2 512
"У яна бир қиррасини очяпти" - чемпион мураббий ўзбек йигитининг "Сантьяго Бернабеу"даги "ҳунарлари" ҳақида
Дунёнинг топ-клуби – “Реал”нинг Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг 2-турида ўз уйида “Шериф” клубига 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйгани жаҳон футболининг эътиборида турибди.
Табиийки, “Қироллик клуби”нинг мағлубиятига сабаб бўлувчи голлардан бирига муаллифлик қилган ўзбекистонлик Жасур Яхшибоев ҳам мазкур ўйиндаги иштироки орқали катта футбол саҳнасига чиқди. Яхшибоевнинг “Реал”га урган голини дунёнинг турли бурчакларида такрор ва такрор кўришяпти. Бундай онлар ҳар бир футболчининг мақсади ва бундай ширин орзулар доим ҳам ушалавермайди.
Охирги пайтларда ҳамма Европада ўз сўзини айтаётган Элдор Шомуродов ҳақида гапираётган бир пайтда энди кўпчилик томонидан “Реал” дарвозасини ишғол қилган мана бу ўзбек ким бўлди экан, деган саволлар янграяпти. Ҳа, кўриб қўйинг, бизда Шомуродовдан ташқари яна бошқа катта иқтидор соҳиблари ҳам бор.
Эътибор бераётган бўлсангиз, матбуотда Яхшибоев борасида билдирилаётган фикрлар талайгина. Ўз вақтида Яхшибоев Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Осиё чемпиони бўлганини барчамиз яхши биламиз. Ўша пайтдаги термамиз устози Равшан Ҳайдаров Жасурни ёшлигидан яхши билади. Футболчининг Мадриддаги “ҳунарлари” устозини ҳам бефарқ қолдирмади. Шу сабабдан Ҳайдаров ўзининг фикр ва мулоҳазаларини билдирди.
“Жасур орзуларидан бирига эришди”
- Ҳар қандай футболчи учун бундай стадионда ва бундай топ-клубга қарши тўп суриш бахт. Ҳамма ўйинчининг орзуси мана шундай ўйинларда қатнашиш. Жасур ҳам орзуларидан бирига эришди. “Реал”га қарши “Сантьяго Бернабеу”да тўп суриш шарафига муяссар бўлди. Бунинг устига у ерда гол ҳам урди. Бу албатта унга ўз кучига ишонч янада ўсишида катта туртки беради. Бундай ўйини ва голи билан бошқаларни нигоҳини яна ўзбек футболига қаратишига жуда яхши сабаб бўлди деб ўйлайман. Табиийки, Жасур учун жуда хурсандман. У ўз олдига қўйган мақсадларига босқичма-босқич етишиб бораётгани қувонарли.
“Марказий ҳужумда ҳам ўзини кўрсатяпти”
- Унинг ўйинларини кузатиб келяпмиз. Беларусь чемпионтида ҳам, ҳозир ҳам. Афсуски, Польшада жароҳатлари туфайли ўйнай олмади. “Шериф” клубида Яхшибоевни марказий ҳужумга қўйишяпти. Улар ўз қарашлари билан ҳамюртимизни ушбу позицияга лойиқ кўришяпти. Мана, гол ҳам уряпти. Ўйлайманки, у яна бир қиррасини очиб боряпти. Бунга қадар менинг қўл остимда ҳам, ёшлигида ҳам қанот ҳужумчиси бўлиб ўйнаган. Мана, энди у марказий ҳужумчи сифатида ҳам ўйнаш қобилиятини кўрсатяпти.
“Танланган тактикага тўлиқ амал қилишди”
- Бевосита ўйинга келсак, биринчи навбатда айтиш мумкинки, “Шериф” жамоаси яхши ҳимояланди. Танланган тактикага тўлиқ амал қилишди. Қарши ҳужумларини кутишди ва ўз имкониятларидан фойдалана олдилар. Жасурни ўзида иккита имконият бўлди. Иккинчиси ҳам голга айланиши мумкин эди. Футболчилар ўйин учун танланган стратегияни тўғри бажаришди. Жамоанинг ҳаракати, омад, дарвозабоннинг маҳорати, ҳаммаси фақат ижобий натижа келтирди.
“Майдонга доим мана шундай кучли хоҳиш билан тушиш ўз мевасини беради”
- Мутахассис сифатида ҳар доим ўйиндан олдин яхши ният қилиб, уларга омад тилаган ҳолда футболчиларимизнинг ўйинларини кўришни бошлаймиз. Албатта, бу – футбол. Унда олдиндан бир нима деб бўлмайди. Футбол доим мана шундай орзу ва мақсадлар билан майдонга тушганларни тақдирлайди. Яхшибоев ҳам ҳар бир ўйинга гол уриш мақсадида тушади. Табиийки, ҳар бир учрашувда ҳам гол урилавермайди. Лекин сира мақсадидан қайтиш керак эмас. Ҳар доим ўйинга мана шундай кучли хоҳиш ва тайёргарлик билан тушиш ўз мевасини беради. Албатта, “Шериф” майдонга ютқазиш учун тушаётгани йўқ. Масалан, Чемпионлар лигасининг биринчи турида “Шахтёр”ни ҳам мағлубиятга учратди. “Шериф” клубининг ўйинга бўлган муносабати бор. Улар “Шахтёр” билан ҳам, “Реал” билан ҳам очиқ футбол ўйнаш нотўғрилигини яхши тушуниб, мураббий тўғри тактика танлаган. Буни эса майдондаги ўйинчилар тўлиқ тушунишяпти ва шу орқали Яхшибоев жамоаси ғалабаларга эришяпти.
“Кимни чақириш ёки чақирмасликни Катанец ҳал қилади”
- Терма жамоага кимни чақириш ёки чақирмасликни Катанец ҳал қилади. Ўтган вақт давомида Жасур анча ўйин амалиётига эга бўляпти. Катанец мураббийлар штаби билан барча легионерларимизнинг ўйинларини кўриб таҳлил қилиб боряпти. Бундай ўйинчиларга қизиқяпти. Мана, Азиз Ғаниев ҳам жароҳатидан кейин яна майдонга қайтди. Тажрибали ва иқтидорли ёшлар орқали жамоа шаклланиб боради.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
НАТО собиқ қўмондони: “Путин Украинанинг тахминан 20 фоизини қўлга киритади”
АҚШ Исроилга пули тўланган бульдозерларни бермади
Трампнинг ўғли Зеленский яқин орада «нафақадан» маҳрум бўлишини ёзди
Трамп Путинга қўнғироқ қилиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Учта вилоятда “валютчик”лар қўлга олинди