бир неча кун кўпроқ вақт кетган.

Шунингдек, “Рома”нинг талабчан ишқибозларига Элдор Шомуродов жамоага мослашиш учун вақт кетказмасдан, келиши билан ўз голлари билан жамоага ёрдам бера бошлагани жуда маъқул келгани айтилмоқда.

Буни мухлисларнинг қуйида келтирилган ижтимоий тармоқлардаги муносабатидан ҳам билиб олиш мумкин.

Daniele Giuliani: Шомуродов ўзи қатнашган ўйинларда катта таассурот қолдирмоқда.

Marco Scolozzi: Менимча, 17 миллион еврога таклиф қилинган Элдор Шомуродов бизга 40 миллион еврога тушган ва кўп мақталаётган Тэмми Абрахамдан кўп фойда келтирмоқда.

Francesco Iannilli: Мен ҳар икки ҳужумчининг ўйинидан видеолавҳалар томоша қилдим. Менга Абрахамга қараганда Шомуродов кўпроқ ёқди. Англиялик футболчи “Челси”дан келгани учунгина қиммат. Агар Шомуродов ҳам “Челси” футболчиси бўлганида унинг трансферига камида 50-60 миллион евро тўлаган бўлардик.

Айни пайтда Жозе Моуриньо шогирдлари 22 августга белгиланган “Фиорентина”га қарши биринчи тур учрашувига тайёргарлик кўрмоқда. Ушбу учрашув учун 30 мингта чипта сотувга чиқарилди. Дастлабки кунларнинг ўзида 25 мингта чипта сотиб бўлинди.

Мухлислар Жозе Моуриньо бошчилигидаги “Рома” ўйинини ўз кўзи билан кўришга ошиқмоқда. “Рома” ва “Фиорентина” ўртасидаги учрашув Тошкент вақти билан 23:45 да бошланади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Спорт » Римда Шомуродов футболкаси талаш бўлмоқда!
[/banner_pushhouse