20:57 / 02.10.2024
32

Paypal, Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда ҳам ишлаши йўлга қўйилади

Paypal, Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда ҳам ишлаши йўлга қўйилади
Фото: “payabl.com”
Вазирлар Маҳкамасининг “Туризмнинг янги турларини жорий қилиш ҳамда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятидан самарали фойдаланишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил якунига қадар Марказий банк, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Туризм қўмитаси билан биргаликда халқаро онлайн тўлов компаниялари – Paypal, Alipay, UniPay, Apple Pay, Google Pay кабилар билан музокара ўтказиб, уларни Ўзбекистондаги тўлов тизимлари ва банк хизматларига улашни йўлга қўяди.

Зарур ҳолларда, миллий қонунчилик талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритилади.

Ўзбекистон — PayPal’га уланмаган Марказий Осиёдаги ягона давлат ҳисобланади. Компания дунёдаги энг йирик онлайн тўловларни амалга оширувчи тўлов ташкилотидир.

Буюк Британия, Италия, Франция ва Германия каби давлатларда 90 фоиздан ошиқ онлайн тўловлар айнан PayPal орқали амалга оширилади.

PayPal’га муҳтож ўзбекистонликлар айланма йўллардан фойдаланади — бошқа мамлакатлар, масалан, Қозоғистон орқали рўйхатдан ўтади. Бироқ бу ноқулайлик туғдиради ва тизимнинг чекланган имкониятларидан фойдаланишга тўғри келади.

PayPal’нинг ўзи Ўзбекистонда нега ишламаётгани ҳақида ҳеч қандай расмий изоҳ бермаган, аммо ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов бу мамлакатнинг яқин ўтмиши билан боғлиқлигини тахмин қилганди:

"Ҳақиқатан ҳам PayPal тизимида Ўзбекистон йўқ. Бунга менимча, Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида конвертация тизимининг ишламагани ва шу каби бошқа сунъий тўсиқлар сабаб бўлган деб ўйлайман", — дейди Шерматов.

Унинг сўзларига кўра, вазирликнинг Марказий банк ва Молия вазирлиги билан биргаликдаги вазифаси Ўзбекистонни PayPal’га киритишдир.

Бироқ Ўзбекистонда компания фаолияти ҳанузгача йўлга қўйилгани йўқ. Шерзод Шерматов 2022 йил 5 октябрь куни, Халқаро пресс клубда яна бир бор PayPal бўйича изоҳ бериб ўтган эди.

Америка—Ўзбекистон савдо палатаси ва элчихона орқали ҳам гаплашдик. PayPal’нинг ўз бизнеси дунёда ёмон аҳволда экан. Компания раҳбариятининг позицияси ҳозир кўпроқ Америкадаги ва барча PayPal бор бозорлардаги бизнесини ривожлантириш бўлиб, экспансия планлари йўқ экан. Мана бизга айтилган уларнинг расмий жавоби. Биздан ҳеч қанақа расмий қўшимча маълумот сўралгани йўқ, деганди АКТ вазири.

Аввалроқ PayPal’нинг Ўзбекистонда ишламаслиги бўйича Марказий банк вакиллари томонидан ҳам изоҳ берилган эди.

Уларнинг сўзларига кўра, чекловни PayPal Ўзбекистонда бирор давлат органи ёки бошқа ташкилот билан келишмаган, муҳокама қилмаган ҳолда мустақил равишда ўрнатган.

Марказий банк мамлакатда WebМоney ва Qiwi каби тизимлар ишлаётганига эътибор қаратган — уларга Ўзбекистонда чиқарилган Visa, Mastercard, UnionPay ёки “MIR” карталарини боғлаб қўйиш мумкин.

"Ўзбекистон томонидан ҳеч қандай тўсиқлар йўқ, Марказий банк эса ўзи қўймаган чекловларни олиб ташлай олмайди. Қачонки PayPal Ўзбекистонда тегишли бўлинма очиб, миллий валюта – сўмда тўловлар ва амалиётларни амалга оширмоқчи бўлса, у ҳолда амалдаги қонунчиликка кўра, PayPal Марказий банкдан тегишли лицензия олиши ва ўрнатилган тартибда назорат ва кузатув остида бўлиши талаб қилинади", дейилади Марказий банк хабарида.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Paypal, Apple Pay ва Google Pay Ўзбекистонда ҳам ишлаши йўлга қўйилади