1 январь куни 36 ёшга тўлган ҳужумчи Марат Бикмаев “Локомотив”даги фаолиятини тугатди ва энди ўз омадини “Сўғдиёна”да синаб кўришга қарор қилди. Куни кеча Sports.uz мухбири тажрибали ҳужумчи билан қатор масалалар бўйича суҳбатлашди.
- Марат, “Локомотив” клубини тарк этишингиз сабаби нимада? Клуб шуни хоҳладими ёки бу ташаббус сиздан чиқдими?
- “Локомотив” тўғрисида гапирадиган бўлсам, бу бугунги гап эмас. Бир-икки йил илгари раҳбарият ёшларга эътибор қаратиши ҳақида ўз қарашларини маълум қилишганди. Ўшанда мен ҳам улар билан гаплашгандим. U-18 ва ўринбосарлар жамоаларидан асосий таркибга иқтидорли ёшларни чиқариш ҳақида гап борганди. Шунинг учун мен ҳам буни билиб турардим ва қачонлардир ёшларни асосий жамоага кўчириш ишлари юз беришини билардим. Бу йил унчалик ўйнамаслигимни сезардим. Чунки ўтган мавсумда ҳам Секейра қўли остида кўп ўйнамадим. Менга ўйин амалиёти керак, деб клубдан кетишга қарор қилдим.
- “Локомотив”да ўзгаришлар кузатиляпти. Маҳаллий мураббий Секейранинг ўрнига тайинланди. Етакчилар кетди. Сизнингча, “Локо” мавқеини йўқотяптими?
- Битта нарса айтишим мумкин, ёш футболчилар йиллар давомида тажриба тўплаб, ўз жойини ушлаб туришса, балки уларни келажаги бор. Фақат уларга кўпроқ имконият бериляпти. Биламанки, U-18 ва ўринбосарлар таркибида яхши ёшлар бор. Вақт кўрсатади, мураббийнинг улар билан қанақа ишлашига ҳам боғлиқ.
- Янги мавсумни Жиззах клубида ўтказадиган бўлдингиз. Хўш, нима учун “Сўғдиёна”?!
- Менда бошқа таклифлар ҳам бор эди. Мисол учун “Металлург” жамоасидан таклиф бор эди. Кейин “Андижон”дан ҳам чорлов бўлди. У ерда дўстим ишлайди ва мени чақирганди. Бироқ мен бир қарорга келдим. Нимага “Сўғдиёна”?! Ҳалигача Улуғбек Бақоев билан яхши муносабатдаман. Илгари бирга тўп сурганмиз. Бир-биримизни жуда яхши биламиз. Ўтган йили ҳам менга қўнғироқ қилиб жамоасига таклиф қилган. Лекин у ерга бормаганимга сабаб бўларди. “Локомотив” билан шартномам амалда турарди. Мавсум тугаганидан сўнг, яна Бақоев билан гаплашдим ва барчасини ҳал қилдик. Ҳаммаси тез ҳал бўлди, унга ўғил болача ваъда бердим. “Сўғдиёна” жамоасига ўтганимдан хурсандман. У ердаги кўпчилик ўйинчиларни яхши танийман. Жамоа ҳақиқатан жуда аҳил. Бундай муҳитда тўп суриш ўзимга ҳам ёқади.
- Бикмаев 36 ёшга кирди, унинг даври ўтди, деган гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Балки “Сўғдиёна”да иккинчи ёшлигингизни кўрармиз...
- Худо хоҳласа, ўзимга ишонаман. Футбол ўйнамаган ва уни яхши билмаган одамлар шундай гапиришлари мумкин. Лекин футбол ўйнаганлар умуман бошқача фикрдалар. “Локомотив”да менда амалиёт бўлмади. Айниқса, ўтган йили жуда кам ўйнадим. Ўйин амалиётинг кўп бўлмаса гол ҳам урмайсан! Яхши тайёргарлик кўриб, менга ишонч билдирилса албатта ўша Марат Бикмаев қайтади, деган умиддаман (кулади). Шу сабабли астойдил ҳаракат қиламан.
- Ҳужумчи сифатида яна бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Чемпионатимизда охирги уч йилдан бери энг яхши тўпурар сербиялик ҳужумчи Драган Черанга насиб қиляпти. Негадир ўзбекистонлик футболчилар бу ишни эплай олмаяптилар...
- Бизда ҳам яхши ҳужумчилар бор. Темурхўжа Абдуҳолиқов, Хусайн Норчаев, Шохруз Норхонов. Фақат уларни терма жамоага чақиришмайди-да. Ҳужумчилардан тўғри фойдалана олишмайди. Ҳужумчига кўп вазиятларни яратиб беришса, албатта гол уради. Бир ўзи ҳеч нима қила олмайди. 4 та ҳимоячини алдаб гол уролмайди. Шунинг учун бизда пас билан таъминлайдиган зўр-зўр вингерлар, қанот ўйинчилари бўлиши керак.
- Улуғбек Бақоев ажойиб ҳужумчи бўлган ва у сиздан максимал даражада фойдаланиши мумкин. Янги клубда ўзингизни асосий ролда кўряпсизми?
- Ҳали нимадир дейишга эрта. Эътибор берган бўлсангиз, охирги йили “Локомотив”да ҳужумчи бўлиб эмас, вингер сифатида ўйнадим. Балки “Сўғдиёна”да ҳам шунақа бўлар, вақт кўрсатади. Мавсум бошланишигача вақт бор. Ҳаракат қилсам ўйнайман, ҳаракат қилмасам ўйнамайман. Қанча кучим етса, жамоамга шунча ёрдам бераман. Менга фарқи йўқ, ҳар қандай позицияда ўйнайвераман.
- Футболда Марат Бикмаев ўз сўзини айтишга улгурганми?
- Қандай айтсам бўлади? Мен катта гапирмайман. Ўзимга жуда ишонаман ва хоҳлайманки, “Сўғдиёна”да бор кучимни сарфлаб яхши ўйин кўрсатишга, ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Агар шундай бўлса ҳаммаси зўр бўлади. Биринчи вазифам жамоамга ёрдам бериш. Бошқа вазифам йўқ. Ўзимни ўйламаяпман. Асосийси, “Сўғдиёна”га фойда келтирсам бўлди.
- 36 ёшли Бикмаев яна қанча вақт футбол ўйнамоқчи? Футболдан кейин ўзингизни қандай тасаввур қиляпсиз?
- Бу тўғрисида ўйлаганим йўқ. Кучим етгунча ўйнайман. Жароҳатлар безовта қилмаса тўп суришда давом этаман. Чунки ўйнашга қодирман. Чемпионатнинг ютуқ ва камчилик томонларини биламан. Лекин йиллар давомида йиғилиб қолган оғриқлар вақти-вақти билан безовта қилиб қолиши мумкин. Шунга қарамай, чемпионатгача яхши тикланишга ва тайёр бўлишига интиламан. Айнан соғлигимга катта эътибор беряпман. Катта жароҳатлардан Худо сақласин. Кейинчалик ўзимни мураббий ролида кўряпман. Ҳозирга қадар “С” ва “В” лицензияларини ўқиб тугатдим. Ўтган йили ўйнамаётган пайтимда мураббийлик учун курсларда ўқиб олганман.
- Мураббийлик учун дастлабки қадамларни ташлаганингиз яхши. Фаолиятингизда кўплаб мутахассислар билан ишлагансиз. Улардан қайсилари сизда чуқур таассурот қолдирган?
- Ҳаммаси ҳар хил. Барча мураббийни ўйинга бўлган ёндашуви бор. Кимдир эътиборни жисмоний тайёргарликка, яна кимдир тактикага, бошқаси яна қандайдир услубларга эътибор беради. Кейинчалик мураббий бўлсам мен кўпроқ футболчилар билан гаплашишга, уларнинг дунёқарашини ўрганишга ҳаракат қиламан. Чунки ҳар бир ўйинчини руҳий ҳолати бўлади. Бундай пайтда кимгадир қаттиқроқ, кимгадир юмшоқроқ гапириш керак. Мураббий қўл остидагилар билан дўст бўлиши керак. Масалан, Секейра бош мураббий бўлганидан кейин бўлди, мен мураббийман, ҳеч ким билан гаплашмайман, сизлардан юқоридаман, сизлар пастдасизлар, деган гапларни айтган ва бундай сўзлар менга ёқмайди. Мураббий ҳамма билан дўст бўлиши лозим.
- “Сўғдиёна” ўтган йили кумуш медални қўлга киритди. Янги мавсумда клубингиз “Пахтакор”дан чемпионликни тортиб олишга қодирми?
- Бизда ҳар йили чемпионатни тушуниб бўлмайди. Ўтган йили “Пахтакор” чемпион бўлди ва улар бунга муносиб эди. Янги мавсумда “Навбаҳор”, АГМК каби клублар кучайди. “Нефтчи” билан “Динамо” Суперлигага чиқди. Кўп клубларни нимага қодирлигини билиб бўлмайди. Биламанки, чемпионат жуда қизиқ ўтади. Биз албатта ўзимизга ишонамиз. Энг яхшиси бўлишга ҳаракат қиламиз.
- Фаолиятингиз мобайнида қайси клубда ўзингизни бахтли ҳис қилгансиз?
- Менимча, зўр даврим “Алания”да бўлган. Бу клубдан олдин “Спартак-Нальчик”да юрардим. Ўшанда “Алания” премьер-лигада ўйнарди ва мени чақиришган. Иккинчи давра бошланаётганда бордим. Аммо биз биринчи дивизионга тушиб кетдик. Шундан сўнг жамоага катта инвестициялар кирган. Мақсадлар ҳам зўр бўлган. Йиғинларни Туркия, Исроил, Испания каби мамлакатларда ўтказганмиз. Менга ишонишган ва ҳар доим асосий таркибда тўп сурардим. Газзаевнинг ўғли жамоани бошқарган. “Алания”нинг тўпурари бўлганман. Адашмасам, 12 ёки 14 та гол урганман. Ҳар 3 кунда ўйнардик, спорт формам шунчаки ажойиб эди. Биринчи дивизионда ўйнаганимизга қарамай, ўшанда Россия Кубоги финалига ҳам чиққанмиз. Кейин Европа Чемпионлар лигаси саралашида “Бешиктош”, “Актобе” сингари клублар билан ўйнаганмиз. “Бешиктош”ни 2:0 ҳисобида ютганмиз. Бироқ сафарда 0:3 га ютқазганмиз. Агар икки ўйин натижасига кўра биз ғолиб чиққанимизда гуруҳ босқичига йўл олардик.
- Ҳалигача қайси қарорингиздан афсусланасиз?
- Афсусланмайман. Фаолиятим яхши ўтган. Фақат “Рубин”га ўтган пайтимда у ерда янада зўр ўйнаб кетсам бўларди. Клуб чемпионлар лигасида ўйнарди, мақсадлар ҳам жиддий эди. Мен ёш футболчи эдим. Асосий таркибда ҳам майдонга тушардим. Фақат кўпроқ ишлашим керак эди. Балки кейинчалик “Спартак”, ЦСКА ёки Европанинг бошқа клубларига кетармидим?! Фақат жиддий ўйламаганман. “Рубин”даман, ҳаммаси яхши кетяпти, деб юрардим. Аксинча, янада кўпроқ ишлашим, ўзимга жиддий мақсадлар қўйишим керак эди. “Рубин”дан кетганимдан кейин ҳаммасини тушуниб етдим. Афсуски, ҳеч нимага интилмасдан юрардим. “Рубин”дан зўр клубга кетсам бўларди. Аммо нолимайман. “Рубин”дан кейин “Спартак-Нальчик”ка ўтдим ва ўзимни кўрсатдим.
- Ҳозирги ёшларга қандай маслаҳат берасиз?
- Насиҳатми? Ҳозир кўпчилик ёш футболчилар ҳеч нимани ўйлашмайди. Мен ҳам вақтида шунақа бўлганман. Ёшлигимда ҳеч нима ўйламасдим. Футбол биринчи ўринда бўлмасди. Тўғри, яхши кўрардим, лекин қанақадир эътибор бермасдим. Барибир ҳар бир ўйинчи ўзига мақсад қўйиши керак ва ўша мақсад билан яшаш лозим. Агар мақсад қўймаса у футболчи бўлмайди.
- Агар 36 ёшингизда Ўзбекистон чемпиони бўлсангиз?!..
- Ҳаммаси Худодан. Насиб қилса, барчасига эришамиз. Мақсад қўйсак ҳаммасига эришамиз. Шу нарса юз беришига астойдил ҳаракат қиламан.
Шуҳратбек Жўраев
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди