1 561
Ниҳоят, "Сурхон" ҳам "уйғонди". Хориждан янги бош мураббий ва тўрт нафар футболчи келмоқда!
Ҳозирда Суперлига ва про лига клублари янги мавсум учун аллақачон тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган. Фақат бир клуб – “Сурхон” бундан мустасно бўлиб турибди. Бу жамоадаги сукунат чўзилиб кетди-а?
Маълумки, клубга янги ҳомий эгалик қилиши муносабати билан эндиликда янгича қиёфага кириши кутилаётган “Сурхон” айнан қандай кўринишда бўлиши бизни ҳам қизиқтираётгани рост. Лекин январь ойининг ярмидан ҳам ўтдикки, бироқ ҳали-ҳануз бу жамоадан ҳеч қандай садо чиқмаётганди. Бу эса турли саволларни келтириб чиқарди. Қолаверса, ўтган йилги қарздорликлар мавжудлиги борасида ҳам маълумотлар бор. Бунинг устига ҳозирги кунга келиб жамоанинг аксар ўйинчилари бошқа клубларга ўтиб кетишди. Кўриниб турибдики, “Сурхон” янгитдан шакллантирилади. Ҳозирча ўтган йилги жамоа билан қарздорлик ва яна бошқа масалалар қандай ҳал этилиши бизга қоронғу. Лекин “Сурхон” ҳам энди йиғинга киришади.
Ниҳоят, клуб 19 январдан Тошкентда машғулотларни бошлайди. Ёдингизда бўлса, илгари “Сурхон”ни испаниялик мутахассислар бошқариши хусусида маълумот бергандик. Тобора ушбу хабар ўз тасдиғини топмоқда. Sports.uz сайтига етиб келган маълумотга кўра, жамоада ишлайдиган мураббийлар ҳамда янги таклифлар этилаётган легионерлар маълум бўлган.
Аввало шуни айтиш лозимки, “Сурхон”нинг янги спорт директори лавозимида испаниялик Хуан Мануэль Барросо иш бошлагани тўғрисида илгари хабар бериб ўтгандик. У фаолияти давомида “Эйбар” клуби спорт директори, шунингдек, “Райо Вальекано”да ҳам спорт директори ҳамда академия директори лавозимларида бир неча йил меҳнат қилган. Энди эса “Сурхон”да ўз ишини бошлади.
Юқорида таъкидлаганимиздек, клубни испаниялик мутахассислар бошқаришади. Бош мураббий ролини ким бажариши мухлисларни қизиқтираётганди. Маълум бўлишича, янги мавсумда “Сурхон” жамоасига 61 ёшли Хорди Фабрегат Валманья бош мураббийлик қилади.
Испаниялик мураббий футболчилик фаолиятида ҳимоячи сифатида ҳаракат қилган. У ҳақидаги маълумотларни излашга киришганимизда олдинги ишлаган клубларини топдик. Валманьянинг охирги иш жойи маҳаллий “Ордино” клуби ҳисобланади. Бундан ташқари, “Куэнка, “Арандина”, “Гихуэло”, “Ампоста” ва яна бир қатор номи бизга унчалик таниш бўлмаган жамоаларда фаолият олиб борган. Шундай қилиб, Хорди Фабрегат Валманья Ўзбекистонда мураббийлик ишини бошлайди. Дарвоқе, унинг ёрдамчилари ҳам Испаниядан. Масалан, жисмоний тайёргарлик бўйича Хорхе Эредия Руиз “Сурхон” клубида ишга киришади. Унинг бошқа ёрдамчилари ҳам шу кунларда ойдинлашиб қолади.
Энди жамоага келаётган янги легионерларга келсак, тўрт нафар испаниялик футболчилар “Сурхон” шарафини ҳимоя қилиш учун йўлга чиқишмоқда. Албатта, улар ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлдик.
Хавьер Хименес Камареро – 1987 йилнинг 8 июнь куни таваллуд топган. Амплуаси дарвозабон. “Алавес” клуби тарбияланувчиси. Футболчилик фаолияти давомида “Вальядолид”, “Мурсия”, “Леванте”, “Алкорькон”, “Эльче”, “Уэска”, “Саламанка” сингари жамоалар дарвозасини қўриқлаган.
Серхио Родригез Сидонья – 1989 йилнинг 5 октябрь куни таваллуд топган. Амплуаси чап қанот ҳимоячиси. У ҳам Испаниянинг қатор клубларида ўйнаган. “Леванте В”, “Гранада”, “Овьедо”, “Марбелья”, “Мелила”, “Экстрамадура”, “Лорха Депортиво” ва яна бошқа жамоаларда тўп сурган. Асосан Испания иккинчи дивизионида ўйнаган.
Айтор Монрой Руэда – 1987 йилнинг 18 октябрь санасида таваллуд топган. Амплуаси ярим ҳимоячи. Юқоридагилардан фарқли ўлароқ, бу футболчи Испаниядан ташқари ҳам бошқа чемпионатларда тўп сурган. У Мадриднинг “Атлетико В” жамоасида, шунингдек, “Логроньес” клубида ўйнаган. 2011 йилдан 2014 йилгача Руминия чемпионатда кўриниш берган бўлиб, у ерда “Чахлэул” ҳамда ”ЧФР Клуж” жамоаларида тўп сурди. Сўнг ҳозирда ҳамюртимиз Жасур Яхшибоев ўйнаётган Молдованинг “Шериф” таркибида ҳам маълум вақт ҳаракат қилган. Шундан сўнг, 2015-2017 йилги мавсумларда Исроилнинг “Маккаби” клубида фаолият кўрсатди. Кейинчалик яна Руминия чемпионатига қайтиб “Динамо” (Бухарест) ва “Дунэря” клубларида меҳнат қилди. Футболчининг охирги клуби эса Ҳиндистоннинг “Жамшедпур” жамоаси бўлди.
Луис Мигел Кесада Санчес – 1996 йилнинг 11 февраль куни таваллуд топган. Амплуаси – қанот ҳимоячиси.
У Испания ва Донимикан Республикаси фуқаролигига эга. 26 ёшли ўйинчининг юқоридаги легионерлардан фарқли томони шундаки, у “Реал” Мадрид футбол клуби тарбияланувчисидир. 2013 ва 2015 йиллар давомида Луис Санчес “Реал”нинг U-17, U-18 ҳамда U-19 жамоаларида тўп сурган. Сўнгра, “Реал Мадрид Кастилья”да ўйнади. Шунингдек, “Олот”, “Кордова” ва “Кадис” клублари шарафини ҳам ҳимоя қилган. Охирги клуби айнан “Кадис” саналади. Бу футболчи ўз вақтида “Реал”нинг асосий машғулотларида ҳам мунтазам иштирок этган. У пайтда Криштиану Роналду “Реал”да эди. Санчес эса фақат Испания биринчи дивизионида “Реал”га тегишли бўлган “Кастилья”да кўп вақтини ўтказган. Гарчи ҳимоячи бўлишига қарамай, универсал ўйинчи сифатида ҳам ном қозонган.
Бизгача етиб келган маълумотларга кўра, мазкур легионерлар “Сурхон” учун тўп суришади. Албатта, улар қандай қилиб бу чорловга рози бўлишди, деган ҳақли савол туғилиши табиий. “Реал” тарбияланувчиси ва яна бошқа легионерларни Ўзбекистон чемпионатида тўп суришга клуб спорт директори Мануэл Барросо кўндирган.
Янги раҳбарият мураббийлар штаби ва легионерларни аниқлаштириб олди. Аммо таркибни яна қайси ўйинчилар билан тўлдиришади? Аниқроғи, деярли асосий таркиб аъзолари кетишган ва ўрнига бошқа маҳаллий футболчилар зарур бўлади. Клуб раҳбарияти бу борада ҳам ишларни олиб боряпти. “Турон” билан хайрлашган ҳимоячи Даврон Умиров ва “Андижон”да тўп сурган ярим ҳимоячи Бахтиёр Қосимов катта эҳтимол билан янги мавсумни “Сурхон”да бошлайдилар. Шунингдек, “Бунёдкор”дан кетган Санжар Рашидовга термизликларнинг қизиқиши бор. Бир сўз билан айтганда, легионерлар билан бирга маҳаллий ўйинчилар ҳам янги бошланажак йиғинда қатнашадилар.
“Сурхон”даги ўзгаришлар қандай наф келтиришини олий ҳакам – вақт кўрсатади. Янги келаётган мураббий нималарга қодир? Легионерларчи? Умуман айтганда, янгича қиёфа касб этаётган жамоани энди янада диққат билан кузатишда давом этамиз. Қилинаётган бундай ўзгаришлар чемпионатдаги интриганинг ортишига хизмат қилса бу бошқа гап...
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди