Охирги йилларда сунъий интеллект инсон ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб бормоқда. Аммо мутахассислар энди унинг фақат имкониятларинигина эмас, балки табиатга бўлган таъсирини ҳам жиддий ўрганишмоқда. “Euronews” ёзишича, катта технология компаниялари ўзлари ишлаб чиққан СИ моделлари қанча энергия ва сув сарфлаётгани ҳақида ҳисоботлар тайёрламоқда.
Маълумотларга кўра, Google’нинг Gemini чат-боти экологияга нисбатан самаралироқ ҳисобланади. Ҳисоботларда қайд этилишича, Gemini орқали битта сўров юбориш учун сарфланадиган энергия оддий телевизорни 9 сония томоша қилишга тенг — 0,24 ватт-соат. Бу жараёнда чиқариладиган карбонат ангидрид миқдори 0,03 граммдан ошмайди. Сув истеъмоли эса тахминан 0,26 миллилитр, яъни беш томчи сувга тенг.
СИ моделлари, жумладан Gemini ва ChatGPT каби тизимлар маълумотлар марказларида ишлайди. Минглаб серверлар кучли иссиқлик ҳосил қилади ва уларнинг барқарор ишлаши учун совутгич сифатида катта миқдорда сув сарфланади. Сув ҳароратни пасайтиради ва ускуналарнинг узлуксиз ишини таъминлайди.
Google’нинг маълумотларига кўра, уларнинг моделлари чиқарадиган CO2 эмиссияси анча паст кўрсаткичга эга. Масалан, OpenAI’нинг ChatGPT модели билан таққосланганда катта фарқ кузатилади. Чунки ChatGPT битта сўров учун тахминан 2,9 ватт энергия сарфлайди ва 4,3 грамм углерод гази чиқаради.
Бундан ташқари, Халқаро энергетика агентлиги огоҳлантиришича, кейинги беш йил ичида энергияга бўлган талаб икки бараваргача кўпайиб, йилига қарийб 945 тераватт соатни ташкил этади. Бу эса технологиялар ортидан табиатга тушаётган босим янада кучайишини англатади.
Google’нинг сўнгги ҳисоботларида қайд этилишича, 2019 йилдан буён компаниянинг СО2 эмиссияси 51 фоизга кўтарилган. Асосий сабаб — сунъий интеллектни ишга тушириш учун зарур ускуналар ишлаб чиқариш ва уларни йиғиш жараёнлари. Шунга қарамай, компания моделлар самарадорлигини ошириш йўлида иш олиб боряпти. 2024 йил августидан буён уларнинг энергия сарфи 33 баробарга, углерод изи эса 44 баробарга камайгани таъкидланди.
Бироқ муаммолар ҳам йўқ эмас. Масалан, Google Gemini бир кунда қанча сўров қайтараётгани ҳақида аниқ маълумот ошкор этмайди. Шу боис умумий сарфланаётган энергия ва ресурсларни ҳисоблаш жуда қийин. Мутахассислар бу ҳолат экологияга таъсир ҳақиқий кўламда намоён бўлмаслигига олиб келиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
Сўзсиз, сунъий интеллект инсон ҳаётини енгиллаштириш ва имкониятлар яратишда муҳим аҳамиятга эга. Бироқ унинг табиатга бўлган таъсири ҳам назардан четда қолмаслиги лозим. Экологлар ва мутахассислар эса бу жараёнда очиқлик ва аниқ ҳисоботлар муҳим аҳамият касб этишини қайд этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!