Электрон почта ҳали ҳам оммабоп: фойдаланувчиларнинг учдан бир қисми илк манзилидан воз кечмаган

Yandex 360 таҳлилчилари томонидан ўтказилган тадқиқот электрон почта хизматлари рақамли дунёда энг узоқ умр кўрадиган воситалардан бири эканлигини кўрсатди. Маълумотларга кўра, фойдаланувчиларнинг 36 фоизи ҳамон ўзларининг илк электрон почта манзилидан фойдаланиб келмоқда. Уларнинг 41 фоизида ушбу манзил 15 йилдан ортиқ вақт олдин, 27 фоизида эса 10-15 йил муқаддам очилган. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Бугунги кунда электрон почта кўпроқ техник мақсадларда хизмат қилмоқда. Респондентларнинг 37 фоизи уни турли сервислар ва платформаларда рўйхатдан ўтиш учун, 29 фоизи чек, чипта ва муҳим ҳужжатларни қабул қилиш учун, яна 29 фоизи эса паролларни тиклаш учун ишлатади. Шахсий ёки иш юзасидан мулоқот учун почтадан фойдаланувчилар улуши атиги 23 фоизни ташкил этади.
Кўплаб фойдаланувчилар электрон почтани маълумотлар архиви сифатида қадрлашади: 35 фоиз респондентлар асосий маълумотларини айнан почта қутисида сақлайди. Шунингдек, фойдаланувчиларнинг аксарияти битта манзил билан чекланиб қолмай, иккита ва ундан ортиқ аккаунтга эга. Энг оммабоп сервислар қаторида Yandex Почта (37%), Gmail (32%) ва Маил (24%) етакчилик қилмоқда.
Фойдаланувчилар почта сервисларини танлашда биринчи навбатда хавфсизликка эътибор қаратишади. Хусусан, спамдан ҳимояланиш (32%) ва аккаунт хавфсизлиги (29%) энг муҳим мезонлар сифатида қайд этилган. Шунингдек, 63 фоиз фойдаланувчилар учун хатларни автоматик фильтрлаш функцияси жуда муҳим аҳамиятга эга эканлиги аниқланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!