16:57 / 21.11.2021
13 178

Жасур Яхшибоев: Абрамов ва Арвеладзе билан муаммолар, Беларусда 5-6 баробар кам маош олгани ва «Реал» майдонида урган голи ҳақида

Жасур Яхшибоев: Абрамов ва Арвеладзе билан муаммолар, Беларусда 5-6 баробар кам маош олгани ва «Реал» майдонида урган голи ҳақида
Молдованинг «Шериф» жамоаси ҳужумчиси Жасурбек Яхшибоев «Спорт» телеканалига интервью берди. Унда футболчи Европадаги фаолияти, «Пахтакор»дан кетиш сабаби ва бошқа бир қатор мавзулар борасида гапириб ўтди.

«Реал»га қарши ўйин ҳақида
«Сантьяго Бернабеу»ни телевизорларда кўриб катта бўлганмиз. У стадионда ўйнашни ҳамма орзу қилади. Мен ўз орзумга етишдим десам ҳам бўлади, стадионда ўйнадим, «Реал»га гол урдим.

Вадим Абрамов билан бўлган муаммолар ҳақида
Абрамов билан орамизда ҳеч қандай муаммо бўлмаган. Балки мураббийнинг тактикасига, ўйин услубига мос тушмагандирман. Шунинг учун чақирувлар кам олдим, олсам ҳам жуда кам ўйин амалиётига эга бўлдим.

Клублар билан келишувда нима муҳимлиги ҳақида
Клублар билан келишувда ўйин амалиётини биринчи ўринга қўяман. Пул муҳим бўлмаган. Агар пул муҳим бўлганида араб жамоаларига ўтиб кетган бўлардим. Ҳозир ҳам менда молиявий томондан яхши таклифлар мавжуд. Уларга доим рад жавобини бераман. Чунки мақсадим Европа топ-жамоаларида тўп суриш.

Шота Арвеладзе билан келишмовчилик ҳақида
Шота Арвеладзе қўл остида «Пахтакор» сафида ўзимни кўрсатишга уриндим. Мураббий менга ишонч билдирди. ОЧЛга саралаш ўйинида майдонга тушдим. Ўша ўйиндан сўнг орамизда тушунмовчилик келиб чиқди. Тан оламан, майдонда ўзимни кўрсата олмагандим, захирага олинаётганимда Шота Арвеладзе қўл чўзган пайтида мен индамасдан ўтиб кетганман. Шундан сўнг машғулотлардан бир ойга четлатилдим, жарим тўладим. Кундан кунга муносабатларимиз ёмонлашгач, «Пахтакор»дан кетишга мажбур бўлдим.

«Энергетик-БГУ» сафига ўтгани ҳақида
Жанубий Кореядан маоши яхши таклифлар бор эди, лекин агентим билан маслаҳатлашиб, «Энергетик-БГУ»ни танлаганмиз. Маош қизиқмас эди, Беларусь бўлса ҳам Европа муҳити бўлгани учун ўша жамоани танладим. Лекин шароити яхши эмасди, бизнинг иккинчи лигамиз шароити у ердагидан яхшироқ қилинган. Кўпчилик бу ортга ташланган қадам деб ҳисобларди, лекин мен адашмадим. Бу олдинга ташланган қадам эди.

Маошлар орасидаги фарқ борасида
Очиқчасига айтмайман, лекин «Энергетик-БГУ»да «Пахтакор»дагидан 5-6 баравар кам маош олардим.

Юрий Вернидуб билан муносабат ҳақида
Беларусда ярим йил фаолият олиб бордим, мураббий ўйинларимни кузатиб борган. Кейин мени Солигорскнинг «Шахтёр»ига таклиф қилди. Вернидуб қўл остида яхши ўйинлар ўтказдим. Солигорскка борганимдан икки ой ўтиб, Вернидуб кетди. Орадан бир муддат ўтгач «Шериф» бош мураббийига айланди. У ерга мени ҳам таклиф қилди.

«Шериф»нинг Чемпионлар Лигасидаги мақсади ҳақида
Жамоа ўз тарихида илк бор нуфузли мусобақага чиқди. Бунинг ўзи бир натижа. Ундан кейин «Реал», «Шахтёр» устидан қозонилган ғалабалар икки баравар хурсандчилик бўлди. Ҳозирги мақсадимиз гуруҳдан чиқиш. Бунинг иложи бор. Камида Европа Лигаси йўлланмаси нақд қилинди, лекин биз плей-офф йўлланмаси учун ҳаракат қиламиз.

Келажакдаги режалари ҳақида
Мавсум сўнгига қадар «Шериф»да ижарада ўйнайман. Ҳар бир ўйинда ўзимни кўрсатишни истайман. Асосий мақсадим Европанинг яхши жамоаларида тўп суриш. Қишки трансфер ойнасида жамоани ўзгартириш ниятидаман. Ҳозирда бир нечта жамоалардан таклифлар бор. Португалия клублари ва бошқа мамлакат жамоаларидан қизиқиш бор. Агентларим бу борада шуғулланмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жасур Яхшибоев: Абрамов ва Арвеладзе билан муаммолар, Беларусда 5-6 баробар кам маош олгани ва «Реал» майдонида урган голи ҳақида